Жараён      Бош саҳифа

Дунёга ғалла танқислиги хавф солмоқда

Дунё миқёсида озиқ-овқат муаммоси билан боғлиқ вазият тобора жиддий тус олмоқда. Россия ва Украина ўртасидаги уруш оқибатида озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кун сайин кучаймоқда.

Дунёга ғалла танқислиги  хавф  солмоқда

Таҳлилларга кўра, жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи 33 фоизга, шакар 14 фоизга, нефть 47 фоизга ошган. Албатта, бу юртимиздаги нарх-навога ҳам сезиларли таъсир кўрсатяпти. Бозор ва пештахталардаги нарх ёрлиқлари ошиш ҳисобига ҳар куни янгиланяпти. Одамлар орасида эса турли гап-сўзлар кучайгандан кучаймоқда: «Уннинг нархи яна ошармиш...»

Хўш, бугунги кунда одамлар учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган буғдой ва ун нархи бўйича вазият қандай? Умуман, Ўзбекистоннинг буғдой захираси қанчага етиши мумкин?

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси дунёда етиштириладиган ғалланинг 1 фоизини истеъмол қилади. Ўзбекистон 2022 йил биринчи чорагида 0,2 млрд. АҚШ долларлик буғдойни хорижий давлатлар (асосан Қозоғистон)дан сотиб олган.

Бу агар буғдойнинг бир тоннаси ўртача 300 доллардан ҳисобланганда 0,67 млн. тонна буғдой оғирлигини англатади.

Жорий йилнинг январь-март ойларида қарийиб 0,1 млн. тонна ун импорт қилинган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийиб 25 фоизга кўп демакдир.

Мана шу рақамларнинг ўзидаёқ ўтган мавсум буғдой ҳосилимиз анча оқсоқлаганини кўришимиз мумкин. Қурғоқчилик қўшниларда буғдой ҳосилини кескин камайтирганидек, бизда ҳам вазият яхши бўлмагани кўриниб турибди. Ўтган йили Ўзбекистонда 7,5 млн. тонна дон маҳсулотлари етиштирилган. Дон маҳсулотларининг 82 фоизини бошоқли дон маҳсулотлари ташкил этган. Яъни 2021 йил 6,2 млн. тонна бошоқли дон маҳсулотлари дала майдонларидан йиғиб олинган.

Расмий статистикада ўтган йили кўплаб ҳудудларда қуруқ баҳор ва жазирама ёз ойининг давомли бўлиши бошоқли дон маҳсулотлари ҳосилини 2020 йилга нисбатан 5 фоизга кам йиғиб олинишига олиб келган. Айрим вилоятларда ҳосил бир йил олдинги даврга нисбатан 12-15 фоизгача камайган. Натижада, ушбу мавсум дон ва ун импортида ҳам юқори сакрашлар рўй бераётгани бежизга эмас.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларида бошоқли дон маҳсулотлари ичида айнан буғдой маҳсулоти неча фоиз салмоқни ташкил этиши ҳақидаги маълумотни топишнинг имкони бўлмади. Айнан ҳозир учун мана шу актуал маълумот қўмитанинг расмий саҳифаларида жой олмаган, очиқланмаган.

Аммо, агро йўналишда узоқ йил фаолият кўрсатган кишиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳозирги шароитда йилига 5-5,5 млн. тонна оралиқда ғалла етиштираётгани ҳақидаги гап сўзлар тез-тез қулоққа чалинади.

5 ёки 5,5 млн. тонна ғалла ҳосили... Юқори селекция ишларини ташкил этган, агро соҳасини рақамлаштириш, суғориш ва парвариш йўналишига мукаммал даражада эътиборини қаратган Украинадан қарийиб 6-7 баробар кам ғалла етиштирамиз. Йилнинг бошидаги биринчи чоракда қарийиб 0,67 млн. тонна буғдой сотиб олганмиз, импорт ун маҳсулотининг буғдой салмоғидаги қиймати инобатга олинса, биринчи чоракда мамлакатда 1 млн. тоннага яқин буғдойни импорт қилишга эҳтиёж бўлган.

– Уч ойда 0,67 млн. тонна буғдой импорт қилишимиз захирамиз тўрва халтаси туби кўриниб, буғдой ушоғи анча камайиб қолганини англатса керак, – дейди иқлимшунос олим Эркинжон Абдулаҳатов. – Балки, рақамлар нетто импорт (воситачи) рақамлари бўлиб, жанубий давлатга чиқиб кетган ғалла кўрсаткичидир. Нима бўлганда ҳам энди ерга меҳр бериб, ғалла ҳосилдорлигини оширишга қаратилган инновацияларни ҳаётга реал қўллаш вақти келди. Фермерни буғдойи ўзиники энди, ўзи хоҳлаган нархига сотади. Ўйлаймизки, келгуси йилдан буғдойнинг гектарига центнер ҳосили кўпайиб боради. Бўлмасам, миллиардлаб доллар пулимиз буғдой сотиб олиш учун ташқарига чиқиб кетаверади.

Ўзбекистоннинг умумий йиллик эҳтиёжи кўриб турганингиздек тахминан 8,5 млн. тонна буғдойни ташкил этади. Бизда эса бунча буғдой дони олиш (бу йил) имконсиз. Ҳозирча шундай. Ушбу мавсум буғдой учун ўтган йилга нисбатан қулай йил бўлишига қарамай, ғалла ҳосили ўтган 2021 йилдан нари борса 15-25 фоизга кўп бўлади. Бу эса ички эҳтиёжни тўлиқ қоплай олмайди.

– 2020 йилда республика бўйича ўртача ҳосилдорлик гектаридан 57 центнерни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 64 центнерга етди. 2022 йилда эса, гектаридан 70 центнер дон олишни режалаштириб турибмиз, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ғаллачилик ва дуккакли дон экинлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулла Мансуров. – Бундай ҳосилдорликнинг ортиши янги навларнинг, уни экишга ажратиладиган ер майдонларининг ошиши ҳисобига амалга ошяпти. Авваллари ғалла уруғликлари асосан давлат корхоналари, дон маҳсулотлари институтлари томонидан четдан олиб келинарди. Мана, ўтган йили кластер, фермер хўжаликлари томонидан 2800 тоннадан ортиқ уруғлик дон олиб келинди ва уларни экиш майдонлари кенгайтирилди. Шунингдек, фермерларимиз тритикале навларини ҳам олиб келишди. Ушбу ғалла нави ҳосили ва сомони мўлроқ бўлгани учун аҳоли истеъмолига янада кўпроқ фойда келтиради. Яна шуниям айтиш керакки, майдонларнинг кенгайиши, ҳосилдорликни ортгани ҳисобига республикада ўтган йилдаги дон захираси 2022 йилнинг август ойигача етарли. Июнь ойида эса далаларимиздан 7 миллион тоннадан ортиқ ғалланинг янги ҳосилини йиғиштириб оламиз. Ушбу ҳосил ўтган йилдагидан 1 миллион тоннадан ортиқ бўлиши режалаштирилмоқда. Республикамиз аҳолиси истеъмоли ва бошқа эҳтиёжлари учун 5,5 миллион тонна дон етарли бўлади. Яна 2 миллион тонна ортиқча дон етиштириш чорва, парранда ва бошқа эҳтиёжлар учун асқотади.

Ўзбекистон Республикаси Президент қарори билан 2022 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

– 1 783 минг тонна буғдой давлат ресурси сифатида;

– 266,5 минг тонна буғдой уруғлик сифатида харид қилинади ва ғалла савдоси бозор муносабатлари асосида амалга оширилади.

Давлат ресурсларига қабул қилинган буғдой учун дастлабки босқичда буғдой етиштирувчи ҳўжаликларга буғдойнинг тоннасига ўртача 3 млн. сўмдан тўлаб берилади ва июль-август ойларида шаклланган биржадаги буғдой нархларидан келиб чиқиб, ушбу буғдой учун сентябрь ойида қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Мисол учун, июль-август ойларида буғдойнинг ўртача биржа нархи тоннасига 3,7 млн. сўм бўладиган бўлса, буғдой етиштирувчиларга яна тоннасига 700 минг сўмдан тўлаб берилади.

Бундан ташқари, 500 минг тонна буғдой ғалла етиштирувчилар томонидан июль, август ва сентябрь ойларида биржа савдоларида сотиш учун дон корхоналарига қабул қилинади. Бу буғдойни фермерлар биржада ўзи сотади ва нархни талаб асосида ўзлари мустақил белгилайди. 500 минг тонна буғдойни дон корхоналарига ташиш ва сақлаш харажатлари давлат томонидан қопланади.

Ғалла етиштирувчилар томонидан биржада сотиладиган 500 минг тонна буғдой ва давлат ресурсларига харид қилинган буғдой биржа савдоларида мулкчилик шаклидан қатъи назар, харид қилинган буғдойнинг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги ун маҳсулотини сотиш мажбуриятини олган барча ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга сотилади.

Бундан ташқари, дунё деҳқонлари учун ҳарбий қарама-қаршиликларга бевосита алоқаси бўлмаган яна бир муаммо бор. Улар мўътадил об-ҳавога муҳтож. Аммо иқлимнинг кескин ўзгариши ортидан келадиган муаммоларнинг кўлами тобора ортиб бормоқда. Британиянинг Меt Office таҳлилларига кўра, глобал исиш бу йил янада кўпроқ ҳудудларни эгаллайди. Бу эса озиқ-овқат, жумладан дунё аҳолисини буғдой билан барқарор таъминлаш тобора долзарб бўлиб бораверади деганидир.

 

Муҳаммадали ЖАББОРОВ,

 ИИВ академияси  курсанти




Ўхшаш мақолалар

Илдизлар  омон  бўлса...

Илдизлар омон бўлса...

🕔14:40, 12.03.2026 ✔60

Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.

Батафсил
Табиат ва инсон муносабатларининг  Теран ифодаси

Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси

🕔14:58, 12.02.2026 ✔117

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.

Батафсил
Олимларимиз  тўлиқ биопарчаланадиган  плёнка ишлаб чиқди

Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди

🕔14:55, 12.02.2026 ✔106

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Илдизлар  омон  бўлса...

    Илдизлар омон бўлса...

    Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.

    ✔ 60    🕔 14:40, 12.03.2026
  • Табиат ва инсон муносабатларининг  Теран ифодаси

    Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси

    Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.

    ✔ 117    🕔 14:58, 12.02.2026
  • Олимларимиз  тўлиқ биопарчаланадиган  плёнка ишлаб чиқди

    Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди

    Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.

    ✔ 106    🕔 14:55, 12.02.2026
  • Сунъий интеллект  Бизни «руҳиятсиз олам»  Сари тортмаяптими?!

    Сунъий интеллект Бизни «руҳиятсиз олам» Сари тортмаяптими?!

    Газетанинг ўтган сонида «Фаровонлик тафаккурни туман билан қопламасин» сарлавҳали таҳлилий мақолани катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ҳаётимиздаги қанча-қанча нарсани исроф қилаётганимизга, тафаккуримиздаги камчилик­ларга ойна тутилибди мақолада.

    ✔ 96    🕔 14:51, 12.02.2026
  • Байрам  кунлари  мамлакатимиз  бўйлаб «Долзарб  20 кунлик» тозалик  тадбирлари ўтказилади

    Байрам кунлари мамлакатимиз бўйлаб «Долзарб 20 кунлик» тозалик тадбирлари ўтказилади

    Унга кўра, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигида республика ишчи штаби ташкил этилиб, тадбир давомида санитар тозалаш корхоналари томонидан барча ҳудудлар қаттиқ маиший чиқиндилардан тозаланади.

    ✔ 195    🕔 09:33, 19.12.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар