Сиз яқинда оила қурмоқчисиз. Аммо ҳеч ўзингиздан «мен оила қуришга тайёрманми?» дея сўраб кўрганмисиз? Бундай тайёргарлик маънавий, руҳий, жисмоний, тиббий тамойилларга асосланишини биласизми?
Никоҳ психотерапевтик хусусиятга эга
Никоҳ шундай психотерапевтик хусусиятга эгаки, у икки севишган қалбни бир-бирига яқинлаштирибгина қолмай, уларни бир-бирининг дарду ҳасрати, қувончу шодлиги билан ҳамоҳанг яшашга ўргатади. Шу сабабли ҳам никоҳ саломатликни сақловчи ва инсон умрини узайтирувчи омил сифатида эътироф этилади.
Ҳар бир инсон келажакка ишонч туйғуси билан яшаши керак. Ўз келажагига ишонган киши бахтиёрроқ, саломатлиги яхши, ҳаётга тез мослашиб кетадиган бўлади. Бу инсоннинг руҳий саломатлиги, ички барқарорлиги билан боғлиқ жараён. Руҳий барқарорликни сақлаш ҳар кимнинг ўз қўлида эканини унутмаслик зарур. Руҳий саломатликни сақловчи омилларга босиқлик, хотиржамлик, ахлоқий поклик, ҳалоллик, виждонлилик, имон-эътиқод, масъулият ҳисси, ўзига ишонч, тушкунликка тушмаслик, ҳаракатчанлик, сабр-қаноат ва бошқалар киради. Хўш, ана шу сифатлардан қайсилари сизда мужассам?
Ирсий хасталиклар мероси
Оила қуряпсизми, албатта, ўз саломатлигингизга эътибор берган ҳолда, тиббий кўрикдан ўтишингиз лозим. У фақат маълумотномани қўлга киритиш учун номигагина, расмиятчилик юзасидан бўлмаслиги керак. Баъзида йигит билан қиз тўйдан олдинги тиббий кўрик пайтида ўзини безовта қилаётган дардларни яширишга уринади ёки бунга беэътибор бўлади. Тўйдан кейин эса қандайдир касаллик борлиги аниқланиб, сурункали ёки юқумли хасталиклар оилавий ҳаётга рахна сола бошлайди. Энг ачинарлиси, айрим касалликларга эътиборсиз бўлиш кун келиб бир умрлик бепуштликка сабаб бўлиши мумкин.
Қолаверса, бўлажак ота-она вужудидаги касаллик туғилажак фарзандга ҳам ўтиши мумкин. Ирсий хасталикларни даволаш эса жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Оилавий ҳаётнинг гўзал ва фаровон бўлиши ҳамда соғлом зурриёдга эришиш учун ҳар иккала ёш никоҳдан олдин, албатта, саломатлигини жиддий текширувдан ўтказиши зарур.
Махсус имтиҳон
Оила қуриш учун жисмоний тайёргарлик энг муҳим бўлиши билан бирга бугун кўпчилик унча аҳамият бермай келаётган жиҳатлардан бири. Авваллари жисмоний чиниқиш масаласига алоҳида эътибор қаратишга унчалик ҳожат бўлмаган. Сабаби, кишилар жисмоний меҳнат билан кўп шуғулланган. Дейлик, наҳорда қўй ёғи-қўй гўштига дамланган ош еган эркак кун бўйи далада кетмон чопган, от минган... Аёлларимиз ҳам чарх йигиришган, кели туюшган... Бугун эса вазият бошқача. Ҳозир кўпинча бир жойда ўтириб ишланади. Ҳатто, телевизор каналини алмаштириш учун ҳам ўриндан туриш шарт эмас. Камҳаракат бўлиб қолганимиз сабабли спорт билан қўшимча шуғулланишга эҳтиёж сезиляпти. Тананинг жисмоний жиҳатдан нимжон ва заиф бўлиши турмуш қурилганининг илк босқичида тез чарчаш, толиқиш, мадорсизлик ва бунинг оқибатида тез-тез касалликка чалиниш ҳолатларини юзага келтиради. Қадимда куёвликка номзодларни ўтин ёрдириб, қизларни овқат пиширтириб синовдан ўтказишгани бежиз эмас. Инсон қанча серҳаракат ва бақувват бўлса, унинг мушак ҳамда суяк тузилиши ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Жисмоний меҳнат ва ҳаракатлар билан ўзини мунтазам чиниқтириб бормаган қизлар она бўлишда кўплаб муаммоларга дуч келишининг боиси ҳам шу.
Қолаверса, камҳаракатлилик иштаҳасизликка ҳам сабаб бўлади. Бу эса бўлажак она ва ҳомила саломатлиги учун хатарли. Шунингдек, синтетик маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш кишини камҳаракат, иштаҳасиз қилиш билан бирга сунъий равишда ортиқча вазн тўпланишига олиб келади.
Ҳар бир йигит-қиз оила қуришга тайёргарликни йиллар давомида тизимли равишда олиб бориши зарур. Бу, аввало, ҳар бир ота-она зиммасидаги бурч ва вазифа. Бундай муқаддас вазифаларга жиддий эътибор ва муносиб тайёргарлик келгусида оилалар фаровонлигига хизмат қилади.
Зулхумор МУТАЛОВА,
Cаломатлик ва тиббий статистика
институти директори
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔188
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔348
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔644
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил