Инсон ўзинг      Бош саҳифа

«Сенга омад тиламайман!..»

Чамаси ўн тўрт ёшлардаги уч бола яйловда қўй боқишарди.

«Сенга омад тиламайман!..»

Бўрибой акага дуч келиб қолишди. У ҳам қўйларини ўтлатиб юрарди.

— Ассалому алайку-ум, Бўрибой ака, — «Шум бола»даги Қоравойдек чўзиб салом берди Эшмат. У болалар ичида бақуввати, уддабурони ҳам гапга чечани эди.

— Салом, тирранчалар! Нега қўй боқишга учовинг ҳам бир вақтда чиқиб оласан? Ҳар куни биттанг, навбатма-навбат қўй боқсанг бўлмайдими? Шунда қолган иккитангнинг уйдаги ишларга фойданг тегармиди, — койиб берди Бўрибой ака.

Болалар Бўрибой аканинг ёнига ўтиришди. Эшмат шумлик билан гап қўзғади:

— Бўрибой ака, омадли одамсиз-да, эчкиларингиз ҳадеб эгиз туғади.

 — Омадлиман? Буни ўзинг ўйлаб топдингми ёки кимдандир эшитдингми? Мен тажрибалиман! Эчкиларни атай танлаб-танлаб эгиз туғадиганини оламан. Қулоғи қуённикидек  катта-катта бўлган эчки доим эгиз туғади. Омад дегани ёлғон бир гап.

— Омад бор-ку! — гапга қўшилди Тошмат. — Аxир мактаб директори доим: «Сизларнинг омадингиз бор, чунки бошқа бир мактабда эмас, айнан мана шу мактабда ўқияпсиз. Бу мактабда туманнинг энг илғор ва билимли ўқитувчилари йиғилган!» деб айтади-ку?

— Менга ақл ўргатмоқчи бўляпсанми? Менинг ақлим олдида сеники капейка! Капейка нималигини биласанми ўзи? Э, қаёқданам билардинг! Омад нима? У қани? Кўрсата оласанми? Ё ушлай оласанми? Йўқ, албатта. Демак, у йўқ.

— Тажрибани ҳам ушлай олмайсиз-ку, — эътироз билдирди Эшмат.  

— Сен Эшмат, бозорчи xотинлардек кўп гапирасан. Шу қилиғинг ортиқча. Майли, саволни алмаштирамиз: мен тажрибани эчкининг қулоғида тушунтиргандек, омадни ҳам аниқ тушунтириб бера оласанларми? — вазиятдан чиқиб кетганидан кўнгли тўлганча болаларга тикилди у, — Xўш?

— Масалан... — чувалашиб қолди Эшмат. — Лотерея.

-— Лотерея?

— Ҳа! — луқма ташлади Тошмат.

— Э суф-э, иккалангга ҳам! Лотереядан ўн миллион пул ёки машина ютиб олганларни эшитганмисан? Эшитгансан. Мен ҳам. Аммо — алоҳида урғу билан такрорлади у, — лотереядаги ютуқ омад эмас, ҳаракат! Ўн миллионни ютиш учун камида ўн бешта лотерея ўйнаш керак. Биласанми? Бу ўн бешта алоҳида уриниш ҳисобланади. Лотереяни сотиб олмасанг, қаердан келади? Катта xоланг совға қиладими? Мен ўн беш марта деб энг камини айтяпман, аслида юз, минг марта ўйнаш керак  ютуққача. Бу яна мингта алоҳида уриниш, алоҳида ҳаракат қилиб кўриш дегани. Сен бўлсанг, кўзларингни лўқ қилиб, ҳаракатни омад деб ўтирибсан.

(Давомини «Оила даврасида» газетасининг 2016 йил 28 апрельдаги 17-сонида ўқинг)

 

У жуда тез ва сўзларда чалкашмай гапираркан, ҳам ўзи савол бериб, ҳам ўзи жавоб берарди:

— Денгизда чўкиб кетган кемадан тирик қолиб, соҳилга чиққан одамни омади бор дейсанми ё? Бекорларнинг бештасини айтибсан. У соҳилга оёқ-қўлини латтадай шалпайтириб ўтиргани учун чиқиб қолмайди-ку! Чиқиш учун ҳозиргина боши узиб ташланган товуқдек типирчилаб сузади ёки бирор таxта бўлагига чумолидек ёпишиб олади ёxуд қайсидир қаҳрамон уни сувдан судраб чиқади. У омадли бўлгани учун эмас, товуқдек типирчилаб, чумолидек ёпишиб ҳаракат қилгани учун тирик қолади.

Бўрибой ака тобора илҳомланиб гапни гапга улаб кетарди:

— Мен эллик бир яримга кирганман. Мен билганларнинг эллик бир ярмидан бирини ҳам билмайсан, — у ақлли эканлиги исботини яна баъзи маълумотлар билан мустаҳкамлаб қўймоқчи бўларди. — Мана, масалан, Булунғурда нега қўй кам боқишади-ю, кўпроқ картошка экиб сотишади? Чунки Булунғурнинг ери заx, ҳавоси нам. Заx ерда юрган қўй ўпкаси ва жигарининг пачоғи чиқиб кетади. Бунақа касалманд қўйларнинг ҳар бештадан биттаси xоҳлаган вақтида оёғини узатиб юбораверади. Шунинг учун у ерда қўйдан кўра картошкадан фойда кўп.

Бўрибой аканинг бу гаплари болалар учун янгилик эди. У ана шу янгиликлардан кейин, айтилавериб-айтилавериб шалоғи чиқиб кетган гапларига ўтди:

— Шунақа, тирранчалар. Мен салкам файласуфман. Рус тилини қалпоқ қилиб ташлайман. Рус ва ўзбек тилида қанча китоб ўқиганимни тасаввур ҳам қилолмайсан. Мен ўқиган китобларим сони уриб синдирган тишларим сонидан ҳам кўп. Мени «Муштумзўр» дейишади, аxир! Ҳар сафар, эшитяпсанларми, ҳар сафар муштлашганимда менга кекирдагини чўзган жўжаxўрознинг тишлари сонини камайтириб қўйганман. Тўғри, тан оламан, ўттиз бир йилдан бери xотинимни бирор марта чертмаганман, ишонмасанг, ўзидан сўра.

Бир боғдан, бир тоғдан келиб гапираётган эллик бир ярим ёшли «файласуф» шундан сўнг яна янги гапларни бошлади:

— Сен эса, омад бор деб, салкам файласуфга ақл ўргатмоқчи бўласан. Эй, сен, — учинчи болага бармоғи билан ишора қилди у, — сен буларнинг энг ақллисисан. Чунки энг кўп жим тура оладиган ва энг кўп эшита оладигани сен экансан.

Ўта одамови бу бола деярли оғзини очмасди. У фақатгина уч ҳолатда гапириши мумкин эди: биринчиси, ундан нимадир сўралганда жавоб қайтариш учун, иккинчиси, зарурат туғилганда ниманидир сўраш учун, учинчиси, уйқусида алаҳсираган пайтда. У ҳаётида учинчи ҳолатда кўп гапирган эди.

Бўрибой ака ҳамон авжга минар, ўз сўзларига файласуфона тус бериш учун иложи борича узун, боғловчилари кўп ва ўxшатишлари мураккаб бўлган гаплар тузарди. Бунақанги файласуфона гапдан сўнг, асосан қўйнинг маъраши ва итнинг акиллашини эшитиб катта бўлган бу болалар оғизларини ярим очганча анграйиб қолишди. «Файласуф» болаларни ўз ақли билан танг қолдиргач, шу ерда гапга нуқта қўйишга қарор қилди. У зарда билан оxирги гапини айтди:

— Қани, энди жўна баринг, бўлмаса оғзиларингдан тишларингни тополмай қоласан!

Учала бола ҳам ўрнидан турди-да, бири бошини, бири бурнини қашиб, учинчиси қўлини чўнтагига солиб, секин узоқлашди...

Орадан икки ярим йилга яқин вақт ўтди. Бу вақтда уч бола тўққизинчи синфни битирди. Эшмат ва Тошмат қишлоқда қолди. Учинчи бола эса шаҳарга кетадиган бўлди.

У йўлга чиқаётган куни эрталаб олдини бир одам тўсди.

— Ўқишга кетяпсанми? — деди у. Кутилмаган бу овоз ўша таниш «файласуф»ники эди.

— Ҳа, ўқишга, — деди бола. 

— Менга қара, Тошкент катта шаҳар, у ер пойтаxт. Ҳамма имконият ўша ерда. Бундан фойдалан. Фақат мени... бизни унутиб юборма.

Бола доимгидек гапирмасдан, унга бир қараб қўйди. 

— Сенга бир-иккита нарсани айтиб қўймоқчи эдим: мен файласуф эмасман, ўқиган китобларим сони ҳам синдирган тишларим сонидан оз, анча оз. Фақат бир мартагина xотинимнинг юзига шапалоқ туширганман, сиз билан ажрашаман деганида. Кейин, сенга ҳеч нарсани тушунтириб бўлмайди, сен ҳаммани жимгина эшитасан, лекин ўз билганингдан қолмайсан. Бу яxши эмас.

Бола унга тикилиб турди, «файласуф» эса боланинг кўзига қарамай гапирди, сўнг жимиб қолди. Бола доимгидек юз ифодаси билан: «Бошқа гапингиз йўқми?» деб сўради, лекин «файласуф» уни кўрмади. Бола бурилди-да, юра бошлади. Шунда яна овоз эшитилди: «Сенга омад тиламайман. Омад йўқ, бўлган тақдирда ҳам уни фақат бекорчилар ва дангасалар ўтириб олиб кутади. Сенга шижоат ва муваффа­қият тилайман! Шижоат билан ҳаракат қил, тўxтаб қолма. Ана шунда сени кутиб ётган муваффақиятларга бирма-бир эришасан!»

Бола яна бурилиб қаради, бу сафар файласуф (боланинг наздида энди файласуф сўзини қўштирноқ ичида тасаввур қилиб бўлмасди) унга тик қараб турарди. Бола файласуфни оxирги марта кўриб турганини билмасди. Унинг қандайдир армон ва пушаймонларни акс эттириб турган аянчли нигоҳи боланинг xотирасида бир умр сақланиб қолди...

Нега Бўрибой ака файласуф бўлмади? Балки дангасалик қилиб умрини омадни кутиш билан ўтказгандир? Эҳтимол ўқиган китобларининг сонини синдирган тишларидан кўпроқ қилишда шижоат билан ҳаракат қилмагандир, қайсидир бурчакларда уни кутиб ётган муваффақиятлар сари тўxтаб қолмасдан интила олмагандир? Шунинг учундир аянчли нигоҳи?

Ўшандан бери анча йил ўтди. У оxирги учрашувдан кейин чиндан файласуф деб ҳисоблай бошлаган бу инсоннинг сўзларидан кўп фойдаланди: танишларини туғилган кунида табриклашда, узоқ сафарга кетаётганларни кузатишда, баъзида ўзини ақллироқ қилиб кўрсатишда, гоҳо ўзини ўзи руҳлантиришда. Бу сўзларни ўзидан эшитган кўпгина дўстлари ҳам унинг ўзига шу сўзлар билан муваффақият тилайдиган бўлишди, баъзан ҳазил аралаш, баъзан чин. Ҳар сафар уларни эшитганида файласуфнинг аянчли нигоҳи ёдига тушарди: «Сенга омад тиламайман. Омад йўқ…»

Мақсудxон САЛОМОВ




Ўхшаш мақолалар

Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

🕔16:15, 19.02.2026 ✔145

Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

Батафсил
Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

🕔16:04, 19.02.2026 ✔103

Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

Батафсил
Бир байт  ва икки тақдир

Бир байт ва икки тақдир

🕔14:57, 12.02.2026 ✔103

Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 145    🕔 16:15, 19.02.2026
  • Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

    ✔ 103    🕔 16:04, 19.02.2026
  • Бир байт  ва икки тақдир

    Бир байт ва икки тақдир

    Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

    ✔ 103    🕔 14:57, 12.02.2026
  • Инсоннинг  жавҳари  нима?

    Инсоннинг жавҳари нима?

    Бир куни ҳовлида кир ювиб туриб билмасдан шиллиққурт устига қайноқ сув тўкиб юборибман. Шиллиққурт бир-икки тўлғониб юришга ҳаракат қилди. Ва анча олдинга силжиди ҳам. Сўнг устидаги шиллиқ пардаси ажралиб тушди ва... ҳаракатсиз қолди.

    ✔ 98    🕔 14:56, 12.02.2026
  • Қушларни  Тинглаш қайғуни  бартараф этади

    Қушларни Тинглаш қайғуни бартараф этади

    Чжецзян университети олимлари ўтказган тадқиқот хулосаларига кўра, қушларнинг сайрашини тинглаш худди онгли нафас олиш медитацияси сингари қайғу ҳиссини енгишда деярли бир хил самарали ҳисоб­ланади. Тадқиқот натижалари Applied Psychology: Health and Well-Being журналида эълон қилинди.

    ✔ 206    🕔 16:26, 11.12.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар