«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЮзлаб адабиёту китобларимизда, мақолаю бошқа асарларда миллий тилимиз фахримиз, бойлигимиз, истиқлолимиз тимсоли экани ёзилган. Ростдан ҳам бунга асло шубҳа йўқ. Бироқ назаримда, тилимиз бугун энг оғир нуқтамизга, ожиз тарафимизга айлангандай, миллат зиёлилари ва бутун халқимизнинг меҳрига, эътиборига муҳтож ҳолга келиб қолгандай туюлади.
Бугун истаган йўл ёқасидаги реклама афишаларига қаранг, экранга нигоҳ ташланг, унча-мунча газета-журнални, ҳатто дарслигу адабиётларни варақланг — имло хато очиқ-ойдин кўриниб қолади. Интернет, ижтимоий тармоқларни-ку, айтмай қўя қолайлик: ўқиган сари қон босимингиз ошиб кетади. Тилимизнинг хор бўлаётганини кўриб ачинишдан бошқа нарса қўлингиздан келмайди.
Фикримча, бунинг муҳим бир сабаби бор. Бугун ҳамма соҳа тартибга тушмоқда: иқтисодиёт ҳам, сиёсат ҳам, маданияту маърифат ҳам тараққий этяпти. Ҳамма жабҳада қонунлар қабул қилиняпти, давлатимиз уларнинг ижросини таъминлашга бутун куч-ғайратини, салоҳиятини, имкониятини сарф этмоқда. Қаердаки қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, дарров чора кўриляпти. Бир мисол: пойтахтимизда кўз очиб юмгунча йўл ҳаракати қоидабузарликлари кескин камайди. Бир кунда неча минглаб одам йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун жарақ-жарақ жарима тўлади. Чунки бу бўйича қаттиқ назорат ўрнатилди-да...
Бошқа соҳаларда ҳам вазият шундай. Лекин шахсан мен шу пайтгача ўзбек тили қоидаларини бузгани, кўча-кўйдаги рекламаларни нотўғри битгани ё идораси пештоқида ташкилоти номини нотўғри ёзиб қўйгани учун бирор кимнинг жаримага тортилгани ҳақида эшитмаганман. Ҳолбуки, аслида кимдир юриш-туриш ёки йўл қоидаларини бузса, жамият олдида давлат тили меъёрларига амал қилмаганичалик ижтимоий хавфи юқори бўлмайди.
Олди-сотди шартномасини расмийлаштириш зарурати туфайли пойтахтимизга ёндош ҳудудда жойлашган нотариал идоралардан бирига ишим тушди. Нотариус банд, унга ёрдамчи бир қиз тезда шартномани тайёрлаб, танишиб чиқиб, имзолаш учун менга берди. Матннинг биринчи абзацини ўқиганимни биламан, ҳадеб ғашимга тегаверди: «қ», «ғ», «ў», «ҳ» ҳарфлари умуман йўқ! Имло хатолари, тиниш белгилари ҳақида-ку, гапирмай: расво!
Ҳалиги қиздан ручка олиб, эринмасдан, битталаб имлосини тўғрилаб чиқдим. Сўнг тузатишларини киритиш учун қайтариб бердим. Нотариус ёрдамчисининг энсаси шунчалик қотдики, ўзим хижолат бўлиб кетдим. «Нима, ўқитувчимисиз, дейман, — деди у пичинг қилиб. — Бу ҳужжат неча йилдан бери «шаблон» бўп туради. Фақат исм-фамилия, шартнома муддати ва суммаси ўзгаради, холос. Шу пайтгача ҳеч ким ғинг демаганди…»
Менинг тузатишим унга ёқмагани кундай равшан эди: иши кўпайди унинг. Минғирлаб-минғирлаб тузатишларимни матнга киритиб чиқди. Лекин мени бошқа нарса ҳайрон қолдирди: у давлатнинг расмий идорасида ишлаб туриб, давлат тили ҳақидаги қонун талабларини, она тилини очиқчасига бузгани етмагандай, ўз саводи ва имлосидан зиғирча ҳам уялгани, жилла қурса, хижолат тортгани йўқ!
«Майли, ҳарна, битта ҳужжатини тўғрилатдим, энди мендан кейингиларнинг ҳужжати рисоладагидек бўлади», деб ўйладим ичимда мамнун бўлиб. Қизиғи, нотариусни кутиб ўтириб, мендан кейин навбатда турганлардан бирининг қўлидаги шартномани ўқиб кўрдим. Не кўз билан кўрайки, эски ҳаммом — эски тос деганларидек, аввалида қандай бўлса, ўша-ўша хатолар билан тўлдирилган эди. Билдимки, фақат мен учун, талаб қилганим учунгина тўғрилаб беришган экан.
Бир ажойиб шоира дўстимиз бор. Икки йилча бурун китобчасини совға қилганида хурсанд бўлган эдим. Ўқиб кўриб, асабим бузилди. Муаллиф ҳақидаги икки энлик маълумотнинг ўзида нақд саккизта имло хато ва ғализ жумла бор экан. «Тафаккур» нашриёти чоп этган «Кўнгилга йўл» номли ўша китобда имло хатолар у ёқда турсин, муаллифнинг фамилияси ҳам нотўғри ёзилган эди: «Ҳолиқова».
Муаллифнинг ўзига айтсам, «Ака, мен озроқ имло хато билан ёзишим мумкиндир, лекин нашриётда мусаҳҳиҳ, муҳаррир дегани бор, улардан ҳам ўтиб кетгандир-да», дегандай гап қилганди.
Яқинда шу шоиранинг яна китоби чиқди. Биринчи навбатда эътибор берганим унинг фамилияси бўлди. Ҳарқалай, «Академнашр»да саводга, имлога қаттиқ эътибор беришади, шекилли, муаллиф «Ҳолиқова»дан «Холиқова»га ўзгарибди. Демак, кимдир эътиборли бўлса, китоб имло хатосиз ҳам чиқиши мумкин экан-ку, а?
Бежиз бу ҳақда гапирмадик. Тилимиз ҳақида гап кетганда, ҳаммамизни чарчатган бир жиҳат бор: исм-фамилиялардаги хатолар. Бу борада имло саводсизлигимиз китобу газета-журналдан, мактаб синфхоналарию кўча-кўйдан ҳам чиқиб, ҳатто, қабристонларга ҳам етиб борганига нима дейсиз... Ажаб, баъзан айрим қабристонларда ҳатто қабртошларида ҳам «Джуракулов», «Чариев», «Ровшан» каби исм-фамилияларга кўзимиз тушади. Билгичлардан сўрасангиз, «Паспорти бўйича ёзилган-да», дейди. Ҳеч ақлим етмайди: одамзод тириклигида исм-шарифини паспорт бўйича ёзишини, бу ҳужжатбозликда зарурлигини тушуниш мумкиндир. Бироқ у оламдан ўтгач, сўнгги манзилга етгач, бир умр ҳужжатида хато қайд этилган исм-фамилиясини, ҳеч бўлмаса, қабртошига тўғри ёзишса бўлмасмикан? Ё бирорким қабртоши билан паспорт нусхасини солиштириб, бир хил бўлса, дуои фотиҳа қилармикан?.. Ёки ўқилган дуолар нотўғри манзилга кетиб қолармикан?..
Ҳа, ана шу оғриқли нуқтамиз ҳақида кўп бош қотирмаймиз. Миллатни миллат сифатида хароб қилувчи нарсалардан бири унинг ўз исмларини бузишидир. Мустабид тузуми даврида янги туғилган неча миллионлаб ўзбек боласига «ЗАГС» идораларида атайлаб ажнабий талаффузда исм берилган: ота Раҳмон деб қўйган исм туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада «Роман», Носирхўжа эса «Насирхаджа» дея қайд этилаверган. Ўз ори, миллий ғурури бўлмаганлар ҳозиргача шу ғализлик ботқоғига ботган исмларни елкасида кўтариб келяпти. Нима эмиш, «барча ҳужжатларида исми шундай ёзилган, энди иложи йўқ». Кечирасиз, муҳтарам «Насирходжа» ака! Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунида «Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар», деб белгилаб қўйилган. Сиз битта ариза билан паспортингиз, дипломлару бошқа ҳужжатларингизни ўзгартириб, ажнабий бир зотдан дуппа-дуруст ўзбекка айланишингиз мумкин. Бунинг учун озгина истак ва миллий ғурур, ўзингизга ҳурмат керак, холос, дегим келади.
Ижтимоий тармоқдаги машҳур гуруҳда бир ота ёзғириб қолди. Қизи мактабдан йиғлаб келибди: аълочи қиз диктантдан паст баҳо олибди.
Ота қизининг дафтарини текшириб кўрса, она тили ўқитувчиси тушмагур диктантни обдан бўяган. Қиз хато ёзгандир-да, дерсиз. Қани эди шундай бўлса. Ўша ота диктантни суратга олиб, ижтимоий тармоққа жойлагани учун биз ҳам кўрдик: ўқитувчи муштдай бола тўғри ёзган сўзларни қизил ручкада «таҳрир» қилиб, ўзи хато сўзга айлантириб чиққан!
Бунга нима дейсиз энди? Машҳур гап эсга тушади: хаста ҳолда табибга борсам, нетай, табибнинг ўзи хаста...
Дарҳақиқат, устознинг ўзи хато қилгач, унинг қўлида тарбия топган болалар эртага ким бўлади?
...Информатикада Бейсик тили (BASIC, инглизча «Beginner’s All-purpose Symbolic Instruction Code»нинг қисқартмаси) деган тушунча бор. Тили ниҳоятда мураккаб дастур эди, чоғи. Ўқувчилик пайтимиз уни қанча ўқимайлик, компьютерда мустақил равишда атиги иккита рақамни қўшиш ё айириш амалини бажара олмасдик. Бунинг учун неча-неча код териш керак эди-да.
Ҳозир халқимизнинг энг катта қатлами — ёшларимизнинг имло саводхонлиги ҳақида ўйласам, улар фаол бўлган ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларни ўқисам, ана шу Бейсик тилидаги нўноқлигим эсга тушаверади. Боиси Бейсик тилини қанчалик тушунмаган бўлсам, ҳозирги тенгқуру биздан ёшларнинг ҳам тилини шунчалик англашим қийин.
Таҳририятимизга келаётган мактублардан ёши улуғ инсонларнинг имло хатосиз, чиройли ҳуснихат билан ёзишини биламан. Камсонли мактуб битувчи ёшлар қатлами эса бу борада мутлақо тескари. Хулосам оламшумул эмас, албатта: илгари одамлар қўли қабаргунча ёзган, битиги чиройли чиқиши учун ҳуснихатни эгаллаган. Ҳозир ёш авлод фақат уйга вазифани бажараётгандагина тўрт энлик ёзув ёзар, эҳтимол. Бироқ телефонда бетиним SMS ёзади, ижтимоий тармоқларда куни билан тутуруқсиз гаплар қолдиради. На маъни, на матра бор бундай ёзишмаларда имло, ҳуснихатга ҳожат йўқ...
Нега бугун кўчалардаги эълонлару афишаларнинг аҳволига ҳеч қараб бўлмайди? Улардаги ўзбекча сўзларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. «Танduр сомса», «Ona er saxovati», «Закас – 2 лт ли Термизда Чой», «Пўлка нон бор», «Medveжоnok», «ОИТS — АСR VABOSI», «UINCHOQLAR» каби ўта саводсизларча ёзилган ярми ўзбекча, ярми русча, ярми кирилл, ярми лотин алифбосидаги рекламаю эълонларни ёши катталар эмас, айнан ана шундай саводсиз, имло кўчасига кирмаган ёш-яланглар ёзганига юз фоиз кафолат бераман.
Тўй-маъракаларга таклифномалардаги саводсизликлар ҳаммага маълум. Уларда ёзиладиган матнларни ҳам ана шулар ёзади. Сабаби, сиз минг олим, тилшунос бўлмайсизми, таклифнома учун тўппа-тўғри ёзиб берган матнингизни полиграфияда ишлайдиган бесавод йигит-қизлар олади-да, ўз имлоси ва талаффузига мослаб, барибир хато-нотўғри териб, чоп этиб юбораверади. Уларнинг ишини тўғрилашга интилишингиз бефойда: беҳуда кетган пулингиз, асабингиз ва вақтингиз қолади.
Она тилимиз софлигини асраш ҳақида гапирмаган, ёзмаган ижодкор қолмади ҳисоб. Бироқ амалда барибир ҳаёт ўз «қўшиғи»ни айтмоқда: тилимизга муносабат, имломизга эътиборимиз борган сайин сусайиб кетмоқда.
Хўш, бундай шароитда нима қилмоқ керак?
— Миллий тафаккур тадрижида, тарихида шундай воқеалар бўладики, уларни унутиш, сабаб ва оқибатларига бепарволик катта йўқотишларга олиб келиши мумкин, — дейди таниқли ижодкор Раҳмон Қўчқор. — Назаримда, ҳазрат Навоий хулосани ҳам аниқ-тиниқ айтиб қўйганлар: «Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз»! Демак, миллий тилни асраб-авайлаш, уни писанд қилмайдиган, хоҳлаган кўйга солиш мумкин, деб ўйлайдиганлар тажовузидан қўриқлаш фақат улуғларнинг эмас, ўзини, тилини, миллатини ҳурмат қиладиган ҳар бир фуқаронинг бурчи, кундалик ташвиши бўлмоғи лозим.
Мен эса Раҳмон Қўчқорнинг фикрига қўшимча қилиб айтмоқчиман: одамлар қачонки бу «ташвиш»ни қорин ғамию, ўткинчи ҳою ҳаваслар ташвишидан устун қўя олса, ўшандагина вазият яхши томонга ўзгара бошлайди. Бандаси уст-боши, минган машинаси абгорлигидан эмас, саводи чатоқлигидан уяла бошласа, ўшанда тилимиз ўз қаддини рост тутади.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил