Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача

Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.

Исроф  занжири: дастурхондан сайёрагача

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастури (UNEP) 2024 йилда эълон қилган ҳисоботга кўра, 2022 йилда бутун дунёда 1,05 миллиард тонна озиқ-овқат исроф қилинган. Бу дўкон жавонларига, ресторанларга ва уйимиз дастурхонларигача етиб келган озиқ-овқатнинг 19 фоизи. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Озиқ-овқатнинг яна 13 фоизи даладан дўконгача бўлган йўлда сақлаш, ташиш, қайта ишлаш босқичларида нобуд бўлади. Энг қизиғи шундаки, кўпчилик «исрофни бойлар қилади-да» деб ўйлайди. Аслида эса ундай эмас. UNEP таҳлилига кўра, бой, ўрта ва камбағалроқ давлатлар ўртасида уй хўжалигидаги жон бошига исроф фарқи атиги 7 килограмм. Яъни овқатни беҳуда сарфлаш даромаддан қатъи назар, деярли барчага хос одат.

Кўпинча «айбдор ким?» дейилганда, бармоқ ресторанларга ёки супермаркетларга қаратилади. Лекин рақамлар бошқа нарсани кўрсатади. Жаҳондаги бутун озиқ-овқат исрофининг 60 фоизи айнан уй хўжаликларида содир бўлади, яъни 631 миллион тонна озиқ-овқат. Умумий овқатланиш соҳаси (ресторан, ошхона, кафе) 28 фоизни, савдо дўконлари эса атиги 12 фоизни ташкил қилади.

Бошқача айтганда, муаммонинг асосий манбаи биз – оддий истеъмолчилар. Ҳар бир одам йилига ўртача 79 килограмм озиқ-овқатни ташлаб юборади. Бутун дунё бўйича бу ҳар куни камида бир миллиард кишилик таомнинг чиқинди қутисига тушишига тенг. Овқатни ташлаганимизда, биз аслида фақат нон ёки сабзавотни эмас, уни етиштиришга кетган барча нарсани ҳам ташлаймиз. Сувни, ерни, ёқилғини, деҳқоннинг меҳнатини...

Етиштирилган, аммо ейилмаган озиқ-овқат дунёдаги барча экин майдонларининг қарийб 30 фоизини – 1,4 миллиард гектар ерни беҳуда эгаллаб турибди. Улкан майдонда ҳосил етиштирилади, суғорилади, ўғитланади... ва охир-оқибат чиқиндига айланади.

Сув ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Исроф қилинган озиқ-­овқатга кетган сув миқдори йилига тахминан 250 куб километрни ташкил этади. Тасаввур қилиш учун, бу Европадаги энг катта дарё бўлган Волганинг бир йиллик оқимига тенг миқдордаги сув.

Ва ниҳоят, иқлим. Озиқ-овқат исрофи ва йўқотилиши жаҳондаги барча иссиқхона газлари чиқиндиларининг 8-10 фоизини келтириб чиқаради. Ушбу рақам бутун авиация саноати чиқарадиган зарарли газлардан қарийб беш баравар кўп. Яъни ташланган овқат чириб, атмосферага зарар етказишда самолётлардан ҳам «ўзиб кетади». Иқтисодий томони ҳам ачинарли, ФАО баҳоларига кўра, озиқ-овқат исрофининг тўғридан-тўғри зарари йилига қарийб 750 миллиард долларни ташкил этади, тушунишингиз учун бу Швейцария каби бутун бир давлатнинг ялпи ички маҳсулотига тенг.

Буларнинг барчаси қандай шароитда содир бўлаётганини эсласак, юрак ачийди. Айни вақтда дунёда 783 миллион киши очликдан азият чекмоқда, инсониятнинг учдан бир қисми эса озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келган.

Бир томонда миллионлаб одам бир бурда нонга зор, иккинчи томонда эса ҳар куни бир миллиард тонна таом чиқиндига кетмоқда. Кўриб турган ҳолатимиз эса давримизнинг энг катта номутаносибликларидан биридир.

Фақат исроф билан боғлиқ рақамларни келтирмайликда бу борадаги ижобий ўзгаришларга ҳам юзланайлик. Муаммони ҳал қилиш мумкинлигини баъзи давлатлар аллақачон исботлади. Масалан, Япония изчил сиёсат ва аҳоли маданиятини ошириш орқали уй хўжаликларидаги озиқ-овқат исрофини 31 фоизга, Буюк Британия эса 18 фоизга камайтиришга эришди. Демак, вазиятни ўзгартирса бўлади.

БМТ барча давлатларни 2030 йилга қадар озиқ-овқат исрофини икки баробар қисқартиришга чақирмоқда. Аммо бу мақсад ҳукуматлар ёки халқаро ташкилотлар қарори билангина амалга ошмайди. У аслида энг оддий жойдан – бизнинг уйимиздан, музлатгичимиздан бошланади. Эҳтиёждан ортиқ сотиб олмаслик, овқатни тўғри сақлаш каби кичик одатлар бутун бир сайёра миқёсида улкан ўзгаришга айланади. Зеро, овқатни асраш – сувни, ерни, деҳқоннинг меҳнатини ва охир-оқибат кимнингдир эртанги кунини асраш!

 

Ирода РАҲМОНАЛИЕВА

тайёрлади.




Ўхшаш мақолалар

Исроф  занжири: дастурхондан сайёрагача

Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача

🕔14:28, 22.10.2026 ✔20

Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.

Батафсил
Қонунларимиз  болаларни  интернет  хавфларидан ҳимоя  қила оладими?

Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?

🕔13:16, 15.10.2026 ✔153

Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.

Батафсил
Асалари учраётган  хатар –  экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

🕔14:57, 08.10.2026 ✔217

Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар