Инсон муқаррар равишда табиат бағрида дунёга келади. Бугунги кунда бу муносабат қандай шаклда бўлиши кераклиги ҳақидаги савол эса ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.
Зеро, барчамиз бир қисми бўлган сайёранинг табиий ҳолати масалани ниҳоятда долзарб даражага олиб чиқмоқда. Иқлим, ўрмонлар, табиий ҳаёт, шаҳар ифлосланиши – буларнинг барчаси танг аҳволдалигини кўрсатмоқда.
Инсоннинг табиатга истаганидек муносабатда бўлиши катта хато. Инсон ақли борлиқни тушуниши мумкин, деган рационал қараш мавжуд. Инсон ҳамма нарсани ақл билан англашга ҳаракат қилиши ва табиат устидан ҳукмронлик қилишга уринмаслиги керак. Инсон ўзини табиатга ҳукм қилувчи деб билиши эса табиатнинг ҳам, инсоннинг ҳам ҳалокатига олиб бориши мумкин.
Масалан, бир мамлакатдаги ўрмон экотизимида юз берадиган туб ўзгаришлар (буни ҳатто вайрон қилиш ёки қирғин деб ҳам аташ мумкин) иқлим ўзгаришларига сабаб бўлади ва оқибатда инсон ҳаёти ҳам бундан бевосита таъсирланади. Шундай экан, агар «ҳукмдор» деган тушунчадан фойдаланилса, у фақат табиатнинг ўзи бўлиши мумкин. Бу «хўжайинлик» эса аслида барчамизнинг табиатга қанчалик боғлиқ эканимизни англатади. Демак, табиат марказида унинг ўзаро боғлиқ муносабатлари туради. Бугунги кунда атрофимизга қарасак, бу ҳақиқатни ҳар қадамда яна бир бор эслашимиз зарурлигини кузатамиз.
Табиат билан инсон ҳаёти ўртасидаги муносабат турли ички омиллар сабаб баъзан рақобат шаклига кириб қолади. Бироқ, бундай ҳолат катта зарарлар келтириб чиқариш эҳтимолига эга. Албатта, ҳаётни турли шаклларда давом эттириш учун инсон маълум маънода табиат билан уйғун яшаши, зарур бўлган жойларда эса оқилона ўзгаришлар киритиши лозим. Бу ўзгаришларнинг даражаси жуда муҳим. Айнан шу даража табиатга зарар бериши ёки уйғунлик ўртасидаги фарқни белгилайди. Демак, кескин ва туб ўзгаришларга сабаб бўлмасдан, табиатдан илҳом олиб ҳаётни давом эттириш зарур. Бу жараёнда меъёрни сақлаш асосий тамойилга айланиши керак. Шу маънода, табиат ва инсон гўё биргаликда ҳаракат қилиб бахтли жамиятни барпо эта олиши учун яна бир муҳим шарт – суиистеъмол ва тасарруф муносабатларини тўғрилаши лозим. Ер, сув ва атроф-муҳитга эътиборсизлик бутун инсоният учун бевосита ва билвосита муаммоларни келтириб чиқаради. Муаммолар эса, яхшилик аломати эмас. Табиат ягона ва яхлит тизим бўлганлиги сабабли, унинг табиий мувозанати бузилса, бу ҳар бир инсон ҳаётининг меъёрда кечишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Шу маънода, «табиий офат» деган таърифнинг ўзи ҳам табиат тушунчасининг нотўғри қўлланиши ҳисобланади. Дарё ўзанида уйлар қуриш ёки иқлим фалокатларига сабаб бўлаётган иқтисодий моделларнинг ўзи «офат» бўлмаса, тартиби ташқи омиллар билан бузилишга уринилаётган табиатни ҳеч қачон офат манбаи деб бўлмайди. «Офат» деб аталадиган ҳодисалар аслида табиат ва ишлаш тартибини англай олмасликдан келиб чиқадиган, инсоннинг ўзи сабабчи бўлган хатолар эмасми?!
Демак, муаммо табиатнинг ишлашида эмас, балки унинг табиий жараёнига тўсқинлик қилаётган ва уни бузаётган инсон тафаккурида, дейиш мумкин.
Охир-оқибат, табиатни яхлит бир тизим сифатида кўрадиган ёндашув табиатни ҳам, инсонни ҳам борлиқда кўриниб турган фалокатлардан қутқариши мумкин бўлган ягона йўл бўлиб кўринади. Бунинг аксини марказга қўйган ҳар қандай даъво эса табиатга нисбатан вайронкор ва тажовузкор муносабатларни юзага чиқаради.
Бугунги кунда инсон табиат билан рақобат муносабатида эмас, балки унинг бир бўлаги сифатида ҳаракат қилиши зарур. Шу билан бирга, табиатга нисбатан қилинаётган ҳаракатлар аслида инсон ва ижтимоий тизимлар сабаб юзага келадиган муаммоларни туғдираётганини ҳам кучли тарзда таъкидлайди.
Табиат билан доимий кураш ҳолатида бўлган вайронкор тизим аслида ўзини ўзи қайта ишлаб чиқариб боради. Табиатни асраш эса инсониятнинг бугунги шаклда давом эта олиши учун инсон томонидан яратилган тажовузкор тизимларни кескин камайтириш, кейинчалик эса бутунлай йўқ қилиш билангина мумкин бўлиши ҳақидаги огоҳлантиришни билвосита билдиради. Шунингдек, биз – инсонлар табиатнинг ажралмас бир қисми эканимизни одамларга яна ва яна кучли тарзда эслатиб туриш ҳам ниҳоятда муҳимдир.
Диёра ИБРОҲИМОВА
Хитойнинг чўлланишга қарши тажрибасини Навоийда қўллаш мумкинми?
🕔10:57, 24.03.2026
✔15
Хитойнинг Нинся-Хуэй автоном райони Хитойда чўлланиш хавфи юқори бўлган ҳудудлардан бири бўлиб, қуруқ иқлим, шамол эрозияси, қум кўчиши, ер деградацияси ва сув танқислиги таъсирида узоқ йиллар давомида қийин экологик шароитда ривожланган.
Батафсил
Инсон ва табиат муносабати: Зиддият ёки муштараклик?
🕔10:55, 24.03.2026
✔19
Инсон муқаррар равишда табиат бағрида дунёга келади. Бугунги кунда бу муносабат қандай шаклда бўлиши кераклиги ҳақидаги савол эса ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.
Батафсил
Табиатдан бегоналашиб бораётган болалар
🕔10:54, 24.03.2026
✔18
Инсоният минг йиллар давомида она табиатнинг бағрида вояга етди. Тупроқ иси, баргларнинг шитирлаши ва қушларнинг навоси биз учун бегона эмас.
Батафсил