Ҳиндистонда ўтказилган жарроҳлик амалиётида фарғоналик аёл эрига ўз жигарини берди, ҳозир иккаласи ҳам соғлом...
Аёл кишининг матонати, иродаси ҳақида кўплаб фильмлар кўрганмиз, эшитганмиз ёхуд ўқиганмиз, уларни ўзимиздан қандайдир узоқда, олисроқда тасаввур қиламиз. Аммо бундайлар жуда яқинимизда, балки орамизда эканини баъзан сезмай ҳам қоламиз. Яқинда фарғоналик бир аёлнинг бошдан ўтган қийинчиликлари, турмуш ўртоғининг ҳаётини сақлаб қолиш учун бор будидан ҳам кечмоқчи бўлганлигини эшитиб қолдим, сўнг у билан учрашиш фикри туғилди. Қўштепа туманидаги «Карнайчилар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳтарамхон Матмусаевалар хонадонидамиз. Уй анча сариштали. Ҳовлидаги узум токларига ҳавасингиз келади. Оила соҳиби Шуҳратжон ва Муҳтарамхон бизни самимий кутиб олди. Улар билан суҳбатлашарканмиз, бошдан ўтказган кунларини кўз ёшларини тиёлмасдан айтиб беришди. Эр-хотин ўртасидаги садоқат ва ишончни кўриб, оиланинг мустаҳкамлигига амин бўлдик.
– Эркак кишининг садоқатли турмуш ўртоғи бўлиши катта бахт аслида, – дейди Шуҳратжон Матмусаев. – Менда ўша бахт ва омад бор деб ўйлайман. Аёлим оиласи учун тинимсиз ҳаракат қилади. Аёлим боримга ҳам, йўғимга ҳам қаноат қилиб яшаб келяпти. Бошимга тушган дардни аритишда унинг ҳиссаси жуда катта бўлди. Қон гуруҳимиз бир хил бўлгани учун жигарининг ярмини менга ҳадя қилди. Мана шундай фидокор ва меҳрибон турмуш ўртоғим борлигига минг шукр айтаман. Дарҳақиқат, ҳаёт бир текисда давом этмайди. Унинг синовларига бардош бериш учун ҳам Аллоҳ инсониятни жуфти билан яратган. Меҳр-муҳаббат ила боғланган ришталар бошга ташвишли кунлар тушганда билинади. Улар бир-бирларига елкадош бўлиб, биргаликда оғир кунларни енгиб ўтади.
2015 йил Шуҳратжон Россияда ишлаб юрганида касаллик аломатлари пайдо бўла бошлади. Шифокорлар унга жигар циррози ташхисини қўйишди. У юртига қайтди.
Касаллигидан аёли хабар топди ва турмуш ўртоғининг дардига малҳам топиш ҳаракатига тушди. Тошкентга бориб, тиббий илмий марказларга учради.
– Ўша кунларни эсласам, дод дегим келади. Ҳар гал пойтахтдаги шифокорлар ҳузурига отланарканмиз, минг турли хаёллар юрак бағримни эзиб ташларди, – дейди Муҳтарамхон. – Лекин ҳеч қачон умидимизни узмадик. Мутахассислар жигарни кўчириб ўтказиш фақатгина хорижда амалга оширилишини, бунинг учун анчагина маблағ кераклигини айтди. Эрининг соғлиғи учун ҳатто яшаш уйининг ярмини сотмоқчи ҳам бўлишди. Хайрият, ҳаётда яхши одамлар кўп экан. Вилоят ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам яқиндан ёрдам берди. Барча текширувлардан ўтиб, ҳужжатлар тахт бўлгач, 2019 йилда Ҳиндистонга боришди. Муҳтарамхон жигарининг бир қисмини Шуҳратжонга берди.
– Муҳими, турмуш ўртоғим бахтимизга соғ бўлсин, бош омон бўлса, қолгани топилади, – дейди бу фавқулодда матонатли ва келажакка умид билан боқувчи аёл. – Мамлакатимизда ҳам бу каби операциялар секин-аста йўлга қўйилаётганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Айни пайтда иккаламизнинг ҳам соғлиғимиз яхши.
Ҳа, қаҳрамонимизнинг матонати бир инсон, оила тақдирини сақлаб қолди. Лекин бу ҳаракат замирида қанча сабр-бардош, жасорат ва олға интилиш мужассам.
Баъзан арзимас сабаблар билан ажрашаётган, ажралишга интилаётган оилалар ҳақида эшитиб, мана шу оилани ёшларга ибрат қилиб кўрсатгим келади.
Турмуш «мушт»ларига сабр билан жавоб бериш, тақдирнинг кутилган-кутилмаган зарбаларига матонат ила тик боқиш, пок ният ила саъй-ҳаракат қилиш кун келиб албатта ўз самарасини беради, қувончли дамларга элтади.
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,
ЎзА
Муқимжон ҚОДИРОВ
олган сурат.
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔145
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔103
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил