Яқинда келин туширган танишим йўқловга чорлади.
Остонада саломга эгилган нозикниҳол келинчак ва оҳорли уй хотираларим қатидаги ёқимли ҳисларни уйғотиб юборди. Келин тушган хонадон ўзгача файзли бўлади-да, ўзиям.
Уй тўла аёлларнинг кўзи келинпошша сепида. Мезбонлар уйдан оёқлашиши билан келиннинг мебели, пардаси ёки гиламига «нарх» ура бошлашди. Суҳбатдан келин олий даргоҳнинг тил-адабиёт йўналишини тамомлаётгани англашилди. Гап орасида отаси вафот этгани, шунданми, тўй ғариброқ ўтгани, сепи ҳам шунга яраша эканини қистириб ўтишди. Бояги ширин ҳисларим ўрнини ғашлик эгаллади. Даврада бегонадай ҳис этдим ўзимни. Ерга урилаётган, ғариблашаётган сеп-сидирғага бир қур назар ташладим. Шунда жавон тўридан таралаётган «нур» кўнглим пучмоқларини ёритиб юборди. Аста турдим-да, ўша томон шошдим. «Воҳ, хонадаги барча нарсага «нарх» уриб чиққан «савдогарлар» наҳотки, энг қимматли буюмни кўра олишмади?»
О, бу бебаҳолик!
Бирма-бир қўлимга оламан уларни, бироз оҳори кетган, ишлатилгани билиниб турса-да, қимматли.
— Бу кимники? — илкис савол берибман. Бироз истеҳзоли, кинояли нигоҳлар қуршовида келинчакнинг юзлари ёришиб кетганини сездим.
— Меники, ҳали ҳаммасини олиб келолганим йўқ, — деди у ийманиб.
Шунда бегоналар ичидан қадрдон инсонимни топгандай, уни бағримга маҳкам босдим-да:
— Сиз энг бой, бахтли келинсиз, чунки сизнинг битмас-туганмас хазинангиз бор экан, — дедим.
Жавон тўрида эса мен ҳамон етишолмаган Алишер Навоийнинг ўн жилдлик асарлари чиройли терилиб турарди.
Энди меҳмонлар келинчакка ҳавас билан тикилишар, китоблар бутун хонага, давра аҳли чеҳрасига ёруғлик улашганди.
Нигора МАННОПОВА,
Фарғона вилояти
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔188
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔348
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔644
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил