— Ойи, бугун сут сотишга мениям обкетинг!
— Ҳали кичкинасан. Чарчаб қоласан.
— Йўл қуриганда обкетаман дегандингиз-ку. Қаранг, йўлга сўқмоқ тушибди.
Она-бола беш юз қадамча юриб, нариги кўчадаги дўконга етиб боргунча болакай қўлидаги идишдаги сутни бир марта ҳам ерга қўймади...
— Буви, бувижо-он! Мениям бозорга обкетинг!
— Бозор — босқи. Одамларнинг оёғи остида қолиб кетасан. Салгина улғайгин, ҳали сени кў-ўп жойларга олиб бораман, хўпми, ўғлим!
Бола индамай ерга қараб бош силкиди.
Бозордан тўлиб-тошиб келган кампир неварасига олиб келган кийимларини бирма-бир кийдириб кўрди — телпак, куртка, қайишли шим, этик худди болага мослаб бичилгандай эди.
Тун. Кўпхонали каттакон ҳовлининг энг сўнгги чироғи ҳам ўчди. Секингина очилган эшик ийманиб ғийқиллади. Ҳарқалай, бу мушук эмас.
— Ким? — эндигина ёстиққа қўйган бошини кўтарди кампир.
... Қоронғилик. Жимлик.
— Мен билан ётмоқчимисан? Кел, ўғлим, келақол!
Уядай очилган кўрпага қушдай учиб кирди бола. Зум ўтмай, донг қотиб қолди. Бозор кийимлари бирма-бир ечилганини сезмади ҳам. Кампир энг охирида унинг жажжи оёғидан қалин пайпоғини суғуриб, кўрпача остига тиқди.
Тун. Ҳаммаёқ тинч. Бори тирик жон роҳатда. Уч одам кириб чиқадиган катта ҳовлининг биринчи бўлиб ёнадиган чироғи ёғду сочишига беш дақиқа қолганида қаттиқ, аламли йиғи товушидан чўчиб уйғонган кампир шошиб чироқни ёқди. Болакай ёш тиқилиб, нур санчилиб оғриётган қовоқларини кериб нигоҳи билан ненидир ахтарар, ўтирган жойида қўлчалари билан атрофни пайпаслаб, «онам...», «сут...» дея ҳиққиллаб йиғларди. Нигоҳи ва панжалари бошқа-бошқа жойларни ахтарарди.
— Онам билан... ҳиққ... сут сотиб... ҳиқ-ҳиқ... олган пайпоғим йўқ... ҳиқ...
Кампир дарҳол кўрпачани кўтарди. Бола титилиб кетган бир жуфт пайпоқни иккала қўлида маҳкам сиққанича боши билан эшикни очиб, муздай пол устидан ялангоёқ югуриб кетди.
Маҳмуд РАЖАБ
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔145
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔103
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил