Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Ёзувчи Шодиқул Ҳамронинг «Кўк кўл» ҳикояси бундан анча олдин ёзилган. Ҳикоядаги воқеалар эски замонни ифодалаган бўлса-да, ундаги муаммолар, долзарбликлар ҳозирги кунимизда ҳам эскирган эмас.
Қадимга озгина назар солайлик. Авлиёларимиз биз учун ҳозиргача ўрнак вазифасини ўтаб келаётган олиму орифларимизнинг олган илмлари, меросларининг ниҳояси йўқ. Улар қанча илмга ташна бўлмасин, илм ҳам уларга ўз сирларини очишдан ҳеч ҳам малолланмаган. Илм чашмаси уларни суғоришдан ҳеч тинмагани каби авлиёларимиз ҳам ўсишдан тўхташмаган. Уларнинг бизга қолдирган илмий мерослари – чуқур илдиз отган минг йиллик қадриятлар. Улар биз учун жуда ҳам бебаҳо ва биз уларни асрашимиз, яна-да юксакларга кўтаришимиз лозим.
Бу илмий бебаҳо мерослару қадриятларимизга эътиборсизликлар ва ҳурматсизликлар йўқ эмас. Ҳа, азизлар, биз ҳам шу эътиборсизлардан биримиз. Бизнинг миллийлигимиз, қадриятларимиз неча минг йиллардан буён ардоқланиб келаётган маърифатлиларимиз бир пайтлар эскилик сарқити бўлиб қолди. Аслида улар эмасмиди бизнинг йўлимизни ёритиб турган шамчироқларимиз?! Бир миллатнинг тили, дини, қадриятлари бўлмаса, у миллат ҳам йўқ демакдир. Унинг шамчироғи бўлмагандан кейин улар ҳам зулматда қолишади. Зулматда эса нима бор, нима йўқ – билиб бўлмайди. Менинг наздимда, ёзувчи ҳам айнан шуни бизга тушунтирмоқчи ва бепарволикнинг охири қаерга олиб боришини англатмоқда.
Инсоннинг бирламчи эҳтиёжи сув бўлганидек, қалбнинг ҳам бирламчи зарурати бу – илм. Шу сабабли ҳам авлиёларимизни буюк қалб соҳиблари деймиз. Танганинг иккинчи томони бор деганларидек, ҳамма сувдан фойдаланади, аммо уни ифлослайди. Худдики ҳикоядаги саёқ келгиндилар сувни ифлослантирганларидек. Аммо ўша пайтда ҳам сув уларнинг жирканч таналарини ювишга хизмат қилар, улар эса соф кўлни, одамлар сувини ичиб, уни ардоқлаган кўлни ҳеч аямасдан ўз манфаатлари йўлига бўйсундирмоқчи бўлишади. Бу эса албатта кўлни ранжитмай қўймади. Илм – инсонларни юксалтиради. Аммо илмдан нотўғри, яъни ўз манфаатлари ва ёмон ғаразлари йўлида фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас, албатта. Бу ҳам илмни ранжитмай қўймайди.
Бизнинг чуқур илдиз отган қадриятларимиз томири билан суғириб ташланаётганини жимгина кузатиб ўтиролмаймиз. Ҳикояда келтирилган саёқ келгиндилар ҳам нимага айнан дарахтнинг илдизини ёқмоқда? Саёқларнинг қадриятларимизга эскилик сарқити деб қараши ёки уларга амал қилиб юксалтириш ўрнига уни ўз қўллари билан илдизини ёқиб йўқ қилиши инсофдан бўладими? Йўқ қилишда ҳам айнан бизнинг жону дилимиз бўлган, уларнинг раъйини ҳеч қайтаришни хоҳламаган болажонларимиздан фойдаланишни исташмоқда.
Келгинди саёқлар фақат ҳикояда борми? Йўқ албатта. Улар аввалига битта-иккита бўлишган ва биз уларга беэътиборлигимиз сабаб кейинчалик улар жуда ҳам кўпайган. Афсуски, биз ҳали ҳам буларга бепарволик қиламиз. Бунинг якуни яхши эмас, албатта. Ахлоқсизлик авжга чиқса, бу ёш авлодларга ҳам заҳрини сочмасдан қўймайди. Кўча-кўйда ота-онани, катталарни ҳурмат қилмаслик, табиатга бўлган ҳурматсизликлар, алломаларнинг меросларига ҳурматсизлик қилиш, тарихий обидалар ва олимлар меросига бўлган ҳурматсизликлар – албатта «оммавий маданият» деб аталувчи тўфоннинг изларидир. Худди қишлоқни авлиёларнинг руҳи тарк этиб, ўзи билан файз-баракани олиб кетганидек бизнинг миллатимизда ҳам бу ҳодиса кутилиб қолишидан ҳазир бўлишимиз зарур. Бу бир кичик қишлоқнинг қисмати деб қараётган бўлсангиз, қаттиқ адашасиз. Бу бутун бир инсониятнинг қисматидир.
Эътибор бераётган бўлсангиз ёшлар орасида ҳар хил ҳолатлар рўй бермоқда. Улар буларни интернетдаги ёки атрофдаги насл-насаби номаълум кимсалардан ўрганиб, уларни бор кучлари билан тарғиб қилмоқдалар. Улар оиласидаги қадрият, ҳурмат бўлмиш илдизларни қазиб олиб, ёқиб йўқ қилишмоқда. Олов ёқиб атрофида ўйин-кулгу қиладиганлар биз учун оддий ҳолдек. Шукрки, илм аҳли ва эътиборлилар ҳам йўқ эмас. Ҳар замонда виждон овози қичқириб тинчлик бермайдиганлар бўлгани каби у замонда ҳам бундайлар бўлган. Ҳикояда келтирилган имом, дарвеш, бола, карвонбоши кабилар ҳалокатнинг олдини олишга қисман уринишган. Аммо улар жуда оз бўлганлари сабабли илдизларни сақлаб қолишга кучлари етмади. Шу сабабли бутун қишлоқ йўқ бўлди.
Ўйлайманки, бизнинг орамизда бундай виждон овози қичқириб турадиган, жаҳолатга қарши маърифат билан курашадиганлар кўп, албатта. Энг асосий ишимиз – кўлимизни асрашимиз керак. Ундан оқилона фойдаланишимиз лозим. Менинг фикримча, бизнинг олдимизда кўл эмас, океанлар бор. Улардан қониб-қониб ичсак, у бизга янада ўз булоқларини очади. Уни эъзозласак, оқилона фойдалансак, ифлосламасак, у фақат ва фақат бизнинг фойдамизга ишлаб беради.
Аввало, қўлдан келганча издизларимизни асрайлик. Илдизи қазиб олинган дарахтларни кўрсак, у ерга ўз қўлимиз билан мустаҳкам илдизли бир дарахт экайлик. Албатта, биз асраган ва биз эккан дарахтлар чуқур илдиз отиб, мустаҳкам ўрнашади. Дарахтни илдизи мустаҳкам бўлиб, дарахт ўсиши учун ҳам бизга, аввало, кўк кўлнинг суви лозим.
Лайло ҒАЙБУЛЛАЕВА
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔51
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил
Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси
🕔14:58, 12.02.2026
✔115
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.
Батафсил
Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди
🕔14:55, 12.02.2026
✔103
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.
Батафсил