Инсон ўзинг      Бош саҳифа

СЎНГГИ ҚУВОНЧ

Ўзининг бежо овози билан юракларга ваҳима солган тез ёрдам машинаси кичкинагина ёғоч эшик ёнига келиб тўхтади. Латофат опанинг касали яна хуруж қилди.

СЎНГГИ ҚУВОНЧ

— Шу кунларда тез-тез безовта қиляпмиз, узр. Эртадан қўшни ҳамширага айтаман, безовта бўлсам, бир игна санчиб қўяр, — дея ингради оғриқдан ранги қув ўчиб кетган Латофат опа.

— Ҳечқиси йўқ, бу бизнинг вазифамиз, ахир, — деди шифокор бошқа гап тополмай.

Тез ёрдам машинаси худди Латофат опани безовта қилишдан қўрққандек, негадир кетаётганда ҳеч қандай товуш чиқармади.

— Дўхтирлар кетдими, дадаси? — беҳолгина ингради Латофат опа.

— Ҳа, онаси, бирор нима ичасанми-а?

— Ўғлингиз келмадими ҳали?

— Қайдам, негадир ҳаяллаяпти-ку.

— Вой, болажоним-эй, ўқишга кириб кетган бўлсин-да, илойим. Эрталабдан бери худодан шуни сўраб ётибман.

— Онажониси-эй, қизиқсан-да, — диван ёнига келиб чўккалаган Зафар ака сўзида давом этди. — Ўзингнинг дардингга даво сўрасанг-чи! Зариф бу йил бўлмаса, кейинги йил киради. Болаларингнинг бахтига соғ бўлсанг, бас.

— Эй, ўладиган аҳмоқ йўқ. Зарифнинг дипломини ректоридан ўзим олмоқчиман-ку! Қизингизни ҳам ўқитишимиз керак ҳали.

Аёлига тикилиб ўтирган Зафар аканинг кўзларида бехос ёш айланди. Сездирмасликка уриниб, бош силкиб қўя қолди. Ахир шифокор:  «Эҳтиёт бўлиб туринг, бир нарса дея олмаймиз», деганди-ку. Шундайлигини Латофат опанинг ўзи ҳам билади. Фақат бу гапларни Зафар аканинг кўнгли учун айтаяпти, холос. «Эҳ, хотин. Болам, болам дейсан. Ўзингни ўйласанг-чи. Оғриқ ич-этингни еяпти-ку». Кўнглидагиларини билдирмасликка уринса ҳам бехосгина инграб юборган Зафар ака кўзларини қаёққа олиб қочишни билмай тезгина ўрнидан туриб кетди.

— Хўш, онаси, нима овқат ейсан? Бир палов дамлаб берайми? Ўзим едириб қўяман. Хўп, дегин. Қозонимиз ош кўрмаганига ҳам бир ойдан ошибди.

Кўнглида гуручни қандай чайнаб, томоғидан қандай ўтказишни ўйлаётган Латофат опа шаҳардан ҳориб-толиб келадиган ўғлини эслагани ҳамон «майли», деди.

Сабзи тўғрар экан, Зафар акани хаёллар олис-олисларга етаклаб кетди.

Илк танишган чоғлари, тўй, кейин фарзандлар – ҳамма-ҳаммаси нақадар шукуҳли эди-я! Лекин бу бахтли лаҳзалар узоққа чўзилмади. Бошида шамоллаб қолдим, деб томоғини боғлаб олган Латофат опанинг аҳволи оғирлаша бошлади. Зафар аканинг кўрсатмаган шифокори, бормаган табиби қолмади. Мана, уч ойдан буён касали зўрайиб, жойидан жилмай ётибди. Гарчи, ич-ичидан бу бедаво касалга учраган хотинининг дарди шифо топмаслигини билса-да, умид билан яшаяпти...

Шу пайт эшикнинг  ғичирлагани эшитилди. Латофат опа деворга суянганча жилмайиб турарди.

— Ҳа, онаси нима бўлди? Чанқадингми?

— Йўқ. Келинг, мен тўғрайман. Уят бўлиб кетди. Ахир, ўзингиз айтардингиз-ку, аёл бор уйда эркак киши ошхонада аралашмаслиги керак, деб. Сизни ҳам роса қийнаб юбордим-а?

— Нималар деяпсан? Кел, ёрдамлашиб юбораман, бориб ётақол, ҳозир бўламан.

— Дадаси, ётавериб этим-этимга ёпишиб кетди. Ҳалиги уколдан кейин яхши бўлиб қолдим. Ўшандан кўпроқ олишим керак экан-да.

— Уколга ишонч йўқ-да, онаси.

— Нима, менга ҳам ишонч йўқми? Ахир, орзуларим-чи, болам ўқишдан келса, овқат пишириб кутиб ўтираман, дердим. Кўнглим сезяпти ­Зарифингиз­ ўқишга кирган. Келинг, бугун мен овқат қилай.

Зафар ака хоҳлаб-хоҳламай қўлидаги пичоқни Латофат опага тутқазди. Унинг ушлашга ҳам мадори келмаётган қўллари қалтираб, сабзини сочиб юборди. Қўрқиб кетган Зафар ака Латофат опанинг қўлидан шарт тутди-да, ёнидаги суянчиқли стулга ўтқазди.

— Сен шу ерда ўтира тургин, ўзим у ёғини боплаб ташлайман. Ўзи сабзи қаттиқ экан-да. — Латофат опани, кўпроқ ўзини овутиш учун шундай деди Зафар ака.

Шу пайт эшикдан Зариф кириб келди. Унинг юзидаги қувончдан ўқишга кирганини англаш мушкул эмасди. Ошхонада суҳбат қуриб ўтирган ота-онасига кўзи тушгани ҳамон қувончи икки карра ошиб кетди. Чунки у кетаётган вақтда онасининг аҳволи анча аянчли эди. Зариф ўзини онасининг бағрига отди ва тўйиб-тўйиб қучоқлади.

Зариф кийимларини алмаштиргани ичкари хонага кириб кетди. Зафар ака эса гуруч юваман деб, ташқарига йўналди. Қайтганида эса тўлиб-тошиб, ўғлининг ўқишга кирганини гапириб ўтирган Латофат опанинг жимиб қолганини сезиб, аста унга яқинлашди.

— Онаси, онаси... — деб бир-икки елкасини силкиди. Ундан ҳеч қандай садо чиқмади. Зафар аканинг кўзида эса ёш йилт этди.

 Шаҳноза  ШОЖАЛИЛ




Ўхшаш мақолалар

Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

🕔16:15, 19.02.2026 ✔145

Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

Батафсил
Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

🕔16:04, 19.02.2026 ✔103

Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

Батафсил
Бир байт  ва икки тақдир

Бир байт ва икки тақдир

🕔14:57, 12.02.2026 ✔103

Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 145    🕔 16:15, 19.02.2026
  • Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

    ✔ 103    🕔 16:04, 19.02.2026
  • Бир байт  ва икки тақдир

    Бир байт ва икки тақдир

    Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

    ✔ 103    🕔 14:57, 12.02.2026
  • Инсоннинг  жавҳари  нима?

    Инсоннинг жавҳари нима?

    Бир куни ҳовлида кир ювиб туриб билмасдан шиллиққурт устига қайноқ сув тўкиб юборибман. Шиллиққурт бир-икки тўлғониб юришга ҳаракат қилди. Ва анча олдинга силжиди ҳам. Сўнг устидаги шиллиқ пардаси ажралиб тушди ва... ҳаракатсиз қолди.

    ✔ 98    🕔 14:56, 12.02.2026
  • Қушларни  Тинглаш қайғуни  бартараф этади

    Қушларни Тинглаш қайғуни бартараф этади

    Чжецзян университети олимлари ўтказган тадқиқот хулосаларига кўра, қушларнинг сайрашини тинглаш худди онгли нафас олиш медитацияси сингари қайғу ҳиссини енгишда деярли бир хил самарали ҳисоб­ланади. Тадқиқот натижалари Applied Psychology: Health and Well-Being журналида эълон қилинди.

    ✔ 206    🕔 16:26, 11.12.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар