тарбиянинг пойдевори пухта қўйилганида
Кенг хонада меҳнат қилаётган аёлларни бироз кузатдим. Бири тикув машинасида чок юргизар, яна бошқаси дазмол босарди. Қизиқишимни пайқаган ёшгина қиз ёнимга келиб, салом-аликдан сўнг, мақсадимни билгач, янгича йўналишда тикилган кўйлакларни бирма-бир таърифлаб берди. Ҳали ёш бўлишига қарамай, бундай ажойиб санъат намуналарини тикаётган ижодкор билан яқиндан суҳбатлашгим келди.
— Бувим қўлимга илк бор игна тутқазганда буни оддий ўйин деб қабул қилгандим, — дейди ёш тадбиркор Дилноза ЮСУПОВА. — Қўғирчоғим учун биринчи кўйлакни битирганимда эса мақсадим жиддийлаша бошлади. Вақтим бўлди дегунча бувимнинг ёнида чок тикишга киришардим. Бу ишимдан оладиган завқнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмаслигини секин-аста тушуниб етдим. Дарсдан сўнг бичиш-тикиш, андозалар чизиш билан банд бўлардим. 1998 йилда бувим бошчилигида беш-олтита тикув машинаси сотиб олиб, опа-сингилларим ва маҳалладаги аёллар билан либослар тикишни бошладик. Шундан сўнг йилдан-йилга тажрибам ошиб, 2010 йилда ўзим мустақил тадбиркор сифатида иш бошладим. Кредит олиб, ускуналар, тикув машиналари сонини кўпайтирдик. Ишимизни кенгайтирдик.
Кўпни кўрган, ишининг моҳир устаси бўлган бувим «Инсон фақат ўз манфаатини ўйлаб яшамаслиги, қилаётган иши билан атрофдагиларга наф келтириши керак. Шундагина умрини фойдали ишга сарфлаган бўлади», дерди. Бувимнинг ўгитига амал қилиб, миллий матоларимизни ёшу кекса аёллар ҳар куни кийиши мумкин бўлган услубда тикяпмиз. Шунинг учун ҳам талаба қизлардан тортиб, турли ташкилотларда ишлайдиган аёлларгача маҳсулотимизни катта қизиқиш билан харид қилишмоқда.
Ўзбек аёлининг либоси ўзига хос, миллий ва мукаммал бўлиши керак, деб ҳисоблайдиган тадбиркор атлас ва адрасдан эркаклар, болалар кийимлари, сумкалардан тортиб пойабзалларгача ишлаб чиқаришни йўлга қўйганига гувоҳ бўлдик.
Бир фарзанднинг дунёга келиб, жамиятда ўз ўрнини топиши учун ота ва она ўз умрини бахшида қилади. Инсон учун туҳфа қилинган бу неъматнинг бесамар ўтмаслиги эса уларга берилган тўғри тарбия билан узвий боғлиқдир. Шу маънода айрим ёш оилалар тажрибали кишиларнинг ўгитлари ва тавсияларига доим эҳтиёж сезаверади.
— Беш фарзанд улғайтириб, тарбияда кексаларнинг ўрни нақадар муҳим эканини тушуниб етдим, — дейди Дилнозанинг онаси Гулнора ТЕШАБОЕВА. — Онам ва қайнонамнинг уйи ёнма-ён бўлгани учун болаларим кўпроқ нуронийларнинг ўгитлари ва насиҳатларини эшитиб вояга етишди. Тўрт қизимнинг бирортаси ўқишдан келиб кўчада ким биландир гаплашиб, вақтини бекор ўтказганини эслолмайман. Ўқиш, рўзғор юмушлари, тикиш-бичишдан бўш вақти бўлмасди. Қайнонам уларга ёшлигидан оилада ўғил ва қиз боланинг зиммасидаги вазифаларни тез-тез уқтириб турарди.
Айниқса, онам Дилнозанинг қалбидаги туғма қобилиятни шаклланишида катта ёрдам берди. Ўн етти йил қайнота-қайнонамнинг хизматини қилдим. Бунинг мукофотини эса, мана, энди кўряпман. Бобо-бувисининг тарбиясини олган фарзандларим жамиятда муносиб ўрнини топишяпти.
«Келажакда маҳсулотларимни халқаро бозорга чиқариш ниятидаман. Янги иш ўринлари яратиб, оз бўлса-да, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашни олдимга мақсад қилиб қўйганман. Ўзбек миллий либосларини дунёда муносиб ўрин эгаллашида ўз ҳиссамни қўшсам, дейман». Ёш тадбиркорнинг режалари улкан. Бу юксак мақсадлар эса юрт ва жамият тақдирида акс этиши, шубҳасиз.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔51
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил
Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси
🕔14:58, 12.02.2026
✔115
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.
Батафсил
Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди
🕔14:55, 12.02.2026
✔103
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.
Батафсил