Ўлкамизга баҳор келиши билан далалар, томорқаларда, боғ-ҳовлиларда турли шифобахш кўкатлар, гиёҳлар униб чиқишни бошлайди.
Ариқ бўйларида ялпизнинг хуш бўйи таралади. Қиру адирлар узра майсалар гилами ёйилади, чучмомалар унга безак бўлади. Кексаю ёш табиатнинг эрка фаслини бараварига олқишлайди. Кўм-кўк далалар бағрида чинакам Наврўз шодиёналари бошланиб кетади.
Эсимда, болалигимда Наврўзни шунақанги интиқ бўлиб кутардим. Бир мен эмас бутун қишлоқ ўзгача истак билан Наврўзга ошиқарди. Чунки ушбу байрамда қишлоғимиз ўртасида катта дошқозонларда сумалак пишириларди. Ош қилинарди. Айниқса, мактабимизнинг оқланган деворига нур тушириб қўйиб бериладиган фильмлар, мультфильмларни эсласам ҳалигача дилимда ширин бир энтикиш туяман.
Бутун қишлоқ аҳолиси тайёргарлик кўрган Наврўз жудаям кўтаринки ўтарди. Беллашувлар, айтишувлар, куй-қўшиқлар ҳамма-ҳаммаси жудаям ажойиб эди. Ҳис-туйғуларни сўз билан таърифлаб беролмайман. Ушбу байрамда ёшу қари бирдек маза қиларди, яйрарди, яшнарди.
Байрам уч кун давом этарди. Бир кун олдин биз болалар орасида «Оқсуяк», «Эшак минди» каби халқ ўйинлари, турли мусобақалар, арқон тортишлар ўтказиларди.
Ғолибларга мукофот тайинланарди. Мен учун эса бу байрам, орзулар, интилишлар, яратишлар, ижод, меҳр-оқибат, соф туйғуларни англатади.
Баҳор келиши билан қилинадиган дармонга бой таомлар, айниқса жону дилим эди. Аслида ким ҳам баҳорий таомларни хуш кўрмайди дейсиз? Наврўз дастурхонига пишириладиган кўк сомса, кўк чучвара, хоним, сумалак ва бошқа таомлар дармондори бўлиши билан бирга, уни пишириш жараёнида ҳам бир олам завқ олардик.
Мен учун бу байрам ҳалигача қадрли. Уни ҳар бир тасвиригача хотирамга муҳрлаганман. У менинг болалик хотираларимга жойланган. Сумалак қилинаётган дошқозон бошида болаларча ният қилганларим, юрагимга орзуларни жойлаганларим...
Ҳалигача Наврўзни ўзгача бир иштиёқ билан кутаман. Гарчи унинг шукуҳи илгаригидек бўлмаса ҳам, гарчи қишлоғимизда ҳам уни олдингидек нишонлай олмаётган бўлсак ҳам.
Инсон улғайгани сари мўъжизаларга ишончи камайиб боради. Болаликдаги катта ва сирли бўлиб кўринган нарсалар ўз хислатини йўқотгандек оддийлашади. Аслида кузда баргини тўккан дарахтларнинг баҳорда гулларга бурканиши, тоғу адирларга жило берган камалак ранг гулларнинг чаман бўлиб очилиши, қушлар чуғури – буларнинг бари бир мўъжиза. Табиатнинг бизга берган туҳфаси. Биз буларни ҳис қилиш учун табиатга яқин, унинг она бағридек хотиржамлик берувчи қўйнида кўпроқ бўлишимиз, уни қадрлашимиз керак.
Ушбу сатрларни ёзганим сари барибир ҳув ўша болалигимда мактабимизнинг ям-яшил табиий чим билан қопланган майдонида ўйнаб юрган толпопук таққан қизалоқни, онамнинг ялпиз иси келиб турган шафтолигул кўйлагини, ўчоқда жиз-жиз қилиб қовурилаётган кўк чучварани, кўк сомсага исмалоқ ва ялпизни майда қилиб чопаётган меҳрибон, ҳокисор момомни соғиниб бораётганимни ҳис қилдим. Юрагимнинг пучмоқларида беркиниб ётган Наврўз соғинчи бош кўтаргандек бўлди.
Хуш келдинг, Наврўзим! Юртимга қут-барака, тинчлик билан келган бўлгин Янги кун, Йилбошим! Менинг дилимга орзулар солганинг каби, бутун юртимнинг, элимнинг, халқимнинг қалбига эзгулик, яратиш, ижод ишқини солгин!
Саида ИБОДИНОВА
Парвозларнинг метеорологик хавфсизлиги таъминланади
🕔15:55, 21.05.2026
✔37
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология хизмати инфратузилмасини ривожлантириш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини метеорологик таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Батафсил
«Олтин қалам» XX Миллий мукофоти учун халқаро танлов
🕔08:50, 23.04.2026
✔114
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, Янги Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, миллий контентни бойитиш, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни рағбатлантириш мақсадида «Олтин қалам» XX Миллий мукофоти учун халқаро танловини эълон қилади.
Батафсил
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔179
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил