Жараён      Бош саҳифа

«Яшил» иқтисодиётга ўтиш йўлидаги стратегик мақсадлар

Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришларини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири сифатида тан олмоқда. Мутахассислар фикрича, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ҳамда унга мослашиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири иқтисодиётни «яшиллаштириш»дир. Бу борада мамлакатимизда ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.

«Яшил» иқтисодиётга  ўтиш йўлидаги  стратегик  мақсадлар

Хусусан, соҳага оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Рес­публикасининг атроф­муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси қабул қилинди.

Президентимизнинг 2022 йил 2 декабрдаги «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора­-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазкур жараёнларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда «яшил» ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурс­ларни тежаш йўлидаги муҳим вазифалар белгиланди.

Қарор билан тасдиқланган 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастурида бир қатор муҳим стратегик мақсадларга эришиш кўзда тутилган. Хусусан, Париж келишуви мажбуриятларига содиқ қолган ҳолда иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш масъулияти юклатилмоқда.

Ушбу мақсадлар учун қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВт.га ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш вазифалари белгиланмоқда.

Саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш, ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига 30 фоиз камайтириш мақсадлари белгиланмоқда.

Шунингдек, иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш мақсадида 1 миллион гектаргача майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этиш йилига 200 миллион кўчат экиш ва кўчатларнинг умумий сонини 1 миллиарддан ошириш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтириш, ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 миллион куб метрдан ортиқроққа етказиш мамлакатда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоиздан ошириш эса аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолатини яхшилашда зарур тадбир ҳисобланади. Шунингдек, қарор билан саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция, 2030 йилгача Ўзбекис­тон Рес­публикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси, 2022-2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари ҳам тасдиқланган.

Шу билан бирга, ҳужжат билан «яшил» иқтисодиётни жорий этиш ва уни ривож­лантириш бўйича ваколатли давлат органлари белгиланиб, мутасадди вазирлик ва идораларнинг бу борадаги вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Шу ўринда юқорида таъкидланган муҳим мақсадлар йўлида қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганини қайд этиб ўтиш лозим. Жумладан, биргина 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида хавфлилик даражаси юқори ва ўрта бўлган металлургия, ёғ-мой, энергетика ва қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи 28 йирик корхонада самарадорлиги 95 фоиздан кам бўлмаган 150 та чанг-газ тозалаш ускунаси модернизация қилиниши ҳисобига атмосферага 2,2 минг тонна чиқинди газлари ташланишининг олди олинди.

Шундай чора-тадбирлар натижасида сўнгги беш йилда атмосферага ташланаётган ташланмалар миқдори 11 фоиз камайди.

Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олишда экологик тоза транспорт воситалари сонини ошириш, ёқилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ҳам мамлакатимизда қатор ишлар қилинмоқда.

Масалан, электромобиллар сони ортиши ёки Тошкент шаҳрида электробуслар­нинг ҳаракати йўлга қўйилгани бунга яққол мисол бўлади. Қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб чиқариш қувватини ошириш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришилмоқда. Жумладан, 2021 йилда Кармана туманида ишга туширилган (лойиҳа қиймати 110 миллион АҚШ доллари, қуввати 100 мегаватт) қуёш фотоэлектр станцияси энергетика тизимидаги биринчи улкан қадам бўлди.

Йилига 252 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи мазкур фотоэлектр станция 30 мингдан зиёд хонадонни қувват билан таъминлаш имконини бериши билан бирга, 80 миллион куб метр табиий газ тежалишига замин яратади. Атмосферага 160 минг тонна иссиқхона гази чиқишининг олди олинади.

Жорий йилда Нуробод туманида ҳам худди шундай станция ишга туширилди. Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси томонидан Навоий вилояти Томди туманида қуввати 500 МВт. бўлган шамол электр станцияси қуриляпти. Умумий қиймати 600 миллион долларни ташкил этувчи мазкур лойиҳа 2024 йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган. У йилига 1 миллиард 800 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Бунинг натижасида йилига 540 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 720 минг тонна зарарли газ чиқишининг олди олинади. 2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қувватини 8000 МВт.га етказиш, 2030 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВт.га ошириш кўзда тутилмоқда.

Давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобига 2022­-2023 йилларда ҳудудлардаги 34 мингдан ортиқ объектда, жумладан, 619 «Янги Ўзбекис­тон» массиви ва 28 мингдан зиёд хонадонда муқобил энергия манбаларини жорий қилиш, вазирлик ва идоралар кесимида 6 мингдан ортиқ объектда энергия сарфи ҳажмида муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш ишлари амалга оширилмоқда.

Сув ресурслари тақчиллигининг олдини олиш борасида ҳам тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, биргина жорий йилда 478 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этиш ҳисобига 534 миллион куб метр сув­ни иқтисод қилиш белгиланган.

Бу ўз навбатида, мавжуд сув ресурс­ларидан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таннархи паса­йишига хизмат қилади.

Кейинги беш йилда 1 миллиард дарахт ва бута кўчати экилиши ҳам шаҳарлар, маҳаллаларимизга файз бағишловчи янги яшил ҳудудлар барпо этилиши, юртимиз иқлимини мўътадил сақлаш, пировардида табиатимизни асраш, аҳолимиз саломатлигини яхшилаш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шу ўринда минтақамизда иқлим ўзгаришларига сабаб бўлувчи Орол денгизи фожиаси оқибатларини юмшатиш, Оролнинг қуриган тубини ўрмонлаштириш, Оролбўйи ҳудуди аҳолиси фаровонлигини ошириш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётганига ҳам тўхталиш зарур.

Сўнгги 4 йил давомида Оролнинг қуриган тубида қарийб 1,7 миллион гектардан ортиқ майдонга саксовул, черкес, шўрга ва қурғоқчиликка чидамли бошқа ўсимликлар уруғлари сепилди ва кўчатлари экилди. Ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиши, ўз навбатида, Орол денгизининг суви қуриган тубидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёти ва фаолиятига салбий таъсирини янада юмшатиш имконини беради.

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда юртимиз ҳудудининг 93 фоизи санитар тозалаш хизматлари билан таъминланиб, қамров 2016 йилдагига нисбатан 18 баробар ортган. 2022 йил 1 октябрига қадар чиқиндилар билан ишлаш йўналишида 79 туман ва шаҳар хусусий шерикларга бириктирилиб, унинг улуши 52 фоизга етказилган. 22 та чиқинди полигони рекультивация қилинган, 8 та полигон ёпилган, чиқиндиларни қайта ишлаш 29,6 фоизга етказилган.

Биргина мисол. «Chust dpk kompozit» МЧЖ томонидан бирламчи ва иккиламчи полиолефин маҳаллий хомашёси ва ёғоч чиқиндилари асосида импорт ўрнини босувчи декоратив ёғоч-полимер композитлари ишлаб чиқариш технологиясини тижоратлаштириш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида йилига 120 минг тоннагача иккиламчи полиэфир ва 150 минг тоннагача ёғоч чиқиндиси қайта ишлан­япти. 200 минг куб метр арзонлаштирилган ёғоч-полимер композит қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда.

Хулоса ўрнида давлатимиз раҳбарининг 2021 йилда Жанубий Кореяда бўлиб ўтган «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030» иккинчи халқаро саммитида сўзлаган нутқидаги қуйидаги иқтибосни келтириш мумкин: «Бугунги кунда она табиатнинг ўзи бизга йўллаётган огоҳлик қўнғироғига бепарво бўлмаслигимиз керак. Афсуски, иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бормоқда. Бугун «яшил тараққиёт» борасидаги мақсадларга эришиш учун мамлакатларнинг ҳаракатлари янада фаол ва самарали бўлиши кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бошқа чорамиз ҳам йўқ...»

 

Хайрулло ҒАФФОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари, Ўзбекистон

Экологик партияси фракцияси раиси




Ўхшаш мақолалар

Илдизлар  омон  бўлса...

Илдизлар омон бўлса...

🕔14:40, 12.03.2026 ✔51

Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.

Батафсил
Табиат ва инсон муносабатларининг  Теран ифодаси

Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси

🕔14:58, 12.02.2026 ✔115

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.

Батафсил
Олимларимиз  тўлиқ биопарчаланадиган  плёнка ишлаб чиқди

Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди

🕔14:55, 12.02.2026 ✔103

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Илдизлар  омон  бўлса...

    Илдизлар омон бўлса...

    Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.

    ✔ 51    🕔 14:40, 12.03.2026
  • Табиат ва инсон муносабатларининг  Теран ифодаси

    Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси

    Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.

    ✔ 115    🕔 14:58, 12.02.2026
  • Олимларимиз  тўлиқ биопарчаланадиган  плёнка ишлаб чиқди

    Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди

    Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.

    ✔ 103    🕔 14:55, 12.02.2026
  • Сунъий интеллект  Бизни «руҳиятсиз олам»  Сари тортмаяптими?!

    Сунъий интеллект Бизни «руҳиятсиз олам» Сари тортмаяптими?!

    Газетанинг ўтган сонида «Фаровонлик тафаккурни туман билан қопламасин» сарлавҳали таҳлилий мақолани катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ҳаётимиздаги қанча-қанча нарсани исроф қилаётганимизга, тафаккуримиздаги камчилик­ларга ойна тутилибди мақолада.

    ✔ 93    🕔 14:51, 12.02.2026
  • Байрам  кунлари  мамлакатимиз  бўйлаб «Долзарб  20 кунлик» тозалик  тадбирлари ўтказилади

    Байрам кунлари мамлакатимиз бўйлаб «Долзарб 20 кунлик» тозалик тадбирлари ўтказилади

    Унга кўра, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигида республика ишчи штаби ташкил этилиб, тадбир давомида санитар тозалаш корхоналари томонидан барча ҳудудлар қаттиқ маиший чиқиндилардан тозаланади.

    ✔ 190    🕔 09:33, 19.12.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар