«Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси юртимизнинг гўзал масканларидан бири саналади. Қўриқхона ҳудуди Томди туман марказидан 210 чақирим узоқликда жойлашган авлоқ ва ёввойи табиат шаклланиши учун қулай бир ҳудуд саналади.
Шимолий ва шарқий томондан қўшни Қозоғистон билан чегарадош «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонасининг умумий майдони 68 500 гектар бўлиб, 2 та бўлим, 3 та айланма ва 33 та кварталга ажратилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, қўриқхонада илмий бўлим фаолият юритиб келади. Бухоро ҳамда Навоий давлат университетлари билан илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида шартномалар тузилган ва университет профессор-ўқтувчилари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур қўриқхонада 2025 йилда ўтказилган 3 та маршрутдаги ҳайвонот дунёси саноғи шунчаки маълумотномаларни бойитиш ва ҳисобот учун ўтказилмагани билан эътиборли бўлди. Бунда маълумотларини таҳлил қилиш ва тадқиқот услубларидан кенг фойдаланилди.
Илмий ходимлар томонидан ҳозирги кунга қадар кадастр китобига ҳайвонот дунёсининг 43 та тури, қушларнинг 22 ва ўсимликларнинг 52 тури киритилган.
Бу ерда жайрон, туркман қорақулоғи, чўл мушуги, ёввойи чўчқа, тулки, қум товушқони (ёввойи қуён), юмронқозиқ каби ноёб ҳайвонларни учратиш мумкин. Шунингдек, турли сутэмизувчи, судралиб юрувчи жониворлар ва қушлар қўриқхонамизнинг ўзига хос фаунасини ташкил қилади.
«Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси ҳудуди чўл муҳитидан ташкил топган бўлса-да, қора ва оқ саксовул, черкез, қандимлар, карраклардан ташқари саноат ва халқ табобати учун муҳим манба саналадиган ширач, астрага, ёввойи пиёз кенг учрайди. Баҳор фаслида эса лолақизғалдоқ ва лолалар чўғдек бўлиб ҳамма ёқни яшнатиб юборади.
Айни қиш чилласида қўриқхона ҳудудидаги жониворлар қаҳратондан беталофат чиқиб олишлари учун биотехник тадбирлар ўтказилмоқда. Сифатли озуқа, ем-ҳашак тарқатиш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу ишларга ёз ва куз фаслида жиддий киришилиб, охур ва сув сақланадиган ҳовузчалар ташкил қилинган эди. Айни кунларда бу ҳайвонларнинг қишдан беталофат чиқишида асқатмоқда.
Дарҳақиқат, қўриқхона табиат ва унинг ранг-баранг дунёсини бус-бутун асрашда муҳим қўрғон вазифасини ўтайди. Гарчи шундай бўлса-да, айрим фуқаролар томонидан қонунга зид равишдаги хатти-ҳаракатлар аниқланмоқда. Белгиланган ҳудудга махсус рухсатномаси бўлмаган фуқароларнинг кириши ва мавжуд тартиб-қоидаларга зид хатти-ҳаракатларининг олдини олиш мақсадида тез-тез рейд тадбирлари ўтказиб келиняпти. Натижада тартиб-қоидаларни менсимаган айрим ўзбошимча кимсалар маъмурий ҳуқуқбузарлик қилгани аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда жарима белгиланяпти. Яқинда фуқаро М.Дауирханов айнан ана шундай ҳуқуқбузарлик содир қилгани учун «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси талабларини бузганлиги боис МЖТКнинг 82-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган эди.
Бир сўз билан айтганда, «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси Ўзбекистон табиатининг ноёб бир гавҳари саналади. Уни келажак авлодларга бенуқсон етказиш бизнинг шарафли вазифамиздир.
Нодиржон УМИРОВ,
«Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси
илмий ишлар бўйича директор ўринбосари
Одамлар қўлидан дон емай қўйган каптарлар
🕔14:52, 12.02.2026
✔22
Каптарлар бутун дунёда тинчлик ва бирдамлик рамзига айланган қуш саналади. Шу сабабдан ҳам улар кўплаб куй-қўшиқларда тавсифлаб, тараннум қилинади. Шарқ халқларида қадим замонлардан бери каптарлар инсонлар билан дўст жонзот сифатида эъзозлаб келинган.
Батафсил
Дарёларни қуритаётган кийимлар
🕔14:50, 12.02.2026
✔15
Кўчага чиқишингиз билан ҳар томон дўкону магазинга тўла. Бозору савдо марказларини айтмайсизми. Уларнинг аксариятида кўзни қувнатадиган кийим-кечак савдоси авжида. «Ҳамёнбоп мода» (Fast Fashion) маҳсулотлари билан тўла. Арзон нарх, ялтироқ дизайн ва ҳафтада янгиланадиган коллекциялар бизни тез-тез кийим сотиб олишга ундайди.
Батафсил
Икки ҳолат
🕔08:51, 05.02.2026
✔44
Табиатда – бу ёруғ оламда тирик мавжудотлар бир-бирига ўхшайди. Ён-атрофимиздаги жараёнларни кузатиб бораман, ўхшашликдан ҳайратга тушаман.
Батафсил