Шодмон ОТАБЕК

Қаҳрамон мактабдан чиқиб, тўғри уйга келди. Айвонни супураётган Холтожи хола ўғлини кўриб, ишини тўхтатди.

СОЧ

— Яна сочингни олдирмадингми? Турқингни қара, девонага ўхшайсан! Қулоғингга гап кирадими ўзи?

— Киради.

— Кирса, нега олдирмадинг?

— Уста уйда йўқ экан…

Қаҳрамон ёлғон гапираётганимни ойим сезиб қолмасин деб, ерга қараб минғирлади.

— Қаёққа кетибди?

— Тўйга.

— Ўлсин тўйга бормай. Ис чиққан жойни юз чақиримдан билади бу искович! Майли, ҳали отанг келсин, устарада ўзи бақиртириб опқўяди.

— Ойи, жон ойи, мен ўзим...

— Ўзим! Ўзим! Ўзингга қўйиб берса, жа-а талтайиб кетяпсан, — Холтожи хола ўғлининг илтимосидан сал юмшади. — Бешинчида ўқисанг ҳам битта сочингни эплай олмайсан. Кир уйга, овқатинг совиб қолмасин.

Қаҳрамон бўшашибгина ичкарига кирди. Сумкасини токчага отиб, ойнага тикилди. Қоп-қора, пахмоқ сочлари ўсиб, қулоқлари ва кўйлак ёқасини қоплаган. Эски сандиқ остидан ойисининг ёғоч тароғини топиб, сочини ҳафсала билан тарай бошлади. Аммо ҳарчанд уринмасин, сочи тароққа бўйсунмасди. Қаҳрамон жаҳли чиқиб, тароқни эшикка қарсиллатиб урди. Остонада мудраб ётган қора мушук чўчиб айвонга қочди.

Ҳарбийдан қайтган Фозил тоғасининг ялтироқ, сип-силлиқ, чиройли сочларига Қаҳрамоннинг жудаям ҳаваси келганди. Шундан буён у ёлғиз қолди дегунча ойнага тикилади. Сочини дурустроқ ўстириб, тумандаги катта сартарошхонада соч қўйдиришни кўнглига тугиб қўйди. Маҳалладаги Ҳаким устага ишониб бўлмайди. Сўраб ўтирмасданоқ устарада бошни тап-тақир қилиб қўяди. Мабодо бола соч қўйиб қўясиз, дея хархаша қилса, пешонада товуқнинг патидек бир тутам соч қолдиради. Шубҳасиз, бунақа соч энди Қаҳрамонни мутлақо қониқтирмайди. У аллақачон туман марказидаги сартарошхонага бориб, соч қўйдириб оларди-ю бобосини ўйлаб шаштидан қайтарди. Негадир шапка кийган, соч қўйганларни бобосининг жини суймайди. Отаси билан ойиси ҳам шубҳасиз бобонинг раъйига қарашади.

Хуллас, ўша-ўша Қаҳрамон Фозил тоғасининг сочини кўрди-ю истаги қатъийлашди. Дарвоқе, энди у кичкина эмас, икки йилдан буён «катта мактаб»га қатнаяпти. Қишлоқларидан икки чақирим наридаги тўрт қаватли ўн йиллик мактабни болалар шундай дейишарди.

Эртаси куни Қаҳрамон дарсдан чиқиб, автостанция ёнидаги сартарошхонага йўл олди. Одатича, этикдўзнинг дўкони ёнидан ўтаётиб, ичкарига аста мўралади. Парда тутилган деразадан бемалол ўз аксини томоша қилиш мумкин эди. Қаҳрамон ойнадан афт-ангорини кўраркан, ўзича мамнун бўлиб, сочини, сўнг иягини силаб қўйди.

У сартарошхонага бироз ҳадиксираб кириб борди. Атир ва совун ҳиди димоғига урилди. Фақат битта сартарош ишлаётганиданми, мижозлар анча тўпланиб қолибди. Қаҳрамон тортиниб-қимтиниб, навбатда турди. Тепакал, нақ лунжигача гажак қўйган, бурни япасқи сартарош унга бир қараб қўйди. Устанинг ишини кузатаркан, Қаҳрамоннинг юраги сиқилиб кетди. Назарида сартарош бир жойда туриб югураётган одамга ўхшарди: «Қизиқ, соқол тугул бир дона тук қолмаса ҳам қиртишлайвераркан-да. Мабодо ўтирган одамнинг қитиғи келса нима бўларкан?»

Ниҳоят, Қаҳрамоннинг навбати келди. У нозик бир нарсани босиб олишдан чўчиётгандек секин бориб юмшоқ ўриндиққа чўкди. Сартарош Қаҳрамонга ёвқараш қилди:

— Хўш, нима хизмат?

— Анақа, ҳалиги... соч қўйиб қўйинг.

— Қанақа?

Қаҳрамон нима дейишни билмай, жавдираб тураверди.

— Шунақа-да, ўзинг билмайсану қанақалигини, тағин туяга ўхшаб ҳаммомни ҳавас қиласан. Полубоксми, боксми, молодёжнийми — қанақаси керак сенга?

Қаҳрамон шундай муҳим нарсани сўраб, билиб олмаганига афсусланди.

