Она табиат мўъжизаларга тўла. Бироқ баъзи одамлар мўъжиза деганда Хитой девори, Эйфил минораси, Тожмаҳал каби рўйхатга олинган саноқли обидаларни кўз олдига келтиришади. Лекин теварак-атрофдаги ажойиботлар ва сир-синоатларга эътибор беришмайди.
Эҳ-ҳе, табиат бағрида қанчадан-қанча тенгсиз мўъжизалар мавжуд. Лекин буни фақат табиатга яқин бўлган киши ҳис қилиши мумкин.
Менинг болалигим қамишзор ва тўранғилзор тўқайга туташган мўъжаз бир маҳаллада ўтган. Шу боис қалбим доимо она табиатни қўмсайди, унга интилади. Табиат бағрида юрсам, ҳар қадамда бир мўъжизага дуч келаман. Масалан, мени еру кўкдаги тартибу мувозанат ҳар доим ҳайратга солади. Ер ва бошқа сайёралар зўр бир тартиб билан айланади. Қуёш доимо ўз вақтида чиқади. Ой эса ўн беш кунда тўлишади. Қиш кетидан, албатта, баҳор келади ва ҳоқазо.
Менга, айниқса, қушларнинг ҳаёти, уларнинг ўз масканларига қайтиб келишлари ҳам беқиёс мўъжиза бўлиб туюлади. Масалан, халқимиз ардоқлаб, эъзозлайдиган афсонавий қуш – қалдирғочни олайлик. Бу ақлли қушнинг фақат уя қуриб, бола очишида қанчадан-қанча сир-синоат бор. Биринчидан, қалдирғочлар одамлар яшайдиган уйнинг шифтига уя қуради. Бунинг учун, аввало, тинч, осойишта, файзли хонадонни танлайдилар. Иккинчидан, қалдирғочларнинг уяси бошқа қушларникига қараганда мустаҳкам ва чиройли бўлади. Шунингдек, улар полапонларини ҳашоротлардан ҳимоя қилиш учун уясига райҳоннинг шохчаларини тўшар экан. Чунки зараркуранда ҳашаротлар райҳоннинг муаттар ҳидини ёқтирмайди.
Яна бир ажойиб сайроқи қуш булбул ҳам доимо қалбимни ҳаяжон ва ҳайратга тўлдиради. Ҳар кун эрта тонгда уйқудан уйғониб, янги кунга етказган учун Яратганга шукроналар айтаман ва боғимиз тўридаги мўъжаз олчазорга йўл оламан. У ерда қадрдон дўстим – булбул билан тонгни қарши оламиз.
Мана, мендан икки-уч қадам нарида эртак ва шеърларда таърифланган қўшиқчи қуш куйиб-ёниб сайраяпти. Ўзи миттигина қуш бўлса ҳам овози нақадар жарангдор ва ёқимли! Шу дамда беихтиёр буюк эртакнавис ёзувчи Кристиан Андерсеннинг «Булбул» эртагини эслайман. Ушбу эртакда ёзувчи булбулни шундай таърифлайди: «Булбул шу қадар гўзал сайрар эканки, унинг қўшиғини эшитиб ўтирган балиқчи ўзининг қайғу-ташвишларини ва сувга ташлаган тўрини ҳам унутиб юбораркан. У кутилмаганда: «Парвардигор, ҳаёт нақадар яхши!» – деб узун сўлиш олар экан…»
Ёзувчи яна бир ўринда шундай ёзади: «Булбул шундай бир наво қилдики, императорнинг кўзидан дув-дув ёш келиб ёноқларига оқа бошлади; қушнинг қўшиғи юракларга жиз этиб борарди...»
Мана шундай ажойиб навоси билан шоҳу гадони ўзига мафтун этган булбул бизнинг боғда сайраб туриши мўъжиза эмасми?! Сокин тонгда булбул қўшиғини тинглар эканман, қалбимда шукроналик ҳисси уйғонади: «Минг бора шукр, Аллоҳ назари тушган заминда яшаяпмиз. Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Боғларимиз кундан-кунга чирой очиб, сайроқи қушлар, асаларилар ошёнига айланиб бораётир. «Тинч элнинг боғи гуллайди», дейди доно халқимиз. Табиатга ҳамоҳанг жамиятда ҳам оламшумул ўзгаришлар, таъбир жоиз бўлса, тенгсиз мўъжизалар рўй бермоқда. Қурилаётган муҳташам бинолар: мактаб, боғча, меҳмонхоналарни кўриб, кўзлар қувонади, қалбимиз фахр ва ғурурга тўлади. Истиқлол берган бундай неъматлар бардавом бўлсин! Илоҳим, озод ва обод ватанимизга, жаннатмакон боғларимизга кўз тегмасин!» деган тилаклар кўнглимдан ўтади.
Алқисса, мўъжизани узоқлардан излаб юрманг, азиз биродар! Табиатга яқин бўлинг, борлиқни эъзозланг! Шунда табиат ҳам сизга тенгсиз сирларини очади, унинг неъматларидан, мўъжизаларидан баҳраманд бўласиз.
Ўктам СУЛТОНОВ,
нафақадаги педагог,
Ҳазорасп тумани, Бўстон қишлоғи
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔145
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔103
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил