Бугун инсоният олдида турган кечиктириб бўлмас вазифалардан бири олий неъмат саналган она табиат мувозанатини ҳимоя қилиш, имкониятлардан мақбул равишда фойдаланиб, ривожланишни давом эттиришдир. Боиси нафақат юртимиз, балки бутун дунё иқлим ўзгариши хавфи остида яшамоқда.
Қувонарлиси, Экологик партиянинг ҳаётбахш ислоҳотлари, «яшил» ривожланиш йўлига асос солишдаги аниқ ташаббус ва тарғиботлари боис жамиятимиз аъзолари кундан-кунга келажакда экологик соф – «яшил» тараққиёт йўли ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиши зарурлигини тушуниб етмоқдалар.
Маълумки, Экологик партия «яшил иқтисодиёт» ва «яшил тараққиёт»ни ҳар жиҳатдан жадаллаштириш тарафдори. Бугунги кунда экологик вазиятнинг бузилиши, нафақат мамлакатимиз, балки глобал миқёсдаги муаммодир. Буни биргина Орол фожиаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Айнан инсонларнинг хатти-ҳаракатлари, одамзоднинг хатоси боис Орол фожиали аҳволда қолмоқда. Келажак авлодлар олдида айбдор бўлиб қолмаслик учун бу хатони бугун тузатмоқ керак.
Мамлакатимизда бир йилда 220 минг тонна заҳарли газ атмосферага тарқалади. Ҳақли савол туғилади? Бунинг олдини олиш мумкинми? Биргина Навоий вилоятининг Кармана туманида 110 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобига 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилган. Агар мана шу лойиҳа тўлақонли амалга ошадиган бўлса 80 млн. метр куб табиий газ тежалади ва 60 минг тонна заҳарли газ атмосферага тарқалишининг олди олинади.
Бугунги кунда «яшил» молиялаштириш, тармоқ ва ҳудудларни «яшил» иқтисодиётга ўтказиш индекси тарғиб қилинмоқда. Агар статистик рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, атмосферага тарқалаётган мана шу газлар ва чиқиндилар соғлиғимизга жуда ҳам катта салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам экопартия фаоллари томонидан бонг урилмоқдаки, энергетика соҳасини бугун ислоҳ қилишимиз керак.
Энергетика соҳасининг асосий драйвери сифатида, албатта илм-фан ва инновацион технологияларга урғу берилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги саноат корхоналарига 6,5 мингта чанг ва ис газларини тозалаш ускуналари ўрнатилган. Минг афсуски, ушбу ускуналарнинг 60 фоизи бутунлай эскирган.
Биринчидан, соҳага яшил тарифларни киритиш, умумий энергетика масаласида қайта тикланадиган ва муқобил энергия ресурсларини 40 фоизга чиқариш, қурилиш соҳасини бошқариш, яъни эко қишлоқ, эко ҳудуд ва эко уйлар қуриш тизимига ўтиш керак. Эко маҳалла, эко оила ва эко фуқаро концепциясига ўтишни ҳам ортга суриб бўлмайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бугун давлатларга баҳо бераётганда аҳолининг умргузаронлиги, яъни умр кўриш ёши ва саводхонлик даражасига алоҳида эътибор қаратади.
Умргузаронлик, умрни узайтиришда энг муҳим жиҳатлар экологик тозалик билан боғлиқ. Улар – тоза ҳаво, тоза ичимлик сув, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари, соғлом турмуш тарзи ва санитария-гигиена масалалари.
Шу жиҳатларга эътибор қаратилса, инсонларнинг, ёшларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, умрини узайтиришда қўл келади. Аҳолимизнинг ўртача умр кўриш ёши 65-72 ёшни ташкил этар экан, бу кўрсаткични узайтириш учун ҳам экологик тоза ҳаёт ўта муҳим.
Бозорда нарх-навонинг барқарорлигига эришиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш маҳсулотга сарфланаётган ишлаб чиқариш ресурсларининг нархи ва ишлаб чиқариш унумдорлигининг юқори ёки пастлигига боғлиқ. Юртимизда битта қишлоқ хўжалиги ходими 14 кишини озиқ-овқат билан таъминлаши мумкин. Ривожланган мамлакатларда эса бу кўрсаткич 20 га тенг. Шунинг учун ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини етиштираётган ресурсларга эътибор қаратиш керак.
Ақлли қишлоқ хўжалигига ўтиш эса нарх-навонинг пасайишига катта таъсир ўтказади. Тупроқ унумдорлигини ошириш, тежамкор ресурслардан фойдаланиш, томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғоришда яшил технологияларни жорий қилиш, ўз навбатида иқтисодиётни барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Қуёш, шамол, сув ва атом генерациялари «яшил» энергетика билан муқим таъминлаш учун энг мақбул мувозанатни ҳосил қилади. «Яшил тўртлик» – тўртта асосий экологик тоза генерация: шамол, қуёш, гидро ва атом генерацияларидан экологик тоза энергия манбалари ишлаб чиқаришда фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида бугунги кунда ортиқча сўзлашга ҳожат ҳам қолмади, бундан деярли ҳамманинг хабари бор. Қуёш нури бепул ва туганмас ҳисобланади. Шамол энергетикаси эса одатий усуллар билан электр энергиясини етказиш қийин бўлган жойлар учун энг мақбул ечимдир.
Шунинг учун ҳам бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифаларидан бири бу яшил тараққиёт йўлидир. У орқали нафақат жамиятимиз, балки бутун дунёдаги экологик муаммоларга ечим топиш мумкин бўлади.
Шерзод МУСТАФОҚУЛОВ,
Қўқон университети ректори,
иқтисодиёт фанлари
доктори, профессор
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔51
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил
Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси
🕔14:58, 12.02.2026
✔115
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.
Батафсил
Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди
🕔14:55, 12.02.2026
✔103
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.
Батафсил