Табиат      Бош саҳифа

Глобал инқироз фонида Ўзбекистоннинг сув стратегияси эътирофи

Дунё харитасига эътибор билан қарасангиз, XXI асрнинг энг катта зиддияти нефть ёки газ учун эмас, айнан ичимлик сув ва суғориш манбалари атрофида кечаётганини кўрасиз.

Глобал  инқироз  фонида Ўзбекистоннинг  сув стратегияси эътирофи

Жаҳон банки ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳисоботларига кўра, Марказий Осиё иқлим ўзгариши таъсирига энг заиф ва сув танқислиги хавфи юқори бўлган минтақалардан биридир.

Ўзбекистон учун сув масаласи шунчаки экологик муаммо эмас, бу – миллий хавфсизлик, озиқ-овқат мустақиллиги ва келажак авлод тақдиридир. Сув ресурсларимизнинг қарийб 80 фоизи мамлакат ташқарисида шаклланишини ҳамда қишлоқ хўжалигимиз асосан суғорма деҳқончиликка таянишини инобатга олсак, ҳар қатра сувнинг ҳисоб-китобини қилиш стратегик заруратга айланганини теран англаймиз.

 

Эски ёндашувлар барҳам топдими?

Йиллар давомида деҳқончиликда «сув қанча кўп бўлса, ҳосил шунча мўл бўлади» деган янглиш тасаввур ҳукм суриб келди. Оқибатда, мавжуд сув ресурсларининг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига йўналтирилиб, ирригация тармоқларининг тупроқ ўзанли (бетонланмаган) экани сабабли йилига 14 миллиард куб метрдан ортиқ обиҳаёт беҳуда ерга шимилиб кетар эди. Бу – умумий сув манбаимизнинг учдан бир қисми йўқотиларди дегани.

Сўнгги йилларда соҳада туб бурилиш ясалди. Муаммога юзаки эмас, мамлакат миқёсида тизимли ёндашилиб, сув хўжалигини модернизация қилиш бўйича зарур қадамлар қўйилди:

«Каналларни бетонлаш ва умуммaллий сафарбарлик»: Юртимиздаги минглаб километр ирригация тармоқларини бетон қопламага ўтказиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Биргина 2025-2026 йиллар давомида 2 300 километрдан ортиқ магистраль ва участка каналларининг бетонланиши йилига қўшимча 500 миллион куб метр сувни исрофдан сақлаб қолиш имконини бермоқда.

Сув тежовчи технологиялар инқилоби: Бугунги кунда суғориладиган 4,3 миллион гектар экин майдонларининг 60 фоизга яқинида томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ҳамда ерни лазерли текислаш технологиялари жорий этилди. Бунинг эвазига ҳар йили 10 миллиард куб метрдан зиёд сув иқтисод қилинмоқда. 2028 йилга бориб бу кўрсаткични 80 фоизга етказиш мўлжалланган.

Рақамлаштириш ва «Smart Water»: насос станциялари ва сув иншоотларига рақамли онлайн ўлчов қурилмаларининг ўрнатилиши нафақат сув сарфини аниқ ҳисоблаш, балки соҳада электр энергияси сарфини 8,3 миллиард кВт·соатдан 6,4 миллиард кВт·соатгача қисқартириш имконини берди.

 

«Ўзбекистон модели»

Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича Юқори даражадаги сиёсий форумида эълон қилинган хулосалар ушбу ислоҳотларнинг халқаро эътирофи бўлди. UN-Water ташкилоти Ўзбекистонни Барқарор ривожланиш мақсадларининг 6-мақсади («Тоза сув ва санитария») ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш йўналишида дунёдаги энг юқори натижани кўрсатган топ-3 давлат сирасига киритди.

Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг сув ресурсларини бошқариш тажрибасини «Country Acceleration Case Study» – яъни иқлим инқирози шароитида бошқа мамлакатлар ўрганиши ва амалиётга татбиқ этиши лозим бўлган намунавий модель сифатида алоҳида эътироф этдилар.

 

Ҳудудларга кириб борган тоза сув

Сув ресурсларини оқилона тежаш ва манбаларни асраш, энг аввало, аҳолининг кундалик турмуш даражасида ўз аксини топмоқда. Агар 2020 йилда мамлакатимизда марказлашган тоза ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 67,4 фоизни ташкил этган бўлса, амалга оширилган инфратузилма лойиҳалари натижасида бу кўрсаткич 80 фоизга яқинлашди.

Айниқса, илгари сув таъминоти энг мураккаб бўлган Қашқадарё вилоятида бу кўрсаткич 34,8 фоиздан 61,8 фоизга, Хоразм вилоятида эса 40,6 фоиздан 72,4 фоизга кўтарилгани ижтимоий тенглик ва инсон қадрини улуғлаш йўлидаги амалий қадамдир.

Сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш – бу шунчаки соҳа мутахассислари ёки фермерларнинг вазифаси эмас. Бу ҳар бир фуқаронинг, хонадоннинг ва жамиятнинг кундалик маданиятига айланиши зарур бўлган масъулиятдир.

Ўзбекистон бу йўлда нафақат ўз сув хавфсизлигини таъминламоқда, балки цементланган каналлар, рақамлашган назорат ва тежамкор технологиялар орқали бутун минтақа учун барқарор келажак пойдеворини қўймоқда.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

🕔11:36, 20.08.2026 ✔56

Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.

Батафсил
Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

🕔14:25, 14.08.2026 ✔101

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Батафсил
Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

🕔14:29, 13.08.2026 ✔105

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар