Ташқарида совуқ. Қиш изғирини табиатни тобора ҳолсизлантириб, қимирлаган жонни иссиқроқ жойга қочмоққа мажбурлайди.
Дарахтлар яланғоч... Замин бағри аёздан дир-дир титрайди. Кузнинг сўнгги умидлари бўлган олтин япроқлар ҳам оёқлар остида ҳаёт билан видолашади. Қучоғида ғир-ғир эсаётган шамолни эркалаётган табиат эса қандайдир маҳзун куй чалаётгандай...
Қорнинг соғинчи юракларни орзиқтириб юборади. Ва ниҳоят, узоқ кутилган қор парчалари заминни осмон унига кўмиб ташлади. Оппоқ қор ёғяпти... бирам майин, бирам беғубор, бирам юмшоқ... Унда оқ орзуларнинг сурати бор, унда оппоқ хотираларнинг акси зоҳир, унда ширин орзиқиш бисёр...
Эндигина замин бағрини қоплаган тиниқ қорнинг қадамларим остида топталишини истамай, астагина одимлайман. Назаримда, оёқларим тагида эзилаётган оппоқ парнинг инграётганини эшитгандай бўламан. У гўё «мени эҳтиёт қил» деяётгандай. Қўлларимга учиб тушган қор парчаларини оламан. Улар билан хаёлан суҳбатлашаман. У эса беқарор, кўнглимни жимгина тинглайди-да, аста эриб кетади кафтимда.
Ана, таниш йўлак. Ёғаётган қор мудроқ хотираларни уйғотиб юборади. Қалбнинг ҳеч кимсага очилмаган, фақат иккимизга аён асрорларигина ёғаётган қорга ҳамоҳанг исён кўтаради. Ўйноқлаб тушаётган қор парчаларига тенгма-тенг, эҳтиёткорона, унга озор бермасликка уриниб, қадам босаман. Аммо... уддалолмайман. Беихтиёр озор бераман унга. Қизиқ, бу ҳолат ҳам жуда таниш. Гоҳида ўзимизга қадрдон яқинларимизнинг кўнглини беихтиёр, истаб-истамай оғритиб қўямизу кейин бу дилхираликдан ўзимиз қийналамиз.
Ёғаётган қорга юзларимни босаман. У кўнгилнинг армон деган лаҳча чўғини эритиб юборадигандай, таскин топаман ундан. Атрофда бир-бирини қувалаб, қорбўрон ўйнаётган болакайларга ҳавас билан қарайман. Умрнинг ўтишини қаранг, кечагина улар каби бола эдик, бугун эса аллақачон ҳаёт ҳукмига бош эгган, мустақил ҳаётнинг паст-баландига кўниккан инсонлармиз. Энди болаликни фақатгина уларнинг нигоҳларидагина учратамиз. Қор қўйнида қий-чув қилиб ўйнаётган кичкинтойлар хаёлни олис болаликка олиб кетади.
Қишнинг изғиринини писанд этмаган кўнгиллар тафти хотиралар бағрига бизни мудом чорлайверади...
Зилола РАҲМОНОВА
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔145
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔103
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил