Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Дарс бўлган умр

Тоғнинг барча юксаклиги ва салобати ундан узоқлашгачгина билинади. Ўзимиз билган, таниган инсонларнинг қадри ҳақида ҳам баъзан улар бу дунёни тарк этгандан кейин ўйлай бошлаймиз. Аслида борнинг қадри у йўқолгандан кейингина ҳис қилинади...

Дарс  бўлган умр

Таниқли олим ва мураббий, кўплаб журналистларнинг устози Бойбўта Дўстқораевдек самимий ва чинакам инсонни таниган, кўрган, ундан таълим олишдек бахтга мушарраф бўлганлар қаторидан эканимдан чексиз фахр туяман. Менимча, домла бирон бир дарсга ўқитувчилик вазифасини бажариш мажбурияти юзасидан кирмасди. Ҳар бир дарс тафаккуримизда янгидан-янги сарҳадларни очишга қаратилган эканини балки аудиторияда ўтирган пайтимизда унчалик ҳис қилмагандирмиз. Лекин ҳозир ўша дарсларнинг ҳар бири одам бўлиш йўлини танлаган кимса учун муносиб сабоқ бўлганини мулоҳаза қилиш қийин эмас.

Домла бизга яқин тарихимиз – жадидчилик даврининг ҳали очилмаган саҳифалари борасида тўлиб-тошиб баҳс юритарди. Тақдим этаётган маълумотларининг аксарияти бошқа манбаларда учрамаслиги билан аҳамиятли эди. Уларни домла кутубхоналар, қўлёзмалар жамғармаси каби турли масканларда заҳмат чекиб тўплаганди. Ҳатто жадид матбуоти саҳифаларида энг кичик маълумот ҳам домланинг назаридан четда қолмас, улардан катта ва оламшумул ҳиссалар чиқара оларди. Ҳар бир дасрда янгидан-янги маълумотлар тақдим этиш ҳамда уларнинг аҳамиятини таҳлил қила билиш нақадар машаққатли иш эканини ўшанда илғаб-илғамай ўтган эканмиз. Сабаби – талаба деган мардумнинг асосий нишони «баҳо» деб аталувчи жодугардир. Талаба шу матлаб йўлида дарсга қатнайди, қоғоз қоралайди, гоҳи-гоҳида китоб ҳам варақлаб қўяди. Баҳо жодугари талабани илм аталган асл мақсаддан узоқлаштириб бораверади.

Шундай кайфиятда юрганимизда талабалардан бири домланинг нав­батдаги дарсидан кейин берилган уй вазифасини қай тартибда бажариш ҳақида савол берди:

– Домла, вазифани дафтарга ёзиб келайликми ё қоғозгами?

Саволни эшитиб домла одатдаги сокин, лекин ўта теран нигоҳлари билан назар тикди. Бу деярли ҳар куни бериладиган навбатчи савол бўлса-да, жавоб биз кутмаган даражада ажабланарли эди.

– Бунинг ҳеч аҳамияти йўқ, – деди домла. Тўғриси, бу ҳар куни бошқа ўқитувчилардан эшитадиганимиз одатдаги нав­батчи жавоблардан эмас эди. – Истасангиз, мулоҳазаларингизни дастрўмолингизга ёзиб келинг – ўқиб бўлиб, дастрўмолни қайтариб бераман, ювиб яна ишлатаверасиз.

Жавоб бизга ким билан юзма-юз бўлганимизни тўла-тўкис тушуниб олиш учун кифоя қилди.

Бу гаплар ҳақиқий илм минг­лаб расмиятчиликлар, қоғозбоз­ликлар, шунчаки йўлигагина ўйлаб топилган тартиб-қоидалардан юқори туришини англатган эди...

Домланинг ҳақиқий илм йўлидаги шу йўриғи сабабли унга шогирд бўлиш учун йиллаб навбат кутиб турган инсонлар борлигига гувоҳ бўлганман. Чинакам устоз учун бундан-да каттароқ бахт бўлмаса керак, назаримда.

Домланинг бир дарси менинг ҳаё­тимда катта ва салмоқли таъсирга эга бўлганини алоҳида қайд этишни истардим. Ваҳоланки, ўша дарсда тугал бир мавзу ҳақида сўз юритилмади. Бизда курс мавзусини эркин танлаш имконини яратиш учун домла уч хил йўналишдан сўз очди. Мавзулар аҳамияти шу қадар теран очиб берилдики, бизда уларнинг ҳар учаласини танлаш иштиёқи пайдо бўлди. Лекин энг муҳими, ўша маърузада таҳлилга тортилган бир асар бўлди. Дунёнинг қайсидир бир пучмоғида бўлиб ўтадиган воқеаларни домла шунчаки ҳикоя қилиб ўтмасди. Асар мазмунига ҳар биримизнинг ўз ҳаёт йўлимиз, тақдиримиз, келажагимизни мувозий (параллел) қўйган ҳолда тушунтириб берган эди. Бадиий асардаги ўйлаб топилган қаҳрамон воситасида ҳар бир инсоннинг ҳаёти, яшаш тарзи ва умр харитаси кўрсатиб берилганди. Ҳаммага яхши таниш бўлган асарни ўқидик ва уқдик деб ҳисоблаганимиз ҳеч нарса эмаслиги шу суҳбат-маъруза асносида аён бўлди. Шундан кейин тушундимки, менинг ўқиганларим, уққанларим, билдим, деб юрганларим ҳаммаси бекор экан. Ҳаётга фақат овозларнигина эшитадиган ҳайвонлар каби қараб юрган эканмиз. Бизнинг «ўткир» ва «теран» назаримиз бурнимиздан нарини кўришга етмас экан...

Бу гапларни домла бизга овозини кўтармасдан, шаънимизга йўналтирмасдан, бизни танқид қилмасдан гўё шунчаки, йўл-йўлакай англата олган эди.

Назаримда шу биргина дарс учун домладан бир умр миннатдор бўлсак, камлик қилади.

Домлани кўпчилик жадидшунос олим сифатида билади. Домланинг бу даврга оид илмий изланишлари талайгина. Назаримда, домладаги илмий тафаккур маҳсулини фақат жадидчилик билан чеклаб қўйиш адолатдан эмасдай. Домла ҳар қандай мавзуда ўз нуқтаи назарини ифода эта оладиган олим эди. Мен унинг ҳазрат Навоий ҳақидаги бир-икки мақоласини ўқиб, мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий меросини теран идрок этадиган забардаст олим эканини мулоҳаза қилганман.

Бойбўта аканинг шогирдлари, мухлислари жуда кўп. Шундай инсоннинг дарсига қатнашиб, ундан бир нарса ўрганиш бахтига сазовор бўлганлар ҳам кам эмас. Лекин ке­йинги пайтларда домланинг хасталиги туфайли илмий-маърифий суҳбатларидан бир мунча бебаҳра қолдик. Эндиликда домла ҳақидаги хотиралар, домланинг ҳали нашр этилмаган қўлёзмалари, матбуотда эълон қилинган мақолалари, илмий изланишларининг барчасини жамлаб, алоҳида китоб ҳолида чоп этилиши кўпчилик учун манфаатдан холи бўлмасди.

Ўзимиз ва ўзлигимизни унутиб қўймаслигимиз учун бундай китоб­лар жуда зарур, деб ўйлайман.

Кимдир дунёдан ўтса, уни «яхши инсон эди», дея эслаймиз. Ҳа, яхши инсонлар туғилади, орамизда яшайди, куни келиб вафот этади. Бу қонуниятга назар ташлаганда «биз қандай одаммиз», «қандай яшаяпмиз» ва «оқибатимиз қандай бўлади», каби саволларга бир қур жавоб излашимиз муҳим, албатта. Худди шундай бир яхши инсон ўз умрини яшаб, ўз вазифасини бажариб, белгиланган вақтда дорул бақога сафар қилди. Унинг ортидан ҳамма яхши одам эди, деб миннатдор ва рози бўлиб қолди...

Биз-чи, қанчалик яхши одам бўла оляпмиз? Ўзимизга аталган бу ҳаётда нималар қила олдик? Ортимизда қоладиганлар бизни рози ва миннатдор ҳолда кузатадими?

...Ҳамма гап шунда...

 

Камолиддин ШАМС




Ўхшаш мақолалар

Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

🕔16:15, 19.02.2026 ✔145

Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

Батафсил
Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

🕔16:04, 19.02.2026 ✔103

Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

Батафсил
Бир байт  ва икки тақдир

Бир байт ва икки тақдир

🕔14:57, 12.02.2026 ✔103

Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 145    🕔 16:15, 19.02.2026
  • Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

    ✔ 103    🕔 16:04, 19.02.2026
  • Бир байт  ва икки тақдир

    Бир байт ва икки тақдир

    Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

    ✔ 103    🕔 14:57, 12.02.2026
  • Инсоннинг  жавҳари  нима?

    Инсоннинг жавҳари нима?

    Бир куни ҳовлида кир ювиб туриб билмасдан шиллиққурт устига қайноқ сув тўкиб юборибман. Шиллиққурт бир-икки тўлғониб юришга ҳаракат қилди. Ва анча олдинга силжиди ҳам. Сўнг устидаги шиллиқ пардаси ажралиб тушди ва... ҳаракатсиз қолди.

    ✔ 98    🕔 14:56, 12.02.2026
  • Қушларни  Тинглаш қайғуни  бартараф этади

    Қушларни Тинглаш қайғуни бартараф этади

    Чжецзян университети олимлари ўтказган тадқиқот хулосаларига кўра, қушларнинг сайрашини тинглаш худди онгли нафас олиш медитацияси сингари қайғу ҳиссини енгишда деярли бир хил самарали ҳисоб­ланади. Тадқиқот натижалари Applied Psychology: Health and Well-Being журналида эълон қилинди.

    ✔ 206    🕔 16:26, 11.12.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар