Табиат      Бош саҳифа

Пойтахт экологияси: муаммо ечими сари жиддий қадамлар қачон қўйилади?

«Агар ҳавода чанг ва зарарли зарралар бўлмаганида, инсоннинг умри минг йилгача чўзилиши мумкин эди», – Абу Али ибн Сино.

Пойтахт экологияси:  муаммо ечими  сари жиддий қадамлар  қачон қўйилади?

Ҳар тонг пойтахтимиз осмонини кўз илғамас қуюқ чанг пардаси қоплаганига қараб, кўксимни куйдирган аччиқ бир ҳақиқатни айтгим келади: наҳотки бу ерда яшайдиганлар юз ёшга киришни исташмаса?!. Қадимдан олимлар улуғлаган, меъморий обидалар тиклаган, азим чинорлари қуюқ соя солиб турган пойтахт бугун нафақат чанг, балки қишда заҳарли тутун гирдобида қолаётган, қулоқни қоматга келтирувчи шовқинлар, кўзни қамаштирувчи ортиқча ёруғликлар, эскирган коммуникациялар ва тобора кучайиб бораётган экологик хавф-хатар остида эзилаётган тирик вужудга ўхшайди.

Шунча дарду ташвиш оғушида қолган қадр­дон шаҳримизнинг бугунги нафаси бизга нималарни анг­латмоқда? Статистика ва рақамлар инсон тақдири билан тўқнаш келган бу мураккаб манзарани қандай чизади?

 

Тоза ҳаво: тадбир эмас, натижа муҳим

Инсон овқатсиз бир неча ҳафта, сувсиз бир неча кун яшаши мумкин, аммо ҳавосиз – саноқли дақиқаларгина бардош беради. Бироқ шунчалик ҳаётий зарур бўлган неъматнинг қадрини фақат у обдан ифлосланганда сездик.

БМТ Бош Ассамблеяси 7 сентябрни бежиз «Мовий осмон учун халқаро тоза ҳаво куни» этиб белгиламаган. Зеро, ҳаво ифлосланиши энди фақат экологларнинг эмас, шифокорлар, иқтисодчилар, шаҳарсозлар ва энг муҳими, ҳар бир инсоннинг муаммосига айланиб улгурди. Ёнилғи ёқиш, транспорт, саноат ва иситиш тизимлари бир вақтнинг ўзида ҳам ҳавони ифлослантиради, ҳам иқлим ўзгариши жараёнини кучайтиради. Шу боис тоза ҳаво масаласига бир марта ўтказиладиган тадбир сифатида эмас, инсон саломатлиги ва шаҳар келажагини белгилайдиган узоқ муддатли сиёсат сифатида қараш вақти аллақачон етган.

 

Зарарли заррачалар ва аччиқ статистика

Кўзга кўринмайдиган, аммо инсон ўпкасининг энг чуқур қисмларигача етиб бориши мумкин бўлган PM 2.5 майда заррачалари бугун Тошкент ҳавоси ҳақидаги энг жиддий фактлардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, PM 2.5 учун йиллик ўртача кўрсаткич 5 микрограмм/метр куб, 24 соатлик ўртача кўрсаткич эса 15 микрограмм/метр кубдан ошмаслиги керак. Жаҳон банки ва Ўзбекистон Экология вазирлиги ҳамкорлигида тайёрланган Тошкент ҳавоси сифатини баҳолаш ҳисоботи эса пойтахтдаги йиллик ўртача PM 2.5 концентрацияси ЖССТнинг йиллик тавсиясидан олти баробардан зиёд юқори эканини кўрсатган. Ҳисоботда PM 2.5 таъсири билан боғлиқ саломатлик харажатлари Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 0,7 фоизига тенг бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Бу шунчаки рақам эмас. Бу йўтал, нафас қисиши, юрак-қон томир касалликлари хавфи, эрта ўлим ва энг аянчлиси, инсон умри билан боғлиқ аччиқ кўрсаткичдир.

Муаммонинг яна бир оғриқли томони шундаки, ҳавони фақат автомобиллар ифлослантиряпти, деб ўйлаш нотўғри. Жаҳон банки таҳлилларига кўра, Тошкентда инсон фаолияти билан боғлиқ PM 2.5 ифлосланишининг асосий манбалари иситиш тизимлари – 28 фоиз, транспорт – 16 фоиз ва саноат – 13 фоизни ташкил этади. Ёз фаслида эса транс­чегаравий шамол кўтарган чанг зарралари муҳим манбага айланади. Қишда иситиш тизимларининг таъсири янада кучаяди. Демак, ҳавони тозалаш учун фақат автомобилларга қараб қолиш муаммонинг бир қисмини кўриш, холос.

 

Қишда тутун қаердан келади?

Тошкентнинг қиш манзараларини эсласак, кўз ўнгимизда беихтиёр қалин қуюқ смог – заҳарли тутун гавдаланади. Қиш кунлари ҳаво алмашинувининг сустлашиши, иситиш эҳтиёжининг ортиши, турли ёқилғилардан фойдаланиш ва транспорт оқими бир-бирига қўшилиб, шаҳар ҳавосини оғирлаштиради. Айни пайтда биз кўпинча бу манзарага кўникиб ҳам қолгандекмиз: эрталаб осмон хира, узоқдаги бинолар чанг-туман ортида, кўчада эса одамлар йўталади. Аммо инсон саломатлиги учун хавфли муҳитга кўникиш уни хавфсиз қилиб қўймайди. Жаҳон банки ҳам Тошкент ҳавосини яхшилашда иситиш соҳасида ёқилғи сифатини ошириш, энергия самарадорлигини кучайтириш ва экологик тоза иситиш технологияларига ўтишни устувор чоралар қаторида кўрсатган.

 

Меъёрдан ошаётган  шовқин, ёруғлик

Шаҳримизнинг тезлик билан ривожланиши, кенгайиши қувонарли албатта. Аммо бу ривожланиш ўзи билан бирга кўплаб замонавий экологик муаммоларни ҳам елкалаб келмоқда. Кўчаларда автомобиллар сигнали, тинимсиз қурилиш шовқинлари инсонлар асаб тизимини чарчатмоқда. Тунлари эса улкан LED экранлар, сунъий чироқлар ва реклама баннерлари тун қоронғусини деярли йўқотиб юбормоқда.

Биз буни «замонавий шаҳар» деб қабул қилишимиз мумкин. Аммо инсон организми ҳам ўз қонуниятларига эга: ортиқча сунъий ёруғлик уйқу ритмига таъсир қилиши, доимий шовқин эса инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Экология деганда фақат ҳаво, сув ва дарахтларни тушуниш энди етарли эмас. Инсон яшайдиган муҳитнинг ўзи соғлом бўлиши керак.

 

Оқава сувлар ва коммуникация

Пойтахт кенгайгани сари унинг муҳандислик инфратузилмасига тушаётган юклама ҳам ортиб боради. Янги турар жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилмоқда. Аммо ҳар бир янги бинонинг ортида сув таъминоти, канализация, оқава сувларни тозалаш ва чиқиндиларни бошқариш каби масалалар ҳам бор. Агар шаҳарсозлик фақат янги бинолар баландлиги билан ўлчанса-ю, унинг коммуникациялари, яшил ҳудудлари ва экологик юкламаси ҳисобга олинмаса, бу тараққиётнинг ўзи янги муаммоларни туғдириши мумкин.

 

Ҳукумат ташаббуслари: энди натижа кутилади

Давлатимиз бу муаммоларга бефарқ қараб тургани йўқ, албатта. 2026-2030 йилларга мўлжалланган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси доирасида атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга камайтириш, саноат объектларидан чиқадиган ташламаларни ушлаб қолиш улушини 32 фоизга етказиш, PM 2.5 бўйича миллий меъёрлардан ошиш кузатиладиган кунлар сонини камайтириш ва транспорт воситаларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. Шунингдек, экологик таъсири юқори бўлган корхоналарда автоматик мониторинг станциялари ва чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш вазифаси белгиланган.

Бу, албатта, яхши қадам. Аммо энди энг муҳим савол: бу чоралар Тошкент ҳавосида қанча ўзгариш қилади? Чунки халққа ҳисоботдаги тадбирлар сони эмас, нафас олаётган ҳавосининг сифати керак. Экологик сиёсатнинг ҳақиқий натижаси қоғоздаги рақамлар билан эмас, тонгда деразани очганимизда қандай ҳаводан нафас олишимизда кўринади.

Аҳоли ҳаво сифатини реал вақт режимида кўра олиши, хавфли кунларда мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва аҳоли учун тезкор огоҳлантириш тизими ишлаши зарур. Жамоат транспортини ҳақиқий муқобилга айлантирмасдан туриб шахсий автомобиллар сонини камайтириш қийин. Қурилиш майдонларида чанг-тўзон кўтарилишига йўл қўймаслик, яшил ҳудудларни кенгайтириш билан бирга мавжуд дарахтларни асраш, иситиш тизимларини модернизация қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш ҳам бир-биридан ажралмас вазифалардир. Зеро, дарахт экишнинг ўзи эмас, унинг яшаб қолиши; мониторинг станциясининг ўзи эмас, унинг маълумотлари асосида чора кўрилиши; қонуннинг ўзи эмас, унинг амалда ишлаши муҳим.

Экологик таназзул бир кунда пайдо бўлмайди. У майда-майда бепарволиклардан йиғилади. Дарахт кесилса – «битта дарахтга шунчами», дедик, қурилишдан чанг кўтарилса – «қурилишда бўлади-да», дедик ва бугун шу аҳволга етиб келдик.

Шунинг учун Тошкентнинг келажаги бугунги қарорларимизга боғлиқ. Зотан, биз Тошкентни фақат бугун учун эмас, фарзандларимиз ва набираларимиз учун ҳам асрашга масъ­улмиз. Табиатга қандай муносабатда бўлсак, у ҳам бизга шундай жавоб қайтаради. Шуни унутмасак бўлгани.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Пойтахт экологияси:  муаммо ечими  сари жиддий қадамлар  қачон қўйилади?

Пойтахт экологияси: муаммо ечими сари жиддий қадамлар қачон қўйилади?

🕔11:06, 18.09.2026 ✔39

«Агар ҳавода чанг ва зарарли зарралар бўлмаганида, инсоннинг умри минг йилгача чўзилиши мумкин эди», – Абу Али ибн Сино.

Батафсил
Кореянинг «ақлли» иссиқхоналари Ўзбекистон яшиллик оламини бойитади

Кореянинг «ақлли» иссиқхоналари Ўзбекистон яшиллик оламини бойитади

🕔10:54, 18.09.2026 ✔40

Ўзбекистон яшиллик даражасини оширишда замонавий технологияга таянмоқда. Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги «ақлли иссиқхоналар» мамлакат ўрмонларини кўпайтиришга ҳисса қўшади.

Батафсил
«Яшил архитектура»:  уй қуришда  табиат  билан  ҳисоблашиш  шарт

«Яшил архитектура»: уй қуришда табиат  билан ҳисоблашиш шарт

🕔13:16, 17.09.2026 ✔40

Уй фақат девор ва томдан иборат эмас. Унинг қандай қурилгани ёзда хона қанчалик қизишига, қишда иссиқлик қанча сақланишига, ҳатто кондиционерга қанча пул сарфлашимизга ҳам таъсир қилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар