Самарқандлик Камолжон Аликов ота-онасидан айрилиб, бошпанасиз қолди. Ўйлаб-ўйлаб хорижда ишлаш учун кетишга қарор қилди. Шунда Ёшлар иттифоқи фаолияти ҳақида эшитиб, тўғри Марказий Кенгашга мурожаат қилди. Унинг оғир аҳволда қолганини кўрган мутасаддилар тадбиркорликни бошлаши учун 35 миллион сўм фоизсиз кредит олишига ёрдам берди.
Таваккал билан бошланган иш ўзининг ижобий натижасини кўрсатиб, Камолжон нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цех фаолиятини йўлга қўйди. Атрофига етти нафар ўзи каби қийналган оила фарзандларини жамлади.
Бугун ёшларимиз орасида Камолжон Аликов каби ўз йўлини қидираётган, жамиятда ўрнини топиш учун ҳаракат қилаётганлар анчагина. Мамлакат тақдири, халқ келажаги ёшлар қўлида экан, уларни тушуниш, кўмаклашиш энг муҳим масалалардан бири саналади. Айниқса, бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи зиммасига катта вазифалар юклатилган.
Сўнгги олти ой мобайнида ташкилотнинг фуқаролар қабулхонасига 2 минг 345 мурожаат тушди. Уларнинг 82 фоизи ижобий ҳал этилиб, ҳар бир фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди, 4 фоизи бошқа вазирлик ва идораларга йўналтирилди, 14 фоиз аризалар ҳозирги кунда кўриб чиқилмоқда. Уларни асосан, олий ўқув юртига кириш тест синови натижаларидан норози, қўшимча контрактда ўқишни давом эттирмоқчи бўлган ва «Камолот» уйининг сифатсиз қурилишидан эътирози бўлган фуқаролар масалалари ташкил этади.
Ҳеч ким эътибордан четда қолмасин
Ҳозирда ёш йигит-қизларнинг асосий муаммоларидан бири ишсизликдир. Шу боис жойлардаги 350 мингдан ортиқ уюшмаган, ўқимайдиган ва доимий иш жойи йўқ ёшларни бирлаштириб, фидойи ёшлар отрядлари ташкил этилиб, пахта йиғим-теримига жалб қилинди. Эндиликда улар ёшлар уйларининг қурилишида, ободонлаштириш ишларида қатнашади. Ёшлар қурилиш инвест компаниясини ташкил этиб, 5 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш кўзда тутилган.
Аммо бу кўрсаткичлар муаммога тўлиқ ечим бўла олмайди. Яқинда пойтахтимизнинг бир нечта ҳудудидаги мардикор бозорларидаги ёшлар билан суҳбатлашганимизда меҳнат вазирлигидан ёки ёшлар иттифоқидан бирор вакил келиб уларнинг ҳаёти билан қизиқмаганини таъкидлашди. Кўриниб турибдики, қилинадиган ишлар кўлами катта. Бундай ҳолатларнинг асосий сабаби ташкилотнинг қуйи бўғинларида ҳали етарлича иш олиб борилмаётганида деб баҳолаш мумкин.
— Ёшлар фикрини ўрганиш учун Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтига бордик, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев. — Гуруҳларга кириб, талаба ва ўқувчилар билан гаплашганимизда, ёшлар етакчисининг фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаётганини айтишди. Улар жойлардаги етакчиларни тартибга чақириб қўйсангиз, деган фикрларни билдиришди. Кўриниб турибдики, бу борада қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп. Айрим ёш етакчиларда, биринчи навбатда, ватанпарварлик етишмаяпти. Шу мақсадда Жиззах вилоят кенгаши раисини ёшларни бирлаштира олмагани учун ишдан олдик. Тизим ташкил қилинди, лекин ёшлар ишончини ҳали қозона олмадик. Бу энг катта камчилигимиз. Агар фидойи бўлмасак, ўзимизни қийнамасак, ёшларнинг ичига кира олмаймиз.
Иқтидорлилар юртимизга қайтади
Ҳеч бир ота-она фарзандини мусофирликда бошидан қийинчиликлар ўтказишини истамайди. Худди шундай юртимиз ёшларининг хорижий давлатларда, яқинлари меҳридан мосуво яшаётгани ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Ҳозирга қадар Хитой, Россия ва Қозоғистонда ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари тузилди. Бу анъана бошқа давлатлар мисолида ҳам давом этиши кўзда тутилган. Россияда ўқиётган ёшларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясини ташкил этиб, ҳар бир давлатда унинг ваколатхонасини очиш режалаштирилган. Бу билан ўша ерда ўқиётган ва меҳнат қиладиган ёшлар қўллаб-қувватланади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи юртимизда ёшларни қўллаб-қувватловчи муҳим ташкилот. Унинг олдига қўйган мақсадлари жуда катта. Ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан тўлиқ имкониятга эга. Улардан ҳар бир ёш тўлақонли фойдаланиши, иқтидорини намоён этиши мутасаддилар зиммасига катта масъулият юклайди.
Парвозларнинг метеорологик хавфсизлиги таъминланади
🕔15:55, 21.05.2026
✔36
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология хизмати инфратузилмасини ривожлантириш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини метеорологик таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Батафсил
«Олтин қалам» XX Миллий мукофоти учун халқаро танлов
🕔08:50, 23.04.2026
✔113
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, Янги Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, миллий контентни бойитиш, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни рағбатлантириш мақсадида «Олтин қалам» XX Миллий мукофоти учун халқаро танловини эълон қилади.
Батафсил
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔178
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил