Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Ҳайвонларнинг онаси ва... оналарнинг ҳайвони

Менинг севимли машғулотларимдан бири – уй ҳайвонларига қараш. Баъзи пайтларда инсонларда топилмаган меҳр-муҳаббат туйғусини уларда кўп бора кузатганман.

Ҳайвонларнинг онаси ва... оналарнинг ҳайвони

Бир куни бозордан янги сотиб олиб келган сигиримизнинг туғадиган вақти яқинлашди. Ёрдам керак бўлиб қолар балки, дея тунлари чиқиб хабар олиб турардим.

Бир куни кечаси чиқсам, онам ҳам молхона атрофида куймаланиб юрибдилар. Онам худди бир нарсани сезгандай «Ўзим қараб турибман, қизим, сен ухлайвер, боланг ётганида сен ҳам дам ол», – деб қолдилар.

Хуллас, ўн-ўн беш кунча вақт ўтиб сигир туғди. Афсуски, туғаётган пайтида ҳеч қайсимиз ёнида бўлмай қолганмиз. Дадам бизни уйғотиб, сигирга ёрдам зарурлигини айтиб қолдилар. Бориб қарасак, қай кўз билан кўрайликки, сигир бир ён, ялаб улгурмаган бузоқ бир ён бўлиб ётибди.

Сигир бечора ҳадеб кучанар, ўзини яна бола туғаётгандек тутарди. Мен дағ-дағ титрардим. Сигирнинг беҳад оғриқларга дош бераётганини ҳис қилардим. Унинг кўзларидан тинмай ёш оқарди. Сигирнинг вазияти ўта оғир эди. Ҳушидан кетаётгани сезилиб турарди. Охири хўжайиним қассоб чақирдилар. Қассоб келганида сигир ҳушига келган, негадир боласига қараб эмак­лаб талпинарди. Мен боласини олиб бормоқчи эдим, хўжайиним унамадилар:

– Онасининг ҳидини олмасин, бўлмаса, бузоқ ичикиб ўлади, – дедилар. –Ўзинг шишада сут бериб боқасан, шунда ичикмайди, сени онаси деб қабул қилиши керак, – дедилар.

Мен бузоқни артиб тозалаш учун олиб ўтаётганимда ёнимизда туриб бутун жараённи кузатаётган иккинчи сигиримиз бирдан менга ташланиб, қўлимдаги бузоқни ёнига олди. Қўрққанимдан қўйиб юборибман шекилли, бузоқни итариб бағрига олди. Уни тинмай ялай бошлади. Мен ночор аҳволда унга қараб қолгандим. Токи қуритмагунича мени ёнига яқинлаштирмади. Қуритиб бўлгач, бузоқни елини томонга секин итариб, эмизишга уринди. Бузоқча эплай олмади. Ёрдам кераклигини билиб, ёнига яқинлашдим. Энди сигир менга тегмади. Эмиз дегандай бошини сарак-сарак қилиб, «ҳммм»лай бошлади.

Бузоқни эмиздим. Бошқа моллар тагига ўтиб кетмаслиги учун олдига тўсиқ қўйдим, кейин молхонадан чиқдим. Бу пайт­да сигир сўйилиб, гўшти машинага ортилиб ҳам бўлганди. Бечоранинг тарс ёрилай деб турган елинидан чак-чак сут томарди. Йиғлагим келди. Дадам: «Молнинг буйруғи шу – ҳалол-покиза сўйилиши керак. Кечгача турса, ҳаром ўлиб қолармиди?.. Шунча гўшти уволга кетиб қоларди. Ўзиям жонивор буқадай семирган экан», – дедилар.

Бузоқча иккинчи онасини эма бошлади. Сигир ҳам уни ўз боласидай ялаб-юлқарди. Бирпас сал нарироққа боғласак, росаям маъраб берарди.

«Тавба, – дердим ўзимга-ўзим, – ўзининг туққан болаларини ҳам унчалик қилмасди. Яқиндагина ўз боласини ажратгандик беш ойлигида».

Бир куни болаларим ўйнаб сигирнинг ўз боласини ҳам ёнига қўйиб юборишибди. Иккала бузоқни эмизармиш у. Ўз боласини итариб қўярмиш дам-бадам. Кичигига сут қолдирмайди, деб ўйлаган бўлса керак-да.

Дадам бир куни:

– Шу сигирни опангга берамиз. Яхши, ювош сигир. Бўлак чиққанига янги уйига олиб боришимиз керак, – деб қолдилар. – Бузоқни тўрт ойлигида ажратасан, чунки сигирнинг қорнидаги боласи саккиз ойлик бўлади, – дедилар. Сигирнинг кетадиган пайти келганида дадам ва ойим бозордан тўртта гилам, майда-чуйда нарсалар олиб борадиган бўлишди. Поччамга телефон қилишиб, битта юк машина юборишларини илтимос қилишди.

Машина келди. Сигир юкланди. Энг қизиғи, онамлар қайт­ганидан кейин бошланди. Сигир боргач, тинмай маъраган. Уч-тўрт кун шу аҳвол бўлган. Қўшнилар: «Нега маърайверади?» – деб сўрашганда, опамлар нима дейишини билмасмиш. Боласи қолган деса, қорнида боласи бор. Қолмаган деса, бечора сигир етим қолган боласига шунчалик куяётгандекмиш. Менга телефон қилиб қизиқ гап айтиб қолдилар. Қанчалик маҳкам боғлашмасин барибир арқонни ечармиш-да, қўшнисининг уйига – ўша ўзи келтирилган юк машина ёнига бориб турармиш. Ҳар сафар қўшниси етаклаб олиб келтириб берармиш.

Бир куни поччам қўшнисига:

– Амаки, ўша олиб келган жойингизга олиб бора қолинг. Бечорага ачиниб кетяпман, – дебдилар.

Бу гапни эшитиб, дадам бузоқни олиб бориб ташлаб қайтдилар. Ўшандан кейин сигирнинг миқ этган товуши чиқмас эмиш.

Мен бу воқеаларни ёзар эканман, айрим оналарнинг, агар она дейиш мумкин бўлса, боласини, жон-у жигарини тап тортмасдан мажбур бўлдим, дея сотишларини, айримларининг ўз боласи устида савдолашишларини, баъзиларини эса туққан фарзандидан воз кечиб, турли жойларга, турлича вазиятларда ташлаб кетишларини ҳеч ҳазм қилолмасдан ёздим. Булар бўлган воқеалар. Уларга ҳеч қандай ёлғон аралаштирмадим.

Наҳотки, бир ҳайвонда шунчалик меҳр туйғуси бўлатуриб, баъзи инсонлар қалбидан меҳр туйғуси ўчиб кетаётган бўлса?!.

Нафс балосини жиловлай олмаган, ўзини нафснинг тубан қулига айлантирган кимсаларгина бу туйғудан мосуво бўлмоқда назаримда...

 

Муқаддас ҲАМРО




Ўхшаш мақолалар

Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

🕔16:15, 19.02.2026 ✔145

Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

Батафсил
Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

🕔16:04, 19.02.2026 ✔103

Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

Батафсил
Бир байт  ва икки тақдир

Бир байт ва икки тақдир

🕔14:57, 12.02.2026 ✔103

Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 145    🕔 16:15, 19.02.2026
  • Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

    ✔ 103    🕔 16:04, 19.02.2026
  • Бир байт  ва икки тақдир

    Бир байт ва икки тақдир

    Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

    ✔ 103    🕔 14:57, 12.02.2026
  • Инсоннинг  жавҳари  нима?

    Инсоннинг жавҳари нима?

    Бир куни ҳовлида кир ювиб туриб билмасдан шиллиққурт устига қайноқ сув тўкиб юборибман. Шиллиққурт бир-икки тўлғониб юришга ҳаракат қилди. Ва анча олдинга силжиди ҳам. Сўнг устидаги шиллиқ пардаси ажралиб тушди ва... ҳаракатсиз қолди.

    ✔ 98    🕔 14:56, 12.02.2026
  • Қушларни  Тинглаш қайғуни  бартараф этади

    Қушларни Тинглаш қайғуни бартараф этади

    Чжецзян университети олимлари ўтказган тадқиқот хулосаларига кўра, қушларнинг сайрашини тинглаш худди онгли нафас олиш медитацияси сингари қайғу ҳиссини енгишда деярли бир хил самарали ҳисоб­ланади. Тадқиқот натижалари Applied Psychology: Health and Well-Being журналида эълон қилинди.

    ✔ 206    🕔 16:26, 11.12.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар