Бошланғич маблағсиз ҳам катта иш бошлаш мумкинми?
Аввалига унга «сенинг қўлингдан нима ҳам келарди? Ўшандай даражага эришиш осон эканми? Яхшиси, аравангни судраб, тинчгина юравер», қабилида насиҳат қилганлар ҳам бўлди. Ишончсизлик, таъна-дашномлар билан агар суянган тоғи ёки пули бўлмаса, катта ишни бошлаш мушкул эканини айтишди.
Лекин хонқалик Зилола Сатторова ҳар куни телевизорда, газетада ёшлар учун яратилаётган имконият, кичик бизнесни бошлаб катта тадбиркорга айланган тенгдошларини кўриб, мақсади қатъийлашди. Аксинча, «доно маслаҳатлар» уни инсон нималарга эришиши мумкинлигини амалда кўрсатишга, исботлашга ундади...
Ёш қиз ташкил этган «Ziloldizayn» фирмаси 2016 йилнинг ўзида 300 миллион сўмдан ортиқ даромад олди. Шундан соф фойда 60 миллион сўм. 2017 йил якунлари бўйича кўрсаткич эса яна ўттиз фоизга ошиши кутилмоқда. Хўш, у бундай натижага қандай эришди?
Зилола Сатторова 1990 йилда Хоразм вилоятининг Хонқа туманида туғилган. Маълумоти ўрта-махсус. Онаси тикувчи бўлгани боис, болалигидан тикиш-бичишга қизиқиши баланд эди. Тўққизинчи синфда ўқиб юрган кезларда ўзи мустақил тарзда кийимлар тикишни бошлади. Бора-бора бу иштиёқ катта тикувчи бўлиш орзусига айланди. 2006 йилда пойтахтда таҳсил олаётган опасининг ёнига келиб, «ZINIAL» тикув цехига иш сўраб борди.
Дастлаб у бу ерга шогирд сифатида келиб-кетди (сабаби, қизда ҳали етарлича, малака йўқ эди). Бироқ қисқа вақт ичида ўзининг иқтидори ва меҳнатсеварлигини намоён эта олди. Натижада ҳамманинг эътиборига тушди ва кўп ўтмай ишга қабул қилинди. Икки йил давомида Зилола анчагина тажриба тўплагач, энди оддий ишчи бўлиб қолишни истамади: бундай ҳунар билан ўзи туғилиб ўсган жойга қайтиб бориб, янгиликлар яратиш, катта ишни бошлашни дилига тугди.
Шу мақсадда 2009 йилда Хоразмга қайтди ва у ердаги тикув цехида ишини давом эттирди. Бир йил давомида ишлаб топган пулини йиғиб, мустақил иш бошлаш учун фурсат кутди. Бу орада унинг ниятини англаган раҳбари фикридан қайтаришга уринса-да, Зилола бунга рози бўлмади. Унинг аҳди қатъий эди.
2010 йилда Зилола тўплаган пулларига иккита замонавий тикув машинаси сотиб олди ва касаначи сифатида ўзининг мустақил фаолиятини йўлга қўйди. Келинларга сарпо ва аёллар либослари тика бошлади. Тинимсиз меҳнат, изланишда ўтган уйқусиз тунлар туфайли 2016 йилга келиб у яна ўнта тикув машинаси харид қилди. Ўзининг хусусий фирмасини очишга муваффақ бўлди.
Ҳозир унинг ишчилари сони 25 нафар, тикув машиналари ўттизта. Ишчилари асосан, хотин-қизлар. Улар бепул тушлик ва кунлик маош билан таъминланмоқда. «Ziloldizayn» ишлаб чиқарган аёлларнинг қишки ва ёзги либослари Хоразмнинг энг гавжум бозорларида жуда харидоргир.
— Бошқалардан ҳеч қандай камимиз йўқ, деган ишонч мени доим олдинга бошлайди, — дейди Зилола Сатторова. — Эплай олмайман, деган сўз иродаси суст одамлар луғатида бўлади, назаримда. Мақсадим — ўзим тиккан миллий либосларимизни жаҳон бозорига чиқариш. Бунинг учун юртимизда ҳамма шароит бор, имконият етарли. Фақат астойдил ҳаракат қилинса бас.
Янгиликка интилувчан Зилола Сатторова Ишбилармон аёллар ассоциациянинг Хоразм вилояти Хонқа тумани бўлими аъзоси. Ассоциация фаолларининг тавсияси билан у жорий йилда «Микрокредитбанк»нинг туман филиалига ёш тадбиркорларга бериладиган имтиёзли кредит олиш учун мурожаат этмоқчи. Шу тариқа, маҳсулотини экспорт қилишга бел боғлаган. Қўли гул чевар қиз ўзи яратган либослар бутун дунё аёлларига манзур бўлишига умид боғламоқда. Ҳа, шундай бўлса, ажаб эмас…
Халқимизда интилганга толе ёр, деган мақол бор. Зилоланинг мисолида бу мақолнинг рўёбини ёрқин кўриш мумкин.
Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔51
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил
Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси
🕔14:58, 12.02.2026
✔115
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.
Батафсил
Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди
🕔14:55, 12.02.2026
✔103
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.
Батафсил