«Ўша вақтда янги «Lacetti» сотиб олгандим. Уни жуда авайлаб бошқараман. Эрталаб ишга кетаётсам, катта йўл четида қўл силкиётган икки болага кўзим тушди. Тўхтатмоқчи бўлдим-у, машинамнинг кир бўлишини истамай, йўлимда давом этдим. Шунда орқа ойнага қарс этиб тош келиб тегди», деб ҳикоясини бошлади ҳамкасбим...
«Машинадан тушдим. Ойнанинг дарз кетганини кўриб, тепа сочим тикка бўлди. Тош отган болага бақирдим: «Нима қилганинг бу, аҳмоқ?! Бу машина қанча туришини биласанми?! Отангникими бу сенга?!»
Қарасам, бола йиғлаяпти, ҳўнграб туриб, деди: «Амакижон, мени кечиринг. Бундай қилмоқчи эмасдим. Акам ногиронлар аравачасидан йиқилиб тушди. Уни жойига ўтқазишга кучим етмади. Бир неча соатдан бери шу ерда турибмиз. Аммо бирорта машина тўхтамади. Охири, шундай қилишга мажбур бўлдим. Мени кечиринг!»
Шундагина мен ёш бола, деб ўйлаган, шеригига кўзим тушди. У зах ерга ўтириб олган, ёнида ногиронлик аравачаси турарди. Илк бор ўзимдан уялдим. Йиғлаётган болага яқинлашиб, бошини силадим. Ундан анча катта, аммо ногиронлиги сабаб ёш болалигича қолган болани ҳам ўзимча юпатган бўлдим. Уларни манзилига элтиб қўйдим, хурсанд бўлиб, қайта-қайта раҳмат айтишди. Мана, орадан беш йил ўтибди ҳамки, қурбим етса ҳам бошқа машина олмаяпман. Ҳар сафар машинамни таъмирлашга берганимда тош қолдирган изни атай таъмирлатмайман. У менга одамийликни эслатиб туради...
Ҳамкасбимнинг гапларини эшитиб, хаёлга чўмдим. Негадир кейинги пайтларда иш деймиз, вақт йўқ деймиз, йиқилганни турғазиб қўйиш, ўксиганни юпатиш малол келади. Наҳотки, атрофдагиларга шунчалик бефарқ бўлиб боряпмиз? Бобо-бувиларимиз «фалончи бемор экан», деб эшитса, ўн чақиримлаб пиёда юриб хабар олиб келишган. Наҳотки, биз уларга муносиб авлод бўлолмаяпмиз? Наҳотки, бир чимдим меҳрни бир-биримиздан аясак? Топиб олганимиз — турмуш ташвишлари... аммо бу баҳона бўлолмайди-ку?! Ижтимоий тармоқларга соатлаб вақтимизни сарфласак ҳам ачинмаймиз, аммо ҳар нарсадан ширин бўлган дийдорни, яхшиликларни ортга сураверамиз. Ҳамкасбим машинасига отилган тош туфайли буни беш йил аввал англаб етибди. Биз-чи, биз қачон англаб етамиз?! Ёки машинамизга мадад сўраб отилажак тошни кутиш керакми?!
Ноиба ФАТТОҲОВА,
Ўқитувчи
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔145
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔103
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил