Каптарлар бутун дунёда тинчлик ва бирдамлик рамзига айланган қуш саналади. Шу сабабдан ҳам улар кўплаб куй-қўшиқларда тавсифлаб, тараннум қилинади. Шарқ халқларида қадим замонлардан бери каптарлар инсонлар билан дўст жонзот сифатида эъзозлаб келинган.
Бу қушлар илгари узоқ масофаларга хабар ташувчи почтальон вазифасини бажаргани кўпчиликка яхши маълум. Бу ҳақда болаликда кўплаб ҳужжатли ва бадиий фильмлар орқали ҳам танишганмиз. Каптарларнинг тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзига айланишининг боиси эса уларнинг ҳамиша гала-гала бўлиб учиши ва жамоа бўлиб яшашидадир. Ҳақиқатан ҳам каптарлар ҳеч қачон ёлғиз парвоз қилмайди, улар ҳар доим катта тўда билан қанот қоқишади. Шунингдек, улар бошқа қушларга ўхшаб уя қурмайди. Улар қадимий қалъалар шинаклари, томлар остида, чинклар ёриқларида жамоа-жамоа бўлиб яшашади. Каптарлар олақанот, зағизғон, чумчуқлар каби ҳеч қачон қишлоқ хўжалиги ва боғдорчиликка зиён етказмайди. Улар кўпроқ қурт-қумурсқа ва бошқа заракунанда ҳашаротларни териб еб, миришкорларга катта кўмак беради. Айни пишиқчилик мавсумида бирон бир каптарнинг боғдаги меваларга кўз олайтирганини ҳеч ким кўрган эмас.
Дунёнинг жуда кўп катта шаҳарларида каптарларнинг истироҳат боғлари ва сайилгоҳларга қўниб, сайр қилиб юрган одамлар қўлдан дон чўқилаётганини кўриш мумкин. Бу тур қушлар одамлар меҳрини тез ҳис қилади ва қўлга дарров ўрганади.
Таассуфки, бизнинг ҳудудда каптарлар ҳам даҳшатли жонзотни кўргандек одамлардан қочишади. Юртимизнинг бирон бир шаҳар ёки қишлоқларида одамлар ёнида уларнинг донлаб юрганини учратиш қийин. Нега бу беозор қушлар биздан шунчалик чўчишади? Сабаб нимада?
Бу саволларга жавоб бериш учун бош қотириб ўйланиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Чунки нафси ҳакалак отган айрим кимсалар уларни овлаб, жиғилдонига ураётгани сир эмас. Сезгир қушлар эса, мана шундайлардан ҳуркиб, ҳеч кимнинг ёнига тушмай қўйишган.
Яқинда Қашқадарё вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабарига кўра, мунтазам ўтказилиб келинаётган рейд-текширувлар жараёнида айрим элдошларимизнинг ов қоидасига зид равишда каптар овлагани аниқланди. Яккабоғ туманида ўтказилган тунги рейд тадбирида бир фуқаро ноқонуний тарзда 15 дона каптарни овлаб, ов қилиш қоидасини қўпол бузган. Аниқланган ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли жарима ҳамда ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун товон пули ундирилган.
Афсуски, бунга ўхшаш ҳуқуқбузарликлар бошқа вилоятларда ҳам содир бўлаётгани ачинарлидир.
Дарҳақиқат, табиатда ҳар бир паррандаю дарранданинг ўз вазифасидан келиб чиққан ҳолда инсон учун фойда ва зарари аниқланган. Баъзи бир қушларнинг гўшти ва тухумини мутлақо еб бўлмаслиги тиббиётда минг йиллардан бери такрор ва такрор таъкидланиб келинади. Жаҳонга таниқли тиббиёт олимлари Жолинус ва Абу Али ибн Сино ҳазратлари каптар гўшти инсон мижозини бузувчи хусусиятга эга экани ҳақида ёзишган. Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарида каптар гўштини еган одамнинг қони қуюлиб, вужудида фасод пайдо бўлиши ҳақида аниқ фикрлар қайд этилган. Шундай бўлса-да, бу қушни овлаш ҳолатлари кузатилаётгани табиатга очиқдан-очиқ тажовуздан бошқа нарса эмас.
Ғарб мамлакатларида тинчлик рамзига айланган бу қушларни ейиш тугул ҳуркитиб юборишни ҳам тасаввур қила олишмайди. Шу боисдан ҳам Лондон, Берлин, Париж, Брюссел каби дунёнинг машҳур шаҳарларидаги хиёбонларда каптарлар одамлар атрофида «ғу-ғу»лаб, қўлларидан дон чўқилаб юраверади.
Биз эса... каптарларга, умуман ҳайвонот ва қушлар оламига ўз муносабатимизни кескин ўзгартиришимиз керак. Осмондаги гала-гала каптарлар қачон биз сайр қилаётган хиёбонларга қўнади ва ҳуркмасдан қўлимиздан дон чўқилайди? Қачонки, биз қалбимизни ислоҳ қилиб, меҳрга тўлдирсаккина каптарлар баландлаб учишдан бир зум чекиниб, ён атрофимизга қўнади. Зеро, қалбида нафс қутқуси бор одамлардан улар ўзларини узоқроққа олиб қочишади.
Эрпўлат БАХТ
Гуллаш даврининг ўзгариши экотизимларга жиддий таъсир ўтказади
🕔14:41, 12.03.2026
✔24
Ўсимликларнинг гуллаш вақти ўзгариши экотизимларга жиддий таъсир ўтказиши аниқланди. Гуллаш жараёнининг ўз вақтида юз бермаслиги мева билан озиқланувчи, уруғ тарқатувчи ҳайвонлар ва чанглатувчилар билан уйғунлик йўқолишига сабаб бўлмоқда.
Батафсил
Экологик қулай муҳитда яшаш ўзимизнинг оқилона ва креатив ёндашувимизга боғлиқ
🕔15:45, 06.03.2026
✔59
Экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган изчил ислоҳотларнинг самараси бугунга келиб ҳар бир ватандошимиз ҳаётида акс эта бошлади, десак хато бўлмайди. Ўтган ҳафта Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи асносида ҳаммамиз бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Батафсил
«Каркидон» ҳудуди яшилликка бурканади
🕔15:44, 06.03.2026
✔61
Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари қизғин паллага кирди. Хусусан, Қува туманидаги сўлим масканлардан бири – «Каркидон» сув омбори ҳудудида ташкил этилган кенг кўламли экологик акция вилоят аҳли ва жамоатчилик вакилларини ягона мақсад йўлида бирлаштирди.
Батафсил