— Фозил тоғамникидақа бўлсин! — Қаҳрамон қидирган нарсасини топгандек, беихтиёр шундай деб юборди.

— Ҳе, Фозил тоғангни қара-ю?! Ҳў-ўв бола, кўп бошимни қотирма! Ғашимга тегаверсанг, ҳозир ҳайдаб соламан. Муштдек бошинг билан олифтагарчиликни ким қўйибди сенга? Елкадан соч қўйиб юришингга ҳали беш-олти қовун пишиғи бор.

— Майли, боланинг ҳам сазаси ўлмасин, уста, — навбатда турган мижозлардан бири салмоқли луқма ташлади. Сартарош Қаҳрамоннинг бўйнини кирланиб кетган чойшаб билан боғлади.

Рўпарадаги тошойна баландроқ бўлгани учун Қаҳрамон ўзини кўролмай, дарди ичида ўтирарди. Шу тобда сочини бирам кўргиси келдики... Қанақа бўларкан? Ўзиям катта одамга ўхшаб қолса керак. Фозил тоғасининг сочига ўхшармикан? Эҳтимол, ундан ҳам чиройлироқ бўлар. Кўрганлар ҳавас қилар. Ўзиям ҳар куни ироқи совунда ювиб, тарайди-да. Дарвоқе, ойиси нима дер экан? Олдинига бироз койиши мумкин. Аммо сочнинг ўғлига нақадар ярашганини кўрса, меҳри товланиб, ийиб кетар-ов. Балки, «Тоғасига ўхшаб соч қўйган боламдан ўргулай», дея суйиб, эркалар. Майли, эркаламаса ҳам ишқилиб уришмаса, кичкиналигидақа ухлаётганда қайчида «чалабош» қилиб қўймаса бўлди.

Сартарош чойшабни йиғиштириб олди-да, сочни қоқмасданоқ чойшабнинг бир учи билан бўйнидаги қилларни тозалаб, пуфлаб қўйди. Қаҳрамон чап қўлида маҳкам сиқимлаб олган пулни секин узатди. Сартарош негадир пулни санамай, қутига ташлади ва навбатдаги мижозни чақирди.

Қаҳрамон шошиб кутиш хонасидаги ойна қаршисига борди. Сочини кўриб, анграйиб қолди. Бу қанақа соч бўлди? Фозил тоғасиникигаям, Ҳаким уста қўядиган сочга ҳам ўхшамайди-ку?! Устаси тушмагур бошининг ўртасида бир тутамгина «оролча» қолдирибди, аммо бу «оролча» ҳам чап томонга анчагина оғиб турибди. Қаҳрамон боя бошини кўпроқ солинтириб турганини эслади. Уста ҳам хаёл билан «оролча»ни чап томонга кўчириб қўя қолибди.

Сартарош қаршисида яна Қаҳрамонни кўриб, ҳайрон қолди.

— Тағин нима керак?

— О-опташанг ҳаммасини! — деди Қаҳрамон йиғламсираб.

— Нима, отангдан сўрамовдингми? Ўзим ҳам бежо туришингдан сезувдим-а! Майли, опташлаш осон. Соч учун энг яхши асбоб — устара! Бош росаям яйрайди-да устарадан кейин. Оламга худди янгидан келгандек бўласан...

Бу гаплар энди Қаҳрамоннинг қулоғига кирмасди. Ёноқларидан қуйилаётган ёшнинг шўр таъмини туйиб, алам билан ютинди. Кўз олдида Фозил тоғасининг қоп-қора, силлиқ, ялтироқ сочлари хира намоён бўлди...




Ўхшаш мақолалар

Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

🕔16:15, 19.02.2026 ✔145

Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

Батафсил
Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

🕔16:04, 19.02.2026 ✔103

Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

Батафсил
Бир байт  ва икки тақдир

Бир байт ва икки тақдир

🕔14:57, 12.02.2026 ✔103

Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 145    🕔 16:15, 19.02.2026
  • Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

    ✔ 103    🕔 16:04, 19.02.2026
  • Бир байт  ва икки тақдир

    Бир байт ва икки тақдир

    Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

    ✔ 103    🕔 14:57, 12.02.2026
  • Инсоннинг  жавҳари  нима?

    Инсоннинг жавҳари нима?

    Бир куни ҳовлида кир ювиб туриб билмасдан шиллиққурт устига қайноқ сув тўкиб юборибман. Шиллиққурт бир-икки тўлғониб юришга ҳаракат қилди. Ва анча олдинга силжиди ҳам. Сўнг устидаги шиллиқ пардаси ажралиб тушди ва... ҳаракатсиз қолди.

    ✔ 98    🕔 14:56, 12.02.2026
  • Қушларни  Тинглаш қайғуни  бартараф этади

    Қушларни Тинглаш қайғуни бартараф этади

    Чжецзян университети олимлари ўтказган тадқиқот хулосаларига кўра, қушларнинг сайрашини тинглаш худди онгли нафас олиш медитацияси сингари қайғу ҳиссини енгишда деярли бир хил самарали ҳисоб­ланади. Тадқиқот натижалари Applied Psychology: Health and Well-Being журналида эълон қилинди.

    ✔ 206    🕔 16:26, 11.12.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар