Бугун дунё шиддат билан ўзгармоқда. Олдимизда турган глобал хавфлар – иқлим инқирозидан тортиб, ижтимоий тенгсизликкача – бир-бири билан чатишиб кетган ягона занжирга айланди.
Эндиликда экологияни ижтимоий ҳимоядан, ёшлар келажагини эса табиат барқарорлигидан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис, 2025-2026 йилларда Ўзбекистонда давлат сиёсатининг марказида айнан мана шу учлик – Экология, Ёшлар ва Ижтимоий ҳимоя муштараклиги турибди.
Айримлар тор ўйлаганидек экология бу фақат «дарахт экиш» масаласи эмас. Аслида иқлим ўзгаришининг зарбаси биринчи навбатда аҳолининг кам таъминланган қатламларига келиб тегади. Сув танқислиги, кучайиб бораётган чанг бўронлари ва ҳаво ифлосланиши энг аввало ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг соғлиғига ва иқтисодий аҳволига таҳдид солади. Шу сабабли, давлат томонидан 2026 йилда экология соҳасига 1 триллион 900 миллиард сўм йўналтирилиши режалаштирилган. Бу маблағлар нафақат табиатни асраш, балки минглаб хонадонларда тоза ичимлик сув, соғлом муҳит ва фаровон яшаш шароитини яхшилашга хизмат қилади. Давлат томонидан кўрилаётган бу чоралар аслида инсонни ва унинг эртанги кунини ҳимоя қилишга қаратилгандир.
Ёшлар эса бу жараёнда ўзгаришларнинг энг самарали ижрочиси сифатида кўрилмоқда. Уларнинг ғайрати ва янгича дунёқараши экологик ислоҳотларга жон бағишламоқда. Шу мақсадда, давлат томонидан тизимли механизмлар жорий этилди: Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги «Яшил ташаббуслар» жамғармаси ёшларнинг чиқиндиларни қайта ишлаш ва яшил энергия лойиҳаларини молиялаштирмоқда. Ўтган 2025 йилдан бошланган лойиҳа доирасида 1,3 миллиондан ортиқ ёшлар иқлим ўзгариши бўйича билим олиб, «яшил кўникмалар»ни эгаллаётгани келажак учун мустаҳкам пойдевордир.
Замонавий ижтимоий ҳимоя тизими эндиликда нафақат нафақа бериш, балки ёшларни муносиб ва даромадли иш билан таъминлашни ҳам ўз ичига олади. «Яшил иқтисодиёт»га ўтиш орқали минглаб йигит-қизларимиз учун қайта тикланувчи энергия, сув тежовчи технологиялар ва эко-индустрия соҳаларида янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу ёшларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш билан бирга, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган барқарор келажакни барпо этади.
Хулоса қилиб айтганда, экология, ёшлар ва ижтимоий ҳимоя ўртасидаги бу мустаҳкам занжир – Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган стратегиясининг асосий устуни. Давлат томонидан табиатни асраш учун ажратилаётган ресурслар ижтимоий барқарорликка хизмат қилса, ёшларни бу жараёнга жалб этиш ислоҳотларнинг бардавомлигини таъминлайди. Зеро, табиатни асраш келажак авлод олдидаги энг олий масъулиятдир.
Васила АЛИМОВА,
Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати
Ховосда янги боғлар, янги имкониятлар
🕔17:58, 16.04.2026
✔27
Сирдарё вилояти Ховос туманида бугун табиат билан инсон ўртасидаги азалий боғлиқлик яна бир бор ўз ифодасини топмоқда. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар нафақат табиатга яшил либос кийгизмоқда, балки одамлар ҳаётига умид, хонадонларга барака олиб кирмоқда.
Батафсил
Қўшработ қир-адирлари ҳам дарахтларга бурканадими?
🕔17:55, 16.04.2026
✔25
Нурота тоғ тизмаларини гумбурлатиб қўшиққа солган Эргаш Жуманбулбул ўғли Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғида туғилиб, вояга етган. Жўш воҳаси дея тарифланадиган бу жой кейинги йилларда янада обод бўлаётир. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй-музейи янгиланган бинода ўз фаолиятини бошлади. Эргаш шоирнинг уй-музейини кўргани келувчилар сезиларли даражада ошди.
Батафсил
Павловния – биз учун ишончли табиий ҳамкор
🕔17:50, 16.04.2026
✔24
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида миллионлаб кўчатлар экилиб, яшил майдонлар кенгаймоқда.
Батафсил