Эрталаб ишга отландим. Катта чорраҳага етганда тумонат одам тўпланиб турганидан автоҳалокат юз берганини пайқадим. Яқинроқ бориб қарасам, пачоқланган машина, синган ойналар ҳамда эзилиб-сочилиб ётган ҳўл меваларга кўзим тушди...
Хизмат тақозоси билан турмуш ўртоғим турли вилоятларга ишга юборилади. Бундай пайтларда, табиийки, биз ҳам бирга бориб, икки-уч йил ўша ҳудудда яшашимизга тўғри келади. Бундан ўн икки йил олдин Хоразмга кўчиб борганимизда бу элдаги тансиқ бир жиҳат шу онда хаёлимдан ўтди.
Ҳозир айни пишиқчилик пайти. Айниқса, мевалар ғарқ пишган. Жазирама кунларда музлатгичдан муздеккина мева олиб есак, баъзида овқатланишга ҳам ҳожат қолмайди. Шунинг учун кунда-кунора бозордан мева ташиймиз. Уни оиламиз, фарзандларимиз билан бирга баҳам кўрамиз.
…Пачоқланган машинанинг атрофи ҳар хил мевалар билан тўла эди. Балки бу инсон уйида — қадрдонлари даврасида бирон яхши кунни нишонлаш учун саҳарлаб бозор қилиб қайтаётгандир?.. Эҳтимол, фарзандларини сийлагиси, хурсанд қилгиси келгандир?.. Эрталабки харид баракали бўлади, деб ўйлаганмикин?..
…Хоразмнинг одамлари анча мард, танти экан. Муомаласи ҳар қандай сохталикдан холи, самимий. Биринчи бор қизчам билан Урганч бозоридан мева харид қилганимда сотувчининг «емак насиб этсин!» деган гапидан ҳеч нарса тушунмаганман. Кейинчалик сотувчиларнинг бундай гапларига эътибор ҳам бермай қўйдим. Бир куни ўша ердаги кўпни кўрган, кайвони қўшнимиз Бийкажон опадан бу ҳақда сўраганимда, у менга бу гапнинг мағзини чақиб берди.
— Элда шундай дуо бор. Қўлимизга олган нарсамиз ҳали бизники эмас, томоғимиздан ўтгани бизники. Шунинг учун пулини тўлаб, сотиб олган нарсамиз ҳали бизники дея олмаймиз. У насиб қиладими, буюрадими — буни билмаймиз. Кўпни кўрган сотувчилар яхши ният билан сотиб олинган нарса яхшиликларга буюриши, насиб қилишини сўраб, тилак билдиришади.
Шундан кейин бозорга борсам, сотувчиларнинг бундай тилакларига ишқибоз бўлиб қолдим. Танимаган-билмаган кишига кўрсатилган бундай илтифот одамга хуш ёқади, албатта.
(Кейинчалик сотувчиларнинг бундай тилакларини бошқа жойларда ҳам эшитдим.)
...Йўл ёқасида пачоқланган иккита машина турарди. Ерда сочилган-эзилган мевалар... Бу мевалар яхши ният билан харид қилингани аниқ. Балки ана шу ниятнинг амалга ошиш-ошмаслигига сотувчининг ҳам дахли бормикан?..
...Яна ким билсин...
Раҳима ШАҲОБИДДИНОВА,
Сирдарё вилояти
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔188
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔348
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔644
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил