Бугун Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш масаласи яна кун тартибига чиқди. Таклиф этилаётган лойиҳада амалдаги o‘, g‘, sh ва ch шаклларини такомиллаштириш, шунингдек, ng ҳарф бирикмасининг мақомини қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.
Жамоатчилик ва мутахассислар ўртасидаги қизғин муҳокамалардан сўнг, ушбу ўзгаришларни ўзида акс эттирган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди. Эндиликда ушбу ҳужжат тўлиқ қонуний кучга кириши учун Президент томонидан имзоланиши кутилмоқда.
Рақамли давр талаби
Бугун алифбога қўйиладиган талабни фақат «қоғозда ёзиш қулайми?» деган савол билан чеклаб бўлмайди. Ҳозирда матнни асосан компьютер ва смартфонларда ёзамиз, қидирув тизимларидан, электрон давлат хизматларидан фойдаланамиз, маълумотлар базалари билан ишлаймиз ва сунъий интеллектдан тобора кўпроқ фойдаланмоқдамиз.
Демак, замонавий алифбо инсон учунгина эмас, технология учун ҳам тушунарли ва яхлит бўлиши керак. У қидирув тизимларида сўзларни тўғри таниши, электрон маълумотлар базаларида бир хил сўзларни турлича қабул қилмаслиги, овозни матнга айлантириш ва матнни қайта ишлаш технологияларида тўғри қўлланилиши лозим.
Шу маънода, «бир товуш – бир белги» тамойили нафақат ёзувни соддалаштириш, балки уни рақамли муҳитга мослаштириш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли. Аммо бу ерда янада муҳимроқ савол бор:
Алифбони ўзгартиришнинг ўзи етарлими?
Ҳарфларни ўзгартириш билан давлат тили автоматик равишда замонавий, рақамли ва самарали тилга айланиб қолмайди. Агар давлат идорасидаги расмий ҳужжат имловий хатолар билан тайёрланса, янги ҳарф бу муаммони ҳал қилмайди. Агар мутахассис ўз соҳаси ҳақида давлат тилида равон фикр баён қила олмаса, алифбодаги бир неча ҳарфнинг ўзгариши унинг касбий тилини ривожлантирмайди. Агар дастур, банкомат ёки электрон хизматда ўзбек тили йўқ бўлса, янги алифбонинг технологик афзаллиги ҳам фойдаланувчига сезилмайди. Агар илм-фаннинг энг янги ютуқлари ҳақида сифатли ўзбекча китоблар ва электрон ресурслар етарли бўлмаса, алифбо ўзгаргани билан тилнинг илмий имкониятлари ўз-ўзидан кенгаймайди. Шунинг учун алифбо ислоҳотига давлат тилини янги босқичга олиб чиқишнинг бошланиши сифатида қарашимиз керак. Масала ҳарфларни ўзгартириш билан тугамаслиги, аксинча, шундан кейин давлат тилини бошқарув, таълим, рақамли технологиялар ва кундалик хизматлар тили сифатида янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий қадамлар бошланиши керак.
Фурсати келганда шу тилнинг бир фойдаланувчиси, озми-кўпми жонкуяри, борингки, бир ўзбек сифатида баъзи таклифларимни ҳам айтиб ўтсам.
Энг аввало, давлат хизматида ўзбек тилини мукаммал билишни аниқ ва ўлчанадиган малака талаби сифатида белгилаш зарур. Тўғри, масъул лавозимларга тайинланадиган давлат хизматчилари учун давлат тилини билиш даражаси сертификатларини жорий этиш тизими бугун амалиётга жорий этилди. Бироқ барча лавозимларга бир хил талаб қўйиш тизимини яна бир бор ўйлаб кўриш керакдек. Мисол учун, давлат органларидаги вазифа ва масъулият даражасидан келиб чиқиб, тил билиш талабларини, масалан, B1, B2 ва C1 даражалар бўйича белгилаш мумкин. Раҳбарлар, расмий ҳужжатлар билан ишловчилар ва аҳоли билан бевосита мулоқот қиладиган ходимлар учун юқори даражадаги сертификат талаб қилиниши мантиқан асосли бўлади. Бундай тизим ходимни жазолаш воситаси эмас, балки унинг касбий салоҳиятини ошириш механизми сифатида ишлаши керак. Шунинг учун давлат хизматчилари учун бепул тайёрлов ва малака ошириш курсларини кўпайтириш фақат ва фақат тилимиз ривожига хизмат қилади.
Тил билиш даражаси фақат ишга қабул қилиш пайтида текширилиб, кейин эътибордан четда қолмаслиги ҳам муҳим масала. Давлат хизматчиларининг тил саводхонлигини ошириш бўйича турли лойиҳалар, «оммавий диктант»лар ўтказилаётгани рост. Аммо буларнинг кўпи ихтиёрий характерга эга бўлиб, ҳар доим ҳам кишига шахсий масъулият юкламайди. Давлат хизматчиларини муайян даврийликда, масалан, ҳар уч йилда давлат тилида иш юритиш бўйича аттестациядан ўтказиш амалиёти жорий этилса, вазият янада яхши томонга ўзгаради. Аттестацияда расмий хат, қарор ёки фармойиш лойиҳаси, фуқаролар мурожаатига жавоб, матн таҳрири ҳамда оғзаки мулоқот каби амалий топшириқлар бўлиши мақсадга мувофиқ. Натижаси етарли бўлмаган ходимлар малака ошириш курсларига йўналтирилиши керак. Бу орқали расмий ҳужжатлардаги имло, услуб ва мантиқий хатоларни босқичма-босқич камайтиришга эришиш мумкин.
Айни пайтда давлат тилига муносабатни фақат алоҳида ходим эмас, ташкилот фаолиятининг умумий сифат кўрсаткичи сифатида ҳам баҳолаш зарур. Шу мақсадда ҳар бир давлат ташкилотида «Давлат тили аудити»ни жорий этиш ҳам мақсадга мувофиқ бўларди. Аудит доирасида расмий ҳужжатлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги материаллар, пешлавҳалар, эълонлар ва фуқароларга хизмат кўрсатишда давлат тилидан фойдаланиш ҳолати ягона мезонлар асосида баҳоланиши мумкин. Натижалар асосида вазирлик, идора ва ҳудудлар кесимида очиқ рейтинг шакллантирилиши ташкилотлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтиради.
Бундан ташқари, давлат тилида иш юритиш ҳолатини раҳбарлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларидан бирига айлантириш таклифи ҳам бот-бот такрорланди. Буни жиддий ўйлаб кўриш вақти келди.
Маълум бир ташкилотдан бошқа бир ташкилотга юбориладиган хатлар, албатта, ўша ташкилот раҳбарининг имзоси билан расмий тус олади. Эътибор берсангиз, мана шу биргина қоғоз ўша ташкилотнинг давлат тилига нисбатан муносабатини бор бўйи билан кўрсатиб қўяди. Афсуски, кўплаб давлат ташкилотларидан раҳбар имзоси билан келадиган расмий хатларда бу муносабатнинг қай аҳволда эканини билиб олиш қийин эмас. Агар давлат тилида иш юритиш ҳолатини раҳбарлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларидан бирига айлантира олсак, ўз-ўзидан муносабат ҳам, вазият ҳам ижобий томонга ўзгаради.
Бугунги кунда тил тараққиётини рақамли технологиялардан айро тасаввур этиб бўлмайди. Электрон ҳужжат айланиши тизимларига ўзбек тилидаги имло, услуб ва атамаларни автоматик текширувчи дастурий модулларни интеграция қилиш зарурати ҳам кун сайин долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундай тизим хато ёзилган сўзларни кўрсатиш билан чекланмай, гап тузилиши, расмий услуб ва тасдиқланган атамалар бўйича ҳам тавсия бериши мумкин. Бу ходимларнинг вақтини тежайди, ҳужжатлар сифатини оширади ва давлат идораларида ягона ёзув меъёри шаклланишига ҳам хизмат қилади.
Давлат харидлари сиёсати ҳам тилни рақамли муҳитда қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаси бўлиши мумкин. Давлат маблағи эвазига харид қилинаётган дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари, терминаллар, банкоматлар ва электрон қурилмаларда тўлиқ ва сифатли ўзбекча интерфейс мавжуд бўлиши мажбурий шарт сифатида белгиланиши лозим. Фойдаланиш йўриқномалари, техник ёрдам ва дастурий янгиланишлар ҳам давлат тилида тақдим этилиши керак. Бу ўзбек тилини нафақат маиший мулоқот, балки замонавий технологиялар тили сифатида ҳам мустаҳкамлайди.
Тил сиёсати рақамли муҳитда қандай баҳоланади?
Давлат тилини ривожлантиришда хориж тажрибасига ҳам назар ташлаш фойдали бўлади. Масалан, Финляндияда давлат органлари коммуникацияси учун аниқ, тушунарли ва фуқарога мос тил алоҳида талаб сифатида белгиланган. Ҳатто давлат ҳужжатларини содда ва тушунарли тилда тайёрлаш бўйича махсус қўлланмалар мавжуд.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам давлат органлари учун «Содда ва тушунарли ўзбек тили стандарти»ни жорий этиш мумкин. Давлат ҳужжати саводли бўлиши билан бирга, уни оддий фуқаро ҳам осон тушуна олиши керак.
Финляндия тажрибасининг яна бир жиҳати эътиборга лойиқ: ҳукумат ҳузурида атамаларни бирхиллаштириш ва давлат ҳужжатларида ягона терминологиядан фойдаланишга масъул махсус тизим мавжуд. Терминологик базалар ахборот тизимларида ҳам қўлланилади. Шу асосда Ўзбекистонда яратиладиган «Ўзбек тили атамалар банки»ни давлат ахборот тизимлари ҳам фойдаланадиган ягона рақамли базага айлантириш мумкин.
Европа Иттифоқида эса тил технологиялари учун катта ҳажмдаги тил маълумотларини йиғиш, бирлаштириш ва қайта фойдаланишга қаратилган умумий рақамли инфратузилма яратилмоқда. Бу ресурслар сунъий интеллект, овозни матнга айлантириш, автоматик таржима, қидирув ва матн таҳлили каби технологияларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Бизда ҳам «Ўзбек тилининг рақамли тайёрлик индекси»ни жорий этишни ўйлаб кўриш керак. Унда давлат ахборот тизимлари ўзбек тилида тўлиқ ишлаши, қидирув, имло текшируви, овозли киритиш ҳамда сунъий интеллект технологияларида ўзбек тилини қўллаб-қувватлаш каби мезонлар баҳоланади.
Ниҳоят, янги давлат дастури, электрон хизмат ёки ахборот тизими жорий этилаётганда унинг тил таъсирини ҳам баҳолаш амалиётини киритиш мумкин. Яъни янги хизмат фуқарога давлат тилида қанчалик тушунарли, атамалар бир хил қўлланганми, интерфейсдан фойдаланиш осонми – булар ҳам лойиҳа ишга тушишидан олдин текширилади.
Замонавий тил сиёсати алифбони ўзгартириш билан тугамайди. Тилни тушунарли, рақамли ва технологиялар билан «гаплаша оладиган» тилга айлантириш ҳам унинг келажагини белгилайди.
Алифбони такомиллаштириш тил ислоҳотининг муҳим, аммо ягона қисми эмас. Агар янги ёки такомиллаштирилган ёзув давлат бошқарувида, илм-фанда, рақамли технологияларда, таълимда, хизмат кўрсатишда ва кундалик ҳаётда фаол қўлланмаса, унинг самараси чекланган бўлиб қолаверади. Шу боис алифбо масаласига давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг функционал имкониятларини кенгайтириш ва замонавий тараққиёт тилига айлантиришга қаратилган ягона сиёсатнинг бир қисми сифатида қарашимиз зарур.
Зеро, давлат тилининг ҳақиқий нуфузи унинг қонунларда қай даражада эътироф этилгани билангина эмас, балки инсонлар уни қай даражада ишонч, эҳтиёж ва фахр билан қўллаётгани билан белгиланади. Алифбомиз эса ана шу улкан тил тизимининг энг кўринадиган ва энг таъсирчан воситаларидан биридир.