«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилТил – миллат руҳини акс эттирадиган, миллий, тарихий илдизларга туташадиган муҳим восита. Давлат тили мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига, маънавият-маърифат, таълим, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ соҳаларига бевосита ёки билвосита таъсир кўсатади. Айниқса, нисбатан ёш мустақил мамлакатларда миллий давлат тилини ривожлантириш ва унинг амалиётда кенг қўлланилишига эришиш долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбек тилининг ривожланиши учун амалга оширилиши зарур фаолият ўттиз йил давомида тўхтаб қолгани сабабли бугун бу борада катта муаммолар кўпчиликни ташвишга соляпти. 1989 йилда гарчи «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинган бўлса-да, унинг ишлаш принципи, жамиятдаги ҳар бир соҳага, умуман ҳаётимизга изчил тадбиқ этиш механизми яратилмаган эди. Натижада, ўзбек тили, атамашунослик, миллий тил, адабий тилнинг бойиб такомиллашиш йўллари ва имло графикаси, у билан боғлиқ назарий қоидалар ўзибўларчилик билан аро йўлда қолиб кетди. Давлат тилининг мавқеи, нуфузи ва обрўси ҳақида қайғуришни тасдиқлайдиган амалий фаолият деярли кўзга ташланмади. Ўтган йиллар давомида бу борада бош қотирадиган лоақал бирон ташкилот тузилмагани давлат тилининг чин маънода эгасиз қолиб кетганининг биргина кўриниши холос.
Мустақилликдан кейин хорижий тилларни ўрганишга кенг имкониятлар яратилди. Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган аксар мактаблардаги таълим сифати ота-оналарни қониқтирмагани боис кўпчилик ўз фарзандини рус тилида таълим бериладиган мактабларда ўқитишни маъқул кўрди. Бу жараён ҳалигача давом этиб келяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майдаги «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони, 2019 йил 4 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ҳамда 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан давлат тили мавқеини мустаҳкамлаш бўйича илк қадамлар қўйилмоқда.
Айни вақтда соҳада қатор муаммолар мавжуд бўлиб, амалда Ўзбекистон расмий идоралари ва илмий ҳамжамиятининг асосий тили ўзбек тили эмаслиги, замонавий тенденцияларнинг ўзбек тилида акс этмаслиги, таржимачилик, луғат ва сўз бойлигининг камайиб кетиши каби масалалар ҳанузгача узил-кесил ҳал қилинмаган.
Давлат ва нодавлат ташкилотларида ҳалигача ўзбек тилини мукаммал биладиган, давлат тилида оғзаки ва ёзма саводхонлиги юқори, шу тилда бемалол иш юрита оладиган мутахассислар эмас, асосан, хорижий тиллардан камида биттасини биладиган ходимга талаб юқори бўлиб келди. Бундай ходимга бошқаларга нисбатан устунлик бериш, ҳатто, баъзи ўринларда ёзилмаган қонун тусини олди.
Бугун мамлакатимиз умумтаълим мактабларининг сони 9691 тани ташкил этса, шундан дарслар рус тилида олиб бориладигани 862 та (8,8 фоиз). Бироқ сўнгги йилларда йирик мегаполисларда фарзандини рус ёки бошқа тилдаги мактабларга бериш кўрсаткичи камида икки-уч фоизга ошган. Албатта бунинг сабаби таълим сифатига ва бошқа турли омилларга бориб тақалади. Бироқ, ёшлар келажагида ўзбек тилига рағбатнинг йўқолиб бораётгани ҳам жиддий сабаб бўла олади.
Бунинг оқибатида ёшларда билимли, малакали бўлишга интилишдан кўра, хорижий тилни ўрганишга бўлган рағбат ортиб борди. Қонун доирасида берилган имтиёзлар мамлакатнинг эртаси саналган ёш авлодда ўз она тили ёки давлат тилини мукаммал ўрганиш ҳамда шу тилда иш юритишдан кўра, хориж тилини ўрганиш ҳаётда ва жамиятда муносиб ўрин-мавқега эришиш учун асос бўлишини кўрсатиб қўйди.
Кадрлар сиёсатида муносиб мутахассисларга рус ёки бошқа тилни билишига қараб устуворлик берилди. Ўзбек тилини қанчалик билиши эса иккинчи даражага тушиб қолди. Мана шундай ёндашув асосида ишга қабул қилинган ходим ўз она тили қайсию ўзи ишлаётган муассасада давлат тили қайси эканини фаҳмлаб-фаҳмламай фаолият юритаверди.
Катта-катта ташкилотларда давлат тилига муносабат шундай бўлгандан кейин халқда унга нисбатан ҳурмат-эътибор, ғурур ва ифтихорнинг сўниб бориши ажабланарли ҳол эмас эди.
Иқтисодиётни ривожлантириш, бизнес борасида халқаро муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий ҳамкорликни кучайтириш йўлидаги фаолиятда мазкур мамлакатнинг давлат тили сифатида белгилаб қўйилган ўзбек тилида иш юритиш масаласи бирон марта эътиборга олинмади. Биринчи навбатда бизга кириб келаётган маҳсулотлар, хорижий ҳамкорлар, турли муносабатлар билан «ташриф буюраётган» ажнабий сўзлар «божхона»сиз тарзда бемалол кириб келиб, давлат тилининг луғатидан катта-катта жойларни банд қилиб олди. Бунинг оқибати – нафақат хорижий ҳамкорлар учун, балки ўзбек тили ўз онасидай табаррук ва мўътабар бўлганлар учун ҳам хориж тили ўз она тилидан-да қадрлироқ муомала воситасига айланди.
Бугун шиддат билан ривожланаётган алоқа ва телекоммуникация соҳаси, жумладан ахборот технологиялари ва интернет тармоғида ўзбек тили контенти жуда камбағал ва ғариб аҳволда. Бу соҳага ўзбек тилини олиб кириш ва бойитиш умуман рағбатлантирилмади. Мисол учун, «Google» глобал тармоғида ўзбек тилидаги қидирув жараёнида маълумотларнинг жуда камлиги, борлари ҳам фақат охирги беш-ўн йилликка оид экани ҳам ўтган йилларда бу масалага эътибор жуда паст даражада қолганидан далолатдир. Тажриба тариқасида «Ўзбекистон ҳаёти» ва «жизнь Узбекистана» деган жумлаларни қидирувга бериб кўрдик. Ўзбек тилида 1 миллион 230 мингта саҳифа топилган бўлса, рус тилида 48 миллион саҳифа чиқиб келди. Ҳолбуки, бу сўз айнан Ўзбекистон ҳаётига тааллуқли бўлса ҳам.
Мисол учун, Wikipedia (очиқ энциклопедия) саҳифасида ҳозирги пайтда рус тилидаги мақолалар 1 миллион 627 минг 922 та, саҳифалар эса 6 миллион 200 мингдан ошади. Ўзбек тилидаги мақолалар эса бор-йўғи 135 минг 592 та, веб-саҳифалар сони 634 минг 808 та.
Интернетда ўзбек тилидаги базанинг етарли эмаслиги ахборот-коммуникация технологияларига оид соҳанинг асосан рус тилида юритилиши ва барча дастурлар (ҳатто уларнинг илдизи инглиз тилида бўлса ҳам) рус тилида яратилаётгани билан боғлиқ. Мисол учун, мамлакатимизга олиб кирилаётган компьютер техникаларини ишлатиш учун ҳалигача сотиб олган фойдаланувчининг ўзи ўзбек тили созламаларини ўрнатиши керак бўлади. Ёки оддий ёзув клавиатурасини олайлик, ҳалигача ўзбек тили алифбоси ҳарфларига мос эмас. Нега шу каби техникаларни мамлакатимизга олиб кириш жараёнининг ўзида ўзбек тилига мослаштириш талаби қўйилмайди?
Бугун хориждан олиб кириладиган маҳсулотлар ўзбек тилида маркировка қилинади. Шунингдек, юртимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ёрлиқлари аввало ўзбек тили, кейин бошқа тилларда ёзилади. Аммо мана шу талаблар ҳам фақат номигагина ишлаётгани сезилади. Аксарият ҳолларда ўзбек тилидаги бу ёрлиқлардан, маиший техника ва технологияларнинг ўзбек тилидаги менюсидан фойдаланиш кўрсаткичи жуда паст. Бунинг сабаби эса, аввало, ўзбек тилида тушунарли қилиб ёзилмайди. Услубий, таржима ҳамда имло қонун-қоидаларига риоя қилишда кўплаб хатоларга йўл қўйилади. Ўзбек тили имкониятларидан етарлича фойдаланилмайди. Энг ёмони, бундай «моҳирона» таржима учун масъулиятни ҳеч ким зиммасига ҳам олмайди.
Мана шу каби омиллар ҳаммаси йиғилиб омманинг давлат тилига бўлган муносабатини белгилаб берди. Аввал эътиборсизлик, кейин бироз беписандлик, охир-оқибатда эса ҳурматсизлик қарор топди. Айни шу сабабга кўра, бугун идора, корхона ва ташкилотлардаги расмий иш ҳужжатларидан тортиб, симёғочдаги оддий эълонгача бир бор назар ташлаш билан давлат тилига кўрсатилаётган эътибор ва муносабатнинг қай даражада эканини осонгина билиб олиш қийин эмас.
Ичкарида узоқ йиллар давомида шаклланиб келган бундай муносабат хориждаги баъзи бир кимсаларнинг геосиёсий мақсадларини амалга ошириш учун яхшигина дастак вазифасини бажаришга қўл келаётганини шу билан изоҳлаш мумкин. Шундай бўлгач, бу каби салбий ҳолатларга муносиб қаршилик кўрсатиш, давлат тилини қонунан ҳимоя қилиш бўйича жиддий ҳаракат кузатилмаяпти.
Бутун бир миллатнинг, қарийб 35 миллионга етган катта бир халқнинг давлат миқёсида расман қабул қилинган давлат тилига қаратилган ғоявий курашларга қарши фақатгина баъзи бир шахсий фикр-муносабатлар билдириш билангина кифояланилди. Бу эса, ўз навбатида четдаги ғаразгўйларга навбатдаги мафкуравий ҳужумни амалга ошириш учун йўл очиқ эканини кўрсатиб қўйди. Ғаламислар эса, бу билан миллатнинг шаъни, ор-номуси, қадрияти ва қонуний ворислигига тап тортмай дахл қилиш ҳуқуқини кафолатлаб олди.
Бизда кейинги ўттиз йил ичида бошқа давлатларнинг давлат тилига муносабати борасидаги илғор тажрибалари ўрганилмади. Улардаги ўзимиз учун эътиборли жиҳатлар амалиётга жорий қилинмади. Ўзбек тилининг маҳв бўлишини ҳаёт-мамот масаласи деб қараган Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий каби тарихий илдизларимизнинг эзгу анъаналари давом эттирилмадигина эмас, балки буткул эсга олинмади.
Эндиликда мазкур соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш имкони пайдо бўляпти. Бундай вазиятда ишни қандай ташкил қилиш, нимадан бошлаш ва қайси жиҳатларга биринчи галда эътибор қаратиш каби масалалар долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бир қарашда бир-биридан муҳим таклифлар ўртага ташланяпти. Давлат тили, ўз она тилимиз тўғрисида қайғуриб, уни бузганларга, ҳурмат қилмаганларга моддий жазо – жарима қўлламоқчи бўляпмиз. Аммо масаланинг бошқа томонини ҳам ёддан чиқармаслик зарур. Жаримани тўлаб қўйган мансабдор бизнинг ўзбек тилимизни, давлат тилини истаган кўйига солавериши мумкинлигини эсдан чиқармаслик лозим. Бундай бўлса, давлат тили ҳозиргидан кўра таҳқирлироқ аҳволга тушиб бориши ҳам ҳеч гап эмас.
Агар бузғунчиликлар жарима қўллаш билан тўхтаганида дунёда биронта ёмонлик қолмаган бўларди.
Давлат тилининг қонуний мақомини амалда таъмин этиш бу катта тизимли фаолиятни тақозо этади. Мазкур тизимни стратегик жабҳада узоқни кўзлаган ҳолда яратиш ҳамда уни йиллар давомида ҳаётга тадбиқ этиб бориш зарур.
Ҳусниддин БЕРДИЕВ
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил