Инсон ўзинг      Бош саҳифа

МЕҲР ДАРАХТИ

И Чол XУАН

Че Ок коллежни тугатгандан сўнг меҳрибонлик уйига ишга кирди. У ерда ота-онасиз болалар умид билан яшарди. Бир йил давомида улар билан яшаб, ота-она меҳри қанчалик муҳим эканини ҳис этди. Ўзиям болаларга қайноқ меҳр беришни истарди, албатта. Аммо Че Окнинг олдида тоғдек бир тўсиқ турарди: уларга муҳаббат улашаман деб, кўнглини оғритиб қўйишдан қўрқарди. Баъзан бу ердан жўнаб қолишни ҳам ўзича режалаштирар, аммо кўзлари мўлтираган болаларни ташлаб кетишга виждони йўл қўймасди.

МЕҲР ДАРАХТИ

Сочини калта қилиб кестирган директор хоним болаларга жуда қаттиққўл эди. Че Ок эса бу қаттиққўлликни меҳр билан алмаштиришни ўйлаб юрарди. Ахир, қалби ўксик болаларга қатъий интизом эмас, қайноқ муҳаббат керак.

Кунларнинг бирида бир қария Ёнг Ҳенинг ёқасидан судраб кириб келди. Чолнинг қўлида бир дона банан.

— Ҳой, болаларингизга нимани ўргатяпсизлар?! Манави тирранча уйимиздан банан ўғирламоқчи бўлди, — деди у ғазаб билан.

Ёнг Ҳе унинг қўлида нафаси бўғилиб турарди. Директор хоним кечирим сўрагач, қария жаврай-жаврай чиқиб кетди. Директор Ёнг Ҳени хонасига чақирди.

— Нега банан ўғирладинг? Гапир дедим сенга! Эндигина ўн ёшга кирдинг-ку, ўғирликни қаердан ўргандинг? Уялмайсанми? — директор сўнгги гапини овозини пасайтириб гапирди.

— Жуда ҳам банан егим келганди, шунинг учун... — деди у бошини  қуйи эгиб.

— Жуда-жуда егинг келган тақдирда ҳам, бировнинг нарсасини ўғирламаслигинг керак. Ё биз сенга шуни ўргатяпмизми? — шундай дея директор хоним Ёнг Ҳени аёвсиз калтаклади. Унинг бурни қонаб, уст-бошига қон сачради. Оғриқдан ингранаётган болакайнинг аҳволи юракни эзадиган даражада аянчли эди.

Шу куни кечқурун директор хоним бозорга бориб келди. Икки сумкани тўлдириб банан сотиб олибди. У ухлаб ётган болаларнинг ёстиғи ёнига биттадан банан қўйиб чиқди. Директор  хоним болалар ётоғидан чиқиб кетар экан, кўзлари тўла ёш эди.

Меҳрибон куз қуёши ҳовлига заррин нурларини сочмоқда. Бир нечта ниначилар учиб юрарди. Болалар чуғурлашиб ташқарига чиққанида, директор хоним гулларга сув қуяётган эди. Че Ок кирларни ювиб, дорга осаётганди, директор хоним чақириб қолди.

— Устоз Ким, бу ёққа қаранг, иштаҳани очувчи помидорларнинг пишганини қаранг, — директор хоним унга завқ билан гапирди.

— Хоним, доим шу помидорга меҳр билан қарайсиз-а?

— Унчалик эмас. Баъзан эринчоқлигим тутиб, вақтида сув қуя олмайман. Унга қарасам, болаларни ўйлайман. Банд помидор мевасини худди онанинг қўлларига ўхшаб маҳкам ушлаб олгани мўъжизанинг худди ўзи, — директор хоним қип-қизил бўлиб пишган помидорларни ушлаб кўра бошлади. — Устоз Ким, мен болаларга жуда қаттиққўлман-а? Баъзан қаҳр-ғазабим ҳаддан ошиб кетади. Шу пайтгача уларнинг қалбига қулоқ солмабман. Бояқишларнинг ота-онасини соғинганини, юракларидаги чинқириқ овозини эшитмабман...

Шу куни директорнинг айтган гапи Че Окнинг қалбида чуқур из қолдирди. Кечқурун Че Ок болаларнинг кийимларини тахлаб бўлгач, директорнинг хонасига борди. Бу ердан кетиш учун хонимдан рухсат сўрамоқчи эди. Гулзор олдидан ўтаётганда очиқ деразадан директор хоним хонасига кўзи тушди. Ичкарида Ёнг Ҳе бошини эгиб ўтирарди. Очиқ деразадан ичкаридаги овоз аниқ-тиниқ эшитилди.

— Ёнг Ҳе, ол, уялмай еявер. Бу бананларни сенга деб атай сотиб олиб келдим.

— Ўзингиз нега емаяпсиз?

— Келишингдан сал олдин еб олгандим. Сени калтаклаб, жуда азоб бердим, мени кечир.

— Айб менда. Сизни уялтириб қўйганим учун мени кечиринг.

— Банан егинг келганда, нега менга айтмадинг?

— Рости, ўзимнинг егим келмаганди. Кёнг Су қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Туни билан онасини сўраб иситмалаб, алаҳсираб чиқди. Кеча Кёнг Су банан егим келяпти, деганда нима қилишни билмай қолдим...

— Нега шуни менга айтмадинг? Мен билмай сени жазолаб ўтирибман.

— Ўғирлик ёмон иш эканини биламан. Бошқа бундай қилмайман.

— Сенинг ҳам онангни қўмсаб, юрагинг эзиляпти, — директорнинг сўзлари йиғи овози билан қоришиб чиқди.

Че Ок қулоқларига ишонмасди. Турли чалкаш ўйлар исканжасида қолганда, Ёнг Ҳенинг гапи хаёлларини тумандек тарқатиб юборди.

— Сизни ойи, деб чақирсам, майлими?

— Майли, ойи дея қол. Ойингнинг бағрига кел, Ёнг Ҳе.

Че Ок деразадан қараб турарди. Директор хоним Ёнг Ҳени маҳкам қучоқлаганча йиғларди.

— Ойингни кечир. Билмай, қалбингга жароҳат етказиб қўйдим. Мени ойи деб чақиришингни бошқа болалар билиб қолса, нотўғри тушунишлари мумкин. Уларнинг ҳам юраги оғрийди, сенга ҳавас қилиб, ўзлари қийналишади.

— Мен ҳам буни тушунаман. Сиз ҳаммага бирдай оналик қилишингиз керак.

Че Ок оҳиста қадамлар билан гулзордан ўтиб кетди. Унинг ҳам кўзларидан ёш тўкила бошлади. Хонасига кириб, болалар билан хайрлашиш учун ёзган хатини йиртиб ташлади. Шу пайт болалар ётоғидан ингроққа ўхшаш овоз эшитилди. Бу беш яшар Кёнг Сунинг овози эди.

— Ойи... ойижон, — алаҳсирарди у.

Кёнг Су туш кўраётган эди. Че Ок Кёнг Сунинг олдига келди. Сўнг унинг юзига тикилди. Айни шу пайт бир томчи кўз ёш Кёнг Сунинг ёстиғига томди. Че Ок ҳам директор хоним каби мана шу қалби ўксик болага оналик қилишни ўйлаётган эди.

Корейс тилидан

Малоҳат ҒАФФОРОВА

 Таржимаси




Ўхшаш мақолалар

Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

🕔16:15, 19.02.2026 ✔145

Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

Батафсил
Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

🕔16:04, 19.02.2026 ✔103

Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

Батафсил
Бир байт  ва икки тақдир

Бир байт ва икки тақдир

🕔14:57, 12.02.2026 ✔103

Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 145    🕔 16:15, 19.02.2026
  • Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

    ✔ 103    🕔 16:04, 19.02.2026
  • Бир байт  ва икки тақдир

    Бир байт ва икки тақдир

    Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

    ✔ 103    🕔 14:57, 12.02.2026
  • Инсоннинг  жавҳари  нима?

    Инсоннинг жавҳари нима?

    Бир куни ҳовлида кир ювиб туриб билмасдан шиллиққурт устига қайноқ сув тўкиб юборибман. Шиллиққурт бир-икки тўлғониб юришга ҳаракат қилди. Ва анча олдинга силжиди ҳам. Сўнг устидаги шиллиқ пардаси ажралиб тушди ва... ҳаракатсиз қолди.

    ✔ 98    🕔 14:56, 12.02.2026
  • Қушларни  Тинглаш қайғуни  бартараф этади

    Қушларни Тинглаш қайғуни бартараф этади

    Чжецзян университети олимлари ўтказган тадқиқот хулосаларига кўра, қушларнинг сайрашини тинглаш худди онгли нафас олиш медитацияси сингари қайғу ҳиссини енгишда деярли бир хил самарали ҳисоб­ланади. Тадқиқот натижалари Applied Psychology: Health and Well-Being журналида эълон қилинди.

    ✔ 206    🕔 16:26, 11.12.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар