Дашту далаларни айланиб бўлиб, Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳридан Жиззах томон қайтмоқда эдик. «Мирзачўл-Жиззах» катта йўли ўнгу сўлидаги ариқ ва катта йўл ёқаларида сон-саноқсиз саф тортган жинғил (юлғун) буталари учрайди. Офтоб тиғига дош бериб кўкка бўй чўзаётган ушбу буталар чор-атрофга ўзгача кўрк-тароват бағишлайди.
Бу бутазорлар қанчадан-қанча судралиб юрувчилар ва бошқа жонзотларга муқим бошпана, озуқа ва емиш топишнинг асосий манбаи ҳисобланади. Юзлаб турдаги фойдали ҳашаротлар учун керак пайтда хавф-хатарлардан асрайдиган жой ҳисобланади жинғил буталари. Мирзачўлнинг ҳақиқий кўрки бўлган бу бутасимон дарахт ҳозирги кунда зовурларнинг қирғоқларида ҳам топилади.
Кейинги йилларда ғалладан бўшаган экинларга ўт қўйиб юборилиши оқибатида бу ўсимликка ҳам жиддий зиён етмоқда. Баъзида эса зовурларнинг ҳимоя зоналарига ҳам атай ўт қўйиб юбориляпти. Ўт-ўланга қўшилиб жинғиллар ҳам ёниб, зовур атрофини файзсиз ҳолатга келтириб қўймоқда. Оқибат, шу атрофдаги ҳайвонат дунёсига ҳам катта зарар етяпти.
Одатда қушлар жинғилга ин қурмайди. Аммо қанотли дўстларимиз уни устида полапонлари билан учиб-қўниб ўйнашни хуш кўради. Сирасини айтганда, жинғил Мирзачўлнинг энг керакли ўсимлигидир. Жинғилзорлардаги жониворлар миграцияси қандай кечяпти? Улар ушбу жараён чоғида бошқаларни сиқиб қўймайдими? Ёки бошқа жойда кўпайиб кетмайдими? Шу сингари талай саволлар кўпу, аммо жўяли жавоб йўқ.
Сўнгги пайтларга келиб, жинғил ўсимлиги аҳволи баттар хароблаша бошлади. Тўғрироғи, қўлига болта ушлаган одам йўл ва зовур бўйларини яшнатиб, чиройли этиб турган минг-минглаб буталар остидан кесиб кетишнинг зап ҳадисини олди. Оқибат бир-бирига «қўл бериб», яқин ўсган ўсимлик йўқлик сари завол тутмоқда. Унинг сони йилдан-йилга камайиб, йўқолиб бормоқда. Тўғри, дастлаб қиш кунлари аҳоли ноиложликдан, уйини иситиш учун бу ишга қўл ураётгандир, деган фикрда эдим. Аммо бу ўсимлик йўқолишига сабаб, асосан, экинларга ҳалақит беради, деб уни остидан чопиб ташланаётгани экан.
Ҳар йили қишда аҳоли орасида жинғил ва бошқа ўсимликларни кесмаслик, уни нобуд этмаслик масаласи кўтарилади. Чунки, табиатда ҳар бир турнинг ўрни, вазифаси бор. Бордию, нимадир бўлиб ўша мувозанат бузилгудек бўлса, унинг жабрини одамзот тортишга маҳкум. Афсуски, орамизда она табиатга мислсиз зиён-заҳмат етказишдан тоймайдиган, қулоқсиз инсонлар оз бўлсада учраб туради. Мабода сиз уларга «Оғайни сиз, нотўғри йўл тутаяпсиз», деб айтгудек бўлсангиз, дарҳол «биттагина бута кесилгани билан осмон узилиб ерга тушармиди», дея жиртакилик қилади. Қолаверса, очиқ, яйдоқ далада ўсган жинғилларга «кўз-қулоқ» бўлишнинг иложи йўқ. Инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин.
Аслида биз учун кичик, майда масаланинг ўзи йўқ. Шундай бўлгач, йўл ва ариқ ёқаларига ажиб бир жозиба, уйғунлик бахш этиб турган жинғилни йўқотишга зўр бермайлик. Зеро, биз бугун асраган ўсимлик эртанги авлод кўзини қувонтиради. Фақат сўз билан, тушунтириш билан бирор бир натижага эришиш қийин. Кўпчилик биладими-йўқми Жиззах, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл катта асфальт йўли бўйи яқинидаги аҳоли жинғилни таг-томири билан чопиб олиб кетяпти. Шу важдан қуйидаги таклифларни баён қилмоқчиман: Аввало, аҳоли ўз вақтида газ ва кўмир каби табиатга қирон келтирмайдиган ёқилғи маҳсулотлари билан таъминланиши керак. Ўсиб келаётган ёш авлодга экологияга оид қонунларни шунчаки, юзаки эмас, чуқурроқ ўргатиш, мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юртларида экология илмидан сабоқларга жиддий эътибор қаратиш. Яна, ҳар бир вилоят ва туманларнинг ўз «Қизил китоби» бўлса...
Ана шунда бугунги экологик қалтис вазиятнинг илдизига болта урилиб, муаммолар қисман бўлсада камаярми?!
Улуғбек ЖУМАЕВ,
«Оила даврасида» мухбири
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔145
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔103
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил