«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилХалқимизнинг ажралмас урф-одатларига айланиб улгурган юксак бағрикенглик муносабатлари долзарб аҳамият касб этяпти. Айниқса, ҳозирда бошимизга катта синовлар тушиб турган бир пайтда бу каби муносабатларга бўлган эҳтиёж янада ошади.
Аслида «ория» тушунчаси бизга бегона эмас. Бу халқимиз орасида минг йиллардан бери жорий бўлиб, яшаб келаётган таомил. Инсонларнинг бир-бирига меҳр-муҳаббатли, мурувват ва оқибатли бўлишида, йиқилганни суяб, эҳтиёжмандга мадад қўлини чўзишда бу муносабатнинг ўрни ва эътибори бўлакча. Ислом ҳуқуқида унинг айрим бир жиҳатлари борки, уларни ўрганиш ўзаро муносабатларимизни тўғри асосга қуриш, янада унумлироқ ташкил этишда жуда муҳимдир. Бундай муносабатлар бир тарафдан бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга ундаса, иккинчи тарафдан бировнинг кўмаги билан мушкулини осон қилиб олган кишида омонатдорлик ва миннатдорлик хислатларини намоён этади.
Оёқ остидаги ор
«Ория» – бировнинг мол-мулкини эвазига ҳеч нарса бермаслик шарти билан вақтинчалик фойдаланишга олиб туриш. Ория келишуви тўғри бўлишининг шарти ҳар икки томоннинг розилигидир. Бунда вақтинча фойдаланувчи мулкдорнинг бирон мулкидан унинг розилиги билан эваз ва фойдасиз тасарруф этиши кўзда тутилади.
«Ория» сўзи луғатда «ор» ўзагига мансуб бўлиб «ор-номус», «айб» маъносини ифода қилади. Одатда бировдан бирон бир нарса сўраб борган шахс ор-номусини оёқ ости қилиб ва бироз бўлса-да ўзини айбдор ҳис қилиб боради. Бу муносабатдан ўзганинг молини «талаб қилувчи ор-номус ва айбга қолиши» ҳам мулоҳаза қилинган.
Қуръони каримда хайру саховат маъносини ифода қилувчи кўплаб оятлар мавжуд. Уларнинг барчаси инсонларни бир-бирларига яхшилик йўлида ҳамкорлик қилиб, ҳожатбарор бўлишга ундайди. Ория муомаласидан кўзланган мақсад бошқаларга ёрдам бериш ва уларнинг оғирини енгил қилиш билан бирга, бахилликдан қайтаришдир. Чунки бахиллик пасткашлик ва мунофиқлик аломатларидан ҳисобланади. Ория муносабати Қуръондаги хайру саховат, эзгуликка даъват қилувчи оятларнинг мазмун-моҳияти билан уйғунлашади.
Илк даврдаги
келинкўйлак
«Абдулвоҳид ибн Айман айтади: «Отам айтди: «Оишанинг олдига кирдим. Эгнида беш дирҳамлик пахтали кўйлак бор эди. У: «Жориямни кўрмайсанми, қара, буни уйда кийишни эп кўрмаяпти. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида менинг шундай бир кўйлагим бор эди. Мадинада бирор аёл (келинликка) ясанадиган бўлса, уни иора(вақтинча фойдаланиш)га сўраб, менга одам юборар эди», деди».
Оиша онамиз Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) даврларида одамларнинг иқтисодий аҳволи танг бўлгани, нархи унча қиммат бўлмаган биргина кўйлак келин бўлаётган аёллар учун ўта қадрли эканининг хабарини бермоқдалар. Ўша кўйлакдан вақтинча фойдаланиб туришни сўраган аёлларга Оиша онамиз уни бериб турганлар. Мазкур ҳадисда никоҳ кечаси келин кўйлак билан боғлиқ ория масаласи баён қилинган. Шуларга асосланиб, олимлар мазкур ҳадисни ислом ҳуқуқида ория муносабатларининг жоиз эканига далолат қиладиган ҳадислар қаторида келтирганлар.
…Ушбу воқеани бугунги кундаги ҳолатимиз билан қиёслаб кўрайлик. Ҳозирда келиннинг кўйлаги катта миқдордаги пул эвазига маълум муддатга ижарага олинади. Юқорида келтирилган воқеада эса, турмушга чиқаётган қизга бир хурсандчилик улашиш, уни ва яқинларини моддий жиҳатдан қийнаб қўймаслик учун келинлик пайтида кийиладиган либос текинга бериб турилган. Бу ўриндаги ория муносабати бир инсоннинг хурсандчилиги устига шодлик улашиш вазифасини ҳам бажарган. Одамлар орасида меҳр-муҳаббат, мурувват ва оқибат ришталарини мустаҳкам бўлишига хизмат қилган.
Бугунги кунимизда эса, биргина оилавий тадбирлар, хурсандчилик кунларини ўтказиш учун фалон пулга ижарага нарсалар олиб, оқибатда қарзга ботиб, қарзни узолмасдан оғир аҳволда қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, халқимизда асрлар давомида муомалада бўлиб келган ория масаласи бугун бизнинг ҳаётимиздан бир қадар четда қолаётгани баъзида катта муаммолар гирдобига тушиб қолишимизга сабаб бўляпти.
«Элагингизни бериб
туринг…»
Ориянинг шартлари хусусида олимлар бир неча жиҳатларни санаб ўтишган. Аввало, ория келишувини тузувчи оқил, яъни ақли норасо бўлиши шарт. Ақли норасо томонидан қилинган келишув амалга оширилмайди. Ория келишуви савдо-сотиқ ва шу каби ишларга изн берилган бола тарафидан амалга оширилиши ҳам мумкин.
Иккинчидан, орияга олувчи мол, яъни нарсани мулк қилиб олиши. Ория келишуви ихтиёрий хусусиятга эга бўлган хайру саховат амалларидан ҳисобланади. Шу боис, вақтинча фойдаланишга розилигининг ўзи кифоя қилмайди. Орияга олувчи мол-мулк, яъни нарсани қабул қилиб қўлига олиши шарт.
Учинчидан, ория келишувида мол-мулк, яъни нарса фойдаланиш давомида йўқ бўлиб кетмайдиган ёки жинси ўзгармайдиган нарса бўлиши зарур. Чунки ория келишуви бирор нарсадан вақтинча фойдаланишни ифода қиладиган келишувдир. Мақсад нарсани маълум бир муддат ушлаб туриш эмас. Фойдаланиш давомида йўқ бўлиб кетадиган нарсалар қаторига озиқ-овқат маҳсулотлари, жинси ўзгарадиган нарсалар сирасига эса пул бирликларини киритиш мумкин.
Келишув вақтида томонлар ориянинг асосий шартларига эътибор қаратиши лозим бўлади. Эътиборсизлик қилиш инсонларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқларини поймол бўлиши ва турли муаммоли вазиятлар юзага келиши билан бирга, мулк эгасига молиявий зарар келтириши ҳам мумкин. Инсонлар ўртасидаги турли битим, келишув ва бошқа муомалалар белгиланган шарт ва рукнлар асосида бўлмаса, мазкур битим, келишув ва бошқа ижтимоий муносабатлар тузилган ҳисобланмайди.
Ория масаласи ижтимоий турмушнинг муҳим бўғини бўлган оилавий муносабатлар билан боғлиқ. У одамлар ўртасида энг кўп мурожаат қилинадиган муносабатлар сирасига киради. Ория қариндош-уруғ, қўни-қўшничилик алоқаларида кенг оммалашган ижтимоий масалалардан биридир. Жамиятда инсонлар орасида ория кўринишидаги мол-мулкдан фойдаланишга эҳтиёж катта. Орияга олинган мулкка нуқсон етган ҳамда бутунлай йўқ бўлиб кетган тақдирда одамлар муаммони ўзаро урф асосида (ёзилмаган қонун) ечимини топиб муроса-ю мадора тарзида ҳал қилмоқда, десак хато қилмаймиз.
Гоҳида, қўни-қўшнилар ёки қариндошлар уйда катталар бўлмаса ҳам балоғатга етмаган ёшларнинг гувоҳлигида уй-рўзғор анжомларини олиб фойдаланишга одатланган. Бу ҳолатда томонлар ория келишувини бузган ҳисобланмайди. Чунки шариатда умумий қоидалардан бири шуки, «ҳеч қандай чекловлар бўлмаганда урфга амал қилинади». Бунда ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч келишувнинг жоизлигини ифода этади.
Ҳуқуқ ва
масъулият
Ория муносабатида энг асосий қоидалардан бири мулкдор хоҳлаган вақтида ория келишувини бекор қилиш ҳуқуқига эгалигидир.
Агар бир киши ўзига тегишли ерни бино қуриш учун ёки кўчат экиш учун орияга берса, ория олувчи бино қурганидан ёки экин экиб бўлганидан сўнг мулкдор келишувни бекор қилиши ҳақида қарорини айтса, орияга олувчидан қурилган бинони бузишни ёки экинни олиб ташлашни талаб қилса, келишувда олдиндан муддат белгиланган бўлса-да, орияга олувчи олинган нарсани қайтариб беради. Мулкдор етказилган зарарни қоплаб беради.
Орияга олинган нарса орияга олувчи қўлида омонатдир. Ишлатилмаётган вақтида ҳам омонат ҳисобланади. Чунки у бировнинг мулки, бировнинг ҳақидир.
Бурҳониддин Марғиноний: «Ория омонатдир. Агар орияга олинган мол-мулк орияга олувчининг тажовузисиз ҳалок бўлса, тўламайди».
Олувчи олинган нарсага омонат сифатида қараб, уни муҳофаза қилиши ва уни ишлатишдан кўзланган мақсад ҳосил бўлгач, эгасига қайтариб бериши шарт. Мол-мулкка эътиборсизлик қилиш, белгиланган шартларга амал қилмаслик тажовуз ҳисобланади. Агар унга бирон нуқсон етса, қиймати тўлаб берилишига олиб келади.
Агар ер бино қуриш ёки кўчат экиш учун орияга олинган бўлса, мулкдор келишувни бекор қилиб, орияга олувчидан бинони бузишга ёки кўчатларни олиб, ерни бўшатиб қўйишга мажбур қилиши мумкин. Агар ерни бўшатмаса, орияга олувчи ҳеч қандай келишувсиз бировнинг еридан фойдаланувчи бўлиб қолади. Шу боис, ерни бўшатиб бериши лозим бўлади.
«Бир киши учун уй»
Агар ория келишувининг амал қилиш муддати белгиланмаган бўлса, орияга олувчи етказилган зарарни тўлаб бермайди. Чунки у мулкдор томонидан алданган деб эътиборга олинади. Ориянинг муддати белгиланган бўлса, мулкдор муддат келишидан олдин келишувни бекор қилса, мазкур қилган иши жоиз бўлса-да, ваъдага хилоф иш тутган бўлади. Мулкдор етказилган зарарни тўлиқ қоплаб беради. Чунки ория келишувининг амал қилиш муддати белгиланган, лекин унга амал қилмади.
Одатда келишув вақтида орияга олинган нарсадан фойдаланиш тури айтиб ўтилади. Мулкдор уни инобатга олиши мақсадга мувофиқ. Чунки орияга олувчи уни муайян мақсадда фойланиш учун олган. Агар орияга олувчи ундан фойдаланишда мавжуд тартиб-қоидаларга риоя қилмаса ва мол-мулкка бирон талафот етказиши аниқ бўлган ҳолатларда, мулкдор орияга берилган нарсани қайтариб олиши ва келишувни бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Умумий тарзда фойдаланиш мумкин бўлган мулк орияга олинганда мулкдор «ундан фақат бир киши фойдалансин», деб шарт қилган бўлса-да, орияга олувчи ундан бошқалар билан биргаликда фойдаланиши мумкин. Аммо умумий тарзда фойланиш мумкин бўлмайдиган мулк турида бу ҳолат мумкин эмас. Масалан, орияга олинган уйда кўпчилик бўлиб яшаш мумкин. Лекин орияга олинган уловни фақат мулкдор ишонч билдирган бир кишининг ўзи минишга ҳақли бўлади.
Ория келишувида турли чекловларни белгилаш урф бўлиб қолган. Масалан, қўшнингиз сиздан нимадир сўраб келса, қачон қайтарасиз, деб ўзингиз сўрайсиз ёки ўзи қачон қайтаришини айтади. Бу ҳолат бевосита ория олинган нарсадан фойдаланиш вақти ва иш турини олдиндан билиш билан боғлиқ бўлади.
Шунингдек, ория келишуви вақтида ҳамма нарса айтилмайди. Балки мол-мулкка нисбатан урфий тартиб-қоидаларга амал қилиш талаб қилинади. Чунки орияга олувчининг энг асосий вазифаларидан бири ория олинган мол-мулкни муҳофаза қилиш, уни сақлаш ва асл ҳолича эгасига қайтаришдан иборат. Шу боис, орияга олувчи мол-мулкка нисбатан эътиборсизлик қилишга ҳақли бўлмайди. Акс ҳолда, етказилган зарар тўлиқ қопланади.
* * *
Ҳозирда мамлакатимиз қонунларида, айниқса Фуқаролик кодексида ория муносабатларига оид баъзи бир қоидалар мавжуд. Аммо ория масаласи гарчи инсонлар ўртасида кенг тарқалган урф-одат, қадриятлардан бири ҳисобланса-да, бугунгача фақатгина йирик ҳажмдаги мол-мулклардан ва нақд пуллардан бошқа нарсаларни орияга (текин фойдаланишга) бериш бўйича ҳуқуқий нормалар тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Шу боис, қўшничилик, қариндош-уруғчилик муносабатларини мустаҳкамлашда ория масаласини жамоатчиликка тушунтириш ишларини амалга оширишда юқорида келтирилган фиқҳий масаладан маҳалла институтларида кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Маъмуржон ЭРКАЕВ,
Тошкент ислом институти бўлим бошлиғи
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил