Ўсмир ўзини ўйлантирган нозикроқ саволларга кимдан жавоб олади?
Ота-она у билан суҳбатга тайёрми?
Авваллари қўшни аёллар пичирлашиб, бир-бирининг қулоғига айтадиган гапларни бугун турли ижтимоий тармоқлар, интернет саҳифаларида очиқдан-очиқ ёзиш ёки ўқиш одатий ҳолга айланиб бормоқда. Тўғри, ахборот ошкоралиги ҳам маъқул, аммо бу инсонларнинг шахсий ҳаёти, ор-номуси билан боғлиқ масалага келиб тақалганда, бироз ўйланиб қолади киши.
Илгари қишлоқда кимнингдир бўй етган қизига йигитлар сўз қотишга ҳайиқар, кўпроқ қараб қўйганидан хижолат тортарди. Ҳозир йигит ва қизнинг қўл ушлашиб юриши табиий манзара касб этмоқда, десак, ҳайрон бўлмайсиз. Фақатгина шунинг ўзи бўлса кошки эди. Биргина хато қадами билан бир умрлик бахтига нуқта қўяётган ёшларимиз қанча. Уларнинг жабрдийдасига айланаётган никоҳсиз туғилган фарзандларни айтмайсизми? Ҳа, бу жуда жиддий ва чуқур таҳлил талаб этадиган масала. Энг мураккаби эса, муаммо бошланишидан аввалги вазиятдир.
Кечагидек ёдимда, юқори синфда ўқий бошлаган вақтим ота-онам мени ёнига чорлаб, илк марта жиддий суҳбат қилишди. Мен уларнинг ор-номуси, ишончи эканимни шунчалар юракдан гапиришдики, ҳали-ҳамон ўша сўзлар қулоқларим остида жаранглаётгандек. Онамнинг «Энди ёш бола эмассан, катта қиз бўлиб қолдинг, синфдош йигитлар билан бўлар-бўлмас гаплашиш ярашмайди. Сен қатори қизларни кузатадиган кўзлар жуда кўп бўлади. Агар шу синовдан яхши ўтсанг, қолганлари ҳеч гап эмас», дея берган ўгитлари катта дарс бўлган эди.
Назаримда, фарзандининг ўсмирлик даврида унга тўғри йўлни кўрсата билиш ҳар бир ота-онанинг энг катта вазифаларидан саналади. Юрагида турли ҳислар ғалаён ураётган, аро йўлда нима қилишини билмай иккиланаётган ёш қиз ёки йигит учун баъзан бир оғиз гап ҳам тўғри йўналиш кўрсата олади. Агар бу ўз вақтида айтилмаса, кейинги саъй-ҳаракатларнинг бари бекор.
— Ўсмирларда руҳий, айниқса, жинсий тарбия масаласи алоҳида ёндашув талаб этади, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети докторанти Чарос МИРХОЛИҚОВА. — Бу жуда нозик давр бўлиб, ота-онанинг алоҳида эътибори зарур бўлади. Бундай вақтда ўсмир ўз қизиқишларига жавобни турли ахборот воситаларидан эмас, балки ота-онадан олгани маъқул. Одатда, ўсмирлик даврига келиб уларда кузатиладиган кучли руҳий ўзгаришларга, аввало, ота-она ўзи руҳан тайёр бўлиши керак. Фарзандининг улғаяётганини ва у ҳам бўлғуси оилага соғлом тушунчалар билан кириб бориши учун жинсий тарбия ҳақидаги кўникмаларни тўғри бериб бориш керак. Яъни, қиз болага бу вазиятда она дугонадек, ўғилга эса, ота дўстдек муносабатда бўлиши лозим.
— Фарзанд тарбиясида турмуш ўртоғим иккимизнинг тутган энг тўғри йўлимиз уларни кўпроқ меҳнат қилишга ўргатганимиз эканига амин бўламан, — дейди саксондан ошган, саккиз нафар фарзандни вояга етказган паркентлик Асалхон ая Хайриева. — Олти нафар ўғлимнинг ҳаммаси чорвачиликнинг ипидан-игнасигача пухта билади. Улар ҳозир ўз соҳасида ишлаш билан бирга, уйида ўша ўрганган юмушини ҳам давом эттирмоқда. Уларнинг бирортаси ўсмирлигида жиддий муаммога дучор бўлганини эслолмайман.
Қўли иш билан банд бўлган кишининг хаёли чалғимайди, кимгадир фойдаси тегади. Турли синов ва довонларни енгиб ўтишга қийналмайди. Бу иш қанча эрта бошланса, натижаси шунча самара беради. Кичиклигидан меҳнатга ўрганган бола ўсмирликда ҳам ўзининг бор куч-ғайратини фойдали ишларга сарфлайди.
Бугун юртимизда ёшларни спортга кенг тарғиб этиш замирида ҳам аслида жуда катта мақсад мужассам. Аввало, жисмоний фаоллик уларни ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб вояга етишига ёрдам беради. Қолаверса, бўш вақтини фойдали ишга сарфлашида ҳам катта аҳамият касб этади. Спортнинг қандай тури бўлмасин, ҳаракат ва куч сарфлашни талаб этади. Ўсмирлик даврида эса, бу жуда муҳим. Ғайрати ошиб, кучини нимага сарф этишни билмаётган бир вақтда уни тўғри йўналтириш — кони фойда.
Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан бир ҳикматни англаш мумкин: ўсмирлик ўғил-қиз учун ҳам жуда оғир ва синовли давр. Бундан қоқилмай, қийинчиликларни осон енгиб ўтишда эса, ота-оналарнинг ҳиссаси катта. Фарзандимизнинг ҳар бир ҳаракатидан хабардор бўлиб туриш, унинг дўстлари, суҳбатдошлари кимлигига кўпроқ аҳамият қаратишимиз зарур. Агар бирор хатога йўл қўйганда ҳам буни ётиғи билан, дўстона муҳокама қилиш керак. Балоғат ёшидаги боламизни ҳали ҳам гўдак санаб, койиб бериш акс таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас. Фарзандимизнинг келажакда бахтли ҳаёт кечириши ҳар жиҳатдан бизга боғлиқ эканини унутмайлик.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Парвозларнинг метеорологик хавфсизлиги таъминланади
🕔15:55, 21.05.2026
✔36
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология хизмати инфратузилмасини ривожлантириш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини метеорологик таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Батафсил
«Олтин қалам» XX Миллий мукофоти учун халқаро танлов
🕔08:50, 23.04.2026
✔113
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, Янги Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, миллий контентни бойитиш, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни рағбатлантириш мақсадида «Олтин қалам» XX Миллий мукофоти учун халқаро танловини эълон қилади.
Батафсил
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔178
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил