Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйди. Шунингдек, пойтахтнинг бош режаси тасдиқланди, давлатимиз раҳбари Янги Тошкент пойдеворига капсула қўйиб, унинг қурилишини бошлаб берди.
Маълумки, бугунги кунда пойтахтимизда яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллионни ташкил қилади. Яқин йилларда бу кўрсаткич яна кўпайиши кутилмоқда. Бугунги куннинг ўзида шаҳарда йилига 20 мингдан зиёд квартирали кўп қаватли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор.
Шунинг учун пойтахтимизнинг барқарор ривожланишини ўйлаб, камида 15-20 йил олдин режаларимизни аниқ белгилаб олишимиз зарур, деди давлатимиз раҳбари.
Шуларни инобатга олиб, Буюк Британия, Сингапур, Хитой ва Туркиялик мутахассислар билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу лойиҳани амалга ошириш учун танлаб олинган ҳудуд денгиз сатҳидан 500 метр баланд бўлиб, шаҳарга яқинлиги, ўз иқлими, баҳаволиги ва икки дарё ўртасида жойлашгани билан ноёб ҳисобланади.
Ҳозирги Тошкент 43 минг гектар худудни эгаллайди. «Янги Тошкент» лойиҳаси доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади.
Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади.
Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.
Босқичма-босқич давлат идоралари ҳам Янги Тошкентга кўчиб боради. Уларнинг ҳозирги бинолари ўрнида меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари очилиб, Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади.
Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида «Янги Тошкент» лойиҳасини амалга ошириш мақсад қилиб олинган.
Бундан ташқари Президентимиз Янги Тошкентда уй-жой, транспорт, ишхона, маданият, спорт ва таълим объектларини қамраб олган замонавий урбанизация ва илмий ёндашувлар асосида юртимизда илк бор «ақлли» технологиялар жорий этилишини ҳам таъкидлаб ўтди. Масалан бу ерда энг замонавий экологик транспорт тизими ташкил этилиб, Янги Тошкентда метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади.
Бунда, «яшил ва хавфсиз шаҳар» тамойили асосида пиёдалар ва велосипедларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда 100 минг автомобиль учун ер ости тураргоҳлари қурилади.
Автомобиль қатнови учун 14 та замонавий туннел ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади.
Шунингдек, Марказий Осиёда илк бор «уч-генерация» станцияси қурилади. Яъни, бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилади, ёзда эса совутилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер остидан ўтказилади.
Бу йилги энергия танқислиги пойтахт аҳолиси учун чинакам синов бўлди. Шунинг учун ҳам лойиҳада энергия масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Авваламбор, пойтахт эҳтиёжини таъминлаш учун қуввати 2 минг 400 мегаваттли 4 та йирик қуёш станциялари барпо этилиши кўзда тутилган бўлиб, биринчиси – Қибрайда 400 мегаваттли фото-электр станциясини қуриш бошлаб юборилган.
Шунингдек, тадбирда Юқоричирчиқда 700 мегаваттли, Оҳангарон туманида 1 минг мегаваттли ҳамда Бўкада 300 мегаваттли станциялар қуришга старт берилди.
Бу лойиҳаларга 2 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар киритилмоқда. Ушбу станциялар тўлиқ қувват билан ишлай бошлагандан кейин йилига 6 миллиард киловатт-соат кафолатланган электр ишлаб чиқаради.
Станцияларнинг электр энергияси қўшимча 2 миллион аҳоли ва 30 минг корхона талабини таъминлашга етарли бўлади.
Шунингдек, пойтахтда электр энергияси билан барқарор таъминлаш учун янги подстанциялар қурилади ва мавжудлари янгиланади, қўшимча юқори кучланишли тармоқлар қурилади, иссиқлик марказлари реконструкция қилинади, когенерация технологияси жорий қилинади.
Президент пойтахтимиз аҳоли учун ҳар томонлама қулай шароитга эга, чинакам экологик шаҳар бўлиши кераклигига эътибор қаратди. Шу мақсадда «Тошкентнинг яшил белбоғи» лойиҳаси айнан Янги Тошкент ҳудудидан бошланиши ҳам таъкидлаб ўтилди. Бунда 420 гектар майдонда Марказий боғ барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади. Тадбирда ушбу боғда яхши ниятлар билан минг туп дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔51
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил
Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси
🕔14:58, 12.02.2026
✔115
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.
Батафсил