Олтмишинчи йилларнинг ўрталарида олис Куба деган мамлакатда ҳарбий хизматда бўлган Байман муаллимнинг бир суҳбати ёдимга тушди.
— Соғинч дегани ёмон бўларкан, бекорга Бобур, Фурқат каби улуғларимиз Ватанни қумсаб, дардли мисралар битмаган экан, — деганди муаллим.
Ўшанда «дембил» бўлишимга икки ой қолганди, тишим оғриб, ҳарбий госпиталга бордим. Вақтлироқ борибман чоғи, тиш дўхтирининг хонаси берк экан. Ҳовлига чиқдим. Иккита буғдой рангли қизалоқ қувлашмачоқ ўйнар, уларнинг нимасидир қишлоқдаги сингилларимни эслатарди.
«Тавба, кубаликлар ҳам ўзимизга ўхшар экан-да», дедим ичимда.
Тўсатдан қизалоқлардан бири:
— Райҳон, мени тутолмайсан! — деб қолди.
Қулоқларимга ишонмадим, карахт бўлиб қолдим. Ахир, бир ярим йилдан буён ўзбекча сўз эшитмаган эдим-да!
Уларнинг ёнига бориб исмларини сўрадим.
Қизалоқлар менга ҳайрон қарашди ва каттароғи айтди:
— Менинг исмим — Лола, укамники — Райҳон.
Кўзларимдан ёш чиқиб кетди.
— Сиз ҳам ўзбекмисиз, амаки?
— Ҳа, — деб бош ирғадим.
Қизалоқларни қучоғимга босдим!
— Энажонларим!
Туни билан азоблаб чиққан тишим ҳам оғримай қўйди.
— Дадам дўхтир, биз яқинда Тошкандан келдик.
— Яхши.
— Ойим ҳам дўхтир, — деди Райҳон дегани ширин тил билан.
— Тилларингдан айланай!
Шу пайт «Қизлар, келинглар», деган овоз эшитилди. Эшик ёнида оқ халат кийган, қош-кўзлари Санам янгамга ўхшаб кетадиган аёл турарди. Аёл мени кўриб ҳол-аҳвол сўрашди. Гарнизонда Марказий Осиёлик ягона аскар эканимни айтдим.
Оғриган тишимни суғуртириб, ташқарига чиқсам, қизалоқлар мени кутиб туришган экан. Бир соат уйида меҳмон бўлдим. Қайтар чоғда аёл қўлимга иккита ўзбек нон тутди.
Нонни бағримга босдим, ундан она юрт ҳиди келарди. Бу ис ҳали-ҳануз димоғимда.
Ўролбой ҚОБИЛ
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔145
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔103
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил