Меҳнат таътилига чиқиб, қишлоққа қайтганимга бир ҳафтадан ошди. Институтни тугатиб шаҳарда ишлаяпман.
Қишлоғимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб кетган. Шундоқ қишлоқ этагига туташиб кетган тўқайзорлар, қумликлар, кўллар ўрнида янги ўзлаштирилган ерлар пайдо бўлган. Тўранғилтўқай, Ойдинкўл, балиқ тутиб, қуён қувлаб, мол боқиб ўсган ерларни кўргим келади. Шаҳарда юравериб кенгликларни соғинганман.
Икки укам билан ўша ерларни айлангани кетдик. Каналдан ўтгандан кейин бошланадиган тўқай ўрнида бир текисда ўн гектарлик далалар қаторлашиб кетган. Милтиқдан отилган ўқдай тўғри янги олинган ариқ ёқалаб Ойдинкўл томон кетяпмиз. Ўнгу сўлда тўқайдан асар ҳам қолмаган. Беш-олти чақирим йўл босдик – на бир қуш, на бир бошқа жонзот учради. Узоқдан кўл ёнида жойлашган бизлар ёшликда тирмашиб чиқиб ўйнайдиган қумтепа кўринди. Шунга ҳам шукр қилиб қадамларимни тезлатдим. Тепаликка яқинлашган сари тракторларнинг гувиллаган овози кучайиб борарди. Кўлга етиб келдик. Кўлга қараб кўзларимга ишонмадим. Кўл ўрнида кичик бир кўлмак қолганди, холос. Кўл атрофини чумолидай босиб кетган бульдозер, скреперлар, баҳайбат юк машиналари кўлни кўмиш билан овора. Баланд тепаликнинг ярми қатнаб бўлинган.
Тепаликнинг бир чеккасини қирқиб турган бульдозер бирдан таққа тўхтаб қолди. Бульдозерчи сакраб тушиб қўли билан пастни кўрсатиб бир нималар деб бақира бошлади. Сал нарироқда қоғозларга қараб бир нималарни муҳокама қилишаётган идора ходимлари бўлишса керак, бульдозерчи томонга қараб юришди. Механизаторлар тракторларини тўхтатиб улар ҳам шу томонга юрди. Бизлар ҳам шу томонга қараб юрдик. Бульдозер олдида бели, орқа оёқлари мажақланиб қонга беланган итга ўхшаган кулранг бир ҳайвон тупроққа қоришиб ётарди. Бирдан миямга бўри деган фикр урилди. Яқинроқ бордик. Ҳақиқатан, бу эти бориб суягига ёпишган, ов тугул юришга ҳам мажоли қолмаган бир қари бўри эди. Одамлар ярим давра олиб туришар, бульдозерчи баланд овозда: «Сал қолди-я, қутулиб кетишига баччағарнинг. Яхшиямки, тепалик тиккасига кесилган бўлмаса, қумга қочиб кетарди», деб шанғилларди.
Бўри жон талвасасида бир-икки талпинди-ю тинчиб қолди. У узала тушиб бошини тупроққа қўйиб ётар, оғир-оғир нафас оларди.
– Бу бўри қумдан келган бўлиши керак, – деди кимдир.
– Йўқ, тепаликда ини бўлиши керак, бу махлуқнинг, – деди бошқа биттаси.
Икки кўзим бўрида, миямга эса турли хаёллар тинчлик бермай, бошим ғувилларди. Ахир, инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам она табиатнинг фарзандлари эмасми?! Тўранғилтўқай, Ойдинкўл, қумликлар, бепоён замин буларга яшаш учун ато қилинмаганми?!
Бу сафар бўрини қуршаб олган ҳалқа, ақлли мавжудотлар ҳалқаси тобора қисқариб келар, жон талвасасидаги содда ёввойи дунёнинг кекса вакили бўлмиш бўри қилт этолмай ётарди. Суюкли Ойдинкўлидан, батамоми тирик жонзотларидан, ҳаттоки битта дарахти, битта гиёҳи қолмай хонумонига ўт тушиб, ер юзидан буткул супириб ташланган Тўранғилтўқай руҳи эса, охирги фарзанди, қонига беланган қари бўрини маҳкам бағрига босиб турарди гўё.
Енглари шимарилган ҳалиги бульдозерчи тракторини орқасига ўтиб калта дастали белкурагини олиб бўрига яқинлашди. Кўзларим ўз-ўзидан юмила бошлади, «тарақ» этган овоз булутли кун бағрини тилиб ташлади. Бўрининг бошига тушган кучли зарбадан белкуракни дастаси синиб кетган эди. Беихтиёр бўрининг кўзларига тикилдим. Унда бу оломондан раҳм-шафқат сўраш ифодаси эмас, қандайдир мағрурлик, яна қандайдир тушуниб бўлмас ифодаларни уққандай бўлдим. Боши ёрилган бўрининг қони кафтдай ерда кўлмак ҳосил қилди. Булут қоплаган осмон бирдан қоронғилашиб, кучли момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақа бошлади. Чақмоқ бўрининг қонидан ҳосил бўлган кўлмакда акс этар, одамлар баланд овозда гапиришиб, вагон уйчалар томонга қараб юра бошлади...
Орадан йиллар ўтди. Куз ҳам охирлаб боряпти. Бола-чақали бўлиб онамнинг олдида яшаяпман. Укаларим – шаҳарда ўқишда. Бугун дам олиш куни. Онамга «мен айланиб келаман», деб ташқарига чиқдим. Ҳозирда «Бўри карта» деб номланган Тўранғилтўқайга қараб йўл олдим. Каналдан ўтишим билан жинғил (янтоқнинг бутасимон кўп йиллик тури), қамиш босиб кетган тўқайзорга кўзим тушди. Каналга яқинроқ жойларда яккам-дуккам ёшроқ тўранғиллар кўзга ташланади. Ойдинкўл, ёшлигимизда бизларга тоғдай баланд туюладиган қадрдон тепалик энди йўқ. Қачонлардир очилган, ҳозирда эса шўрлаб ётган далалар, қум, тупроқ босиб кўмилиб ётган ариқ-зовурлар, ярим бузиб ташланган майда сув иншоотлари гўё абадий йўқликка маҳкум этилгандай атроф жим-жит.
Қадамбой ШОДОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъоси
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔144
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔102
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил
Бир байт ва икки тақдир
🕔14:57, 12.02.2026
✔103
Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.
Батафсил