Хоразм вилоятида Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатлар томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва ҳудудлардаги инфратузилмани яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Депутатлик фаолиятининг асосий мезони – фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва уларнинг амалий ечимига эришишдир. Айниқса, ичимлик сув таъминоти, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ободонлаштириш ва экологик барқарорлик билан боғлиқ масалаларда депутатларнинг ташаббускорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Экологик партиясидан вилоят Кенгашига тўрт нафар депутат сайланган бўлиб, битта депутатлик гуруҳи шакллантирилган. Туман ва шаҳар Кенгашларида эса партия вакиллари 41 нафарни, депутатлик гуруҳлари 11 тани ташкил этади.
Ўтган даврда депутатлар ташаббуси билан доимий комиссиялар ва Кенгаш сессиялари муҳокамасига 56 та масала киритилди. Шунингдек, мавжуд муаммоларни ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш ва ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини кучайтириш мақсадида 70 та депутатлик сўрови юборилди. Шундан 14 таси вилоят, 56 таси туман ва шаҳар депутатлик гуруҳлари ҳиссасига тўғри келади.
Фуқаролар билан бевосита мулоқот ҳам депутатлик фаолиятининг муҳим йўналишидир. Тўққиз ой давомида депутатларга жами 71 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 60 таси ижобий ҳал этилган. Бу умумий мурожаатларнинг қарийб 85 фоизини ташкил этади.
Бу натижаларни жойлардаги аниқ мисоллар ҳам тасдиқлайди. Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутати Ғофур Эшчановга «Гулистон» маҳалласи аҳолиси маҳаллага сув етказиб берувчи насоснинг носозлиги юзасидан мурожаат қилган. Депутат муаммони ўрганиб, уни бартараф этишга амалий ёрдам кўрсатди. Натижада унинг шахсий маблағлари ҳисобидан янги насос ўрнатилиб, маҳаллада сув таъминоти тикланди.
Депутатлар фаолиятида экологик тарғибот ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Сув – ҳаёт манбаи» шиори остида аҳоли ўртасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш ва мавжуд захираларни асраш бўйича тушунтириш тадбирлари ўтказилди.
Сув тақчиллиги ва иқлим ўзгариши кучайиб бораётган бугунги шароитда бундай ташаббуслар айниқса муҳим. Чунки экологик муаммоларни фақат давлат ташкилотлари саъй-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмайди. Бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг масъулияти ва табиатга муносабати ҳам катта аҳамиятга эга.
Депутатлик сўровларининг амалий натижаси Хива туманидаги мисолда ҳам намоён бўлади. Халқ депутатлари Хива тумани Кенгаши депутати Фаррух Юсуповга фуқаролар томонидан чорраҳалардан бирида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва пиёдалар учун хавфсиз шароит яратиш юзасидан мурожаатлар келиб тушган.
Депутат муаммони ўрганиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборди. Натижада масалани ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Бу эса депутатлик сўрови фуқароларни қийнаётган муаммоларни масъул идоралар эътиборига етказиш ва уларнинг ечимига эришишда муҳим восита эканини кўрсатади.
Албатта, бундай мисоллар депутатлик фаолиятининг мазмун-моҳиятини очиб беради. Бироқ келгусида мурожаатлар ва депутатлик сўровларининг нафақат сонига, балки уларнинг якуний натижасига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Кўтарилган масалалар ижросини мунтазам назорат қилиш, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш муҳим вазифа бўлиб қолади.
Зеро, депутатлик фаолиятининг ҳақиқий самараси ҳисоботлардаги рақамлар билан эмас, одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади. Бир маҳаллада сув таъминотининг тикланиши, хавфли чорраҳада ҳаракат хавфсизлигининг таъминланиши ёки аҳолининг экологик маданияти юксалиши – халқ вакиллари фаолиятининг энг муҳим амалий натижаларидир.
Экологик партия Депутатлари аҳоли муаммоларини қандай ҳал этмоқда?
🕔10:56, 20.11.2026
✔43
Хоразм вилоятида Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатлар томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва ҳудудлардаги инфратузилмани яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Батафсил
Сайёранинг ҳаётбахш қалқони
🕔10:54, 20.11.2026
✔41
Мактаб йиллари... Атрофимиздаги олам ва география дарсларида устозларимизнинг «Озон қатлами емирилиб боряпти, табиатни асраш керак», деган хавотирли сўзлари ҳали-ҳануз қулоғимда жаранглайди.
Батафсил
Ландшафтлар яратиш учун Ўзбекистон 103,7 миллион евро олади
🕔14:46, 05.11.2026
✔126
Яшил иқлим жамғармаси Кенгаши Марказий Осиё мамлакатларида экотизимларни тиклаш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган CLiCA минтақавий дастурини маъқуллади.
Батафсил