Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Тўйларимиз: ЎТТИЗ КИШИЛИГИ МАЪҚУЛМИ ЁКИ ЮЗ?

ёхуд тўйлар ҳақидаги юз йиллик ўйларимиз бугун ечим топмоқда

 Тўйларимиз: ЎТТИЗ КИШИЛИГИ МАЪҚУЛМИ ЁКИ ЮЗ?

Жамоатчилик тўйлар ҳақида асосли фикрларни ўртага ташламоқда. Шу фикрлардан ҳам кўриниб турибдики, тўйлар ҳақидаги юз йиллик ўйларимизга бугун ечим топилгандек. Демак, ихчам, камхарж тўй қилиш билан биз елкамизда юк бўлиб келаётган ортиқча сарф-харажатлардан қутилишимиз мумкин.

Пандемия шароитида турмуш тарзимизда ўзига яраша ўзгаришлар бўлди. Шулардан бири тўйлар билан боғлиқ. Ахир, ҳаёт давом этар экан, режалаштирган мақсадларимизни бутунлай бир чеккага суриб қўйиб бўлмайди.
Шунинг учун ҳам махсус комиссия қарори билан вирус хавфи кам ҳудудларда ихчам, яъни 30 кишидан ошмаган меҳмон билан никоҳ тўйлари ўтказишга рухсат берилди.
Белгиланган шу тартиб асосида юртимиз бўйлаб шу кунларда тўйлар давом этмоқда. Ҳовлида, энг яқин одамлар даврасида ўтаётган тўйлар видеосини кўриб одамнинг ҳаваси ҳам келади. Ҳамма эътибор келин-куёвда, ортиқча харажат ҳам, меҳмонларни сиғдира олмай ёки кўнглини топа олмай югур-югур қилишлар ҳам йўқ.
Ахир гарчи никоҳ тўйи катта тўйхоналарда бўлгани билан маросим олдидан қариндош-уруғ, қўни-қўшни, дўсту биродарлар тўй бўладиган хонадонга оқиб келарди.
Қиз узатадиган хонадон эгалари келинчак бўлаётган дилбандига сарпо қилиб озмунча харажат қилгани етмагандай, меҳмон кутиб ҳам силласи қурир эди. Юзлаб одамларни меҳмон қилиш, бу ёқда қудалар, куёв навкар...
Куёв томонни гапирмаса ҳам бўлади.
Ана шу ташвишлараро гарчи келин-куёв тўйнинг бош қаҳрамонлари бўлса ҳам асосий эътибор уларга эмас, меҳмонларга қаратилар эди. Тўйхонага келган меҳмонларнинг ярмидан кўпи бир-бирини ҳатто танимас, келин-куёвга бир назар ташлаб қў­йиб қорнини тўйғизиш, ўйин-кулгу қилишга машғул бўлиши ҳеч кимга сир эмас.
Энг ёмони, катта харажат эвазига қилинган бундай тўйдан кейин иқтисодий қийин аҳволга тушаётганлар кўп эди. Беҳуда харажатларга чек қўйиш, ихчам тўйлар қилиш бўйича қанчалик тарғибот олиб борилмасин, кутилмаган натижага эриша олмаётган эдик.
Ўттиз кишилик ихчам тўйдан кейин эса одамлар анча маблағи тежалиб қолгани, тўй файзли ўтганию ортиқча югур-югурлар бўлмаганидан мамнун бўлмоқда. Энг муҳими, тўй маросимидан мақсад дабдабабозлик эмас, балки икки ёшнинг оила қуриши ва бахт­ли яшаб кетиши эканини англай бошладик.
Бу борада кўпчиликнинг фик­рини аниқлаш мақсадида ЎзАда «Тўй нечта кишилик бўлишини хоҳлайсиз?» мазмунида сўровнома ўтказилди.
Натижалар кутилганидек. Сўровномада бир кун мобайнида 3 мингга яқин киши қатнашган бўлса, уларнинг ярмидан кўпи 30 кишилик тўйни ёқлаб овоз берди. 592 киши эса 100 кишилик тўй тарафдори экани маълум бўлди. Анча паст кўрсаткич – яъни 142 киши 200 кишилик тўйни ёқлаган.
Сўровнома баҳона тўй мавзуси ижтимоий тармоқларда ҳам трендга чиқди. Минглаб юртдош­ларимиз тўй ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Шулардан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Феруза Абдуллаева: Тўйларимиз қанчалик катта, дабдабали бўлгани билан кейинги йилларда ажрашиш­лар кескин ошиб кетди. Ҳеч қайси йигит ёки қиз ота-онам шунча харажат билан тўй қилиб берди, деб ўйлаб кўраётгани йўқ.
Анвар Жўраев: Тўй фақат яқинлар билан, ўнта одам билан ўтказилса ҳам розиман. Балки шунда иқтисод қилинган пулга бошқа зарур нарса харид қилиш ёки хорижий давлатларга тўй саёҳатига боришга имкон туғиларди.
Муборак Файзуллаева: Дабдабали тўйдан кейин ажрашиб кетаётганлар жуда кўп. Аммо тўй 30 кишилик бўлса, бу камроқ, деб ўйлайман. Чунки биз ўзбекларнинг қариндош-уруғимиз кўп. Юз кишилик тўй жорий қилинса, меъёрида бўлади.
Муяссар Юсупова: Яқин қариндошларсиз, айниқса, амма, хола, тоға, амакиларсиз тўй қилиб бўлмайди. Тўйга айтилмаса ўзаро меҳр-оқибат йўқолади.
София Султон: Никоҳ тўйида ҳеч бўлмаганда юз киши қатнашиши керак. Масалан, биз бир ота-онадан 11 фарзандмиз. Болаларимиз, набиларимиз билан бирга шунча бўламиз, ахир.
Инобат Ойдин Муродова: Бизда ҳалиям тўй жиннилари кам эмас. На фармон, на қарор, на карантин кор қилади буларга. Аслида фарзандларимизнинг бахтли оила қуриши учун дабдаба шарт эмас. Уларга ҳамма шароитни муҳайё қилиб қўйишимиз ҳам нотўғри. Уларнинг ўзигаям иш қолиши керак-ку! Шунда улар ҳам ўзлари учун интилади, бекорчиликдан номаъқул ишларни қилмайди. Хуллас, болаларимиз учун сипороқ бўлганимиз яхши. Ўзимизни қийнаб ҳамма нарсасини тайёрлаб берганимиз билан кутганимиздек бўлмаслиги мумкин.
Гулчеҳра Умарова: Ҳақиқатан дабдабабозликка берилганлар на давлат, на маҳалла, на жамоатчиликни назарига илмаяпти. Керак бўлса пулларим билан ҳамманинг оғзини ёпа оламан, деб ўйлаб юрганлар йўқ эмас. Лекин шаҳар бедарвоза эмас.
Дарҳақиқат, жамоатчилик тўйлар ҳақида асосли фикрларни ўртага ташламоқда. Шу фикрлардан ҳам кўриниб турибдики, тўйлар ҳақидаги юз йиллик ўйларимизга бугун ечим топилгандек. Демак, ихчам, камхарж тўй қилиш билан биз елкамизда ортиқча юк бўлиб келаётган ортиқча сарф-харажатлардан қутилишимиз мумкин.
Фақат карантин тугаганидан кейин кўпчилик 30 кишилик тўйга рози бўлмаса керак. Чунки чиндан ҳам тўйларни яқин қариндошларсиз амалга ошириш қийин масала. Аммо 100 кишилик никоҳ тўйи қилиш таклифи чакки эмас. Сиз нима дейсиз?

Норгул АБДУРАИМОВА

 

*      *     *
Ушбу сўровнома Facebook ижтимоий тармоғининг «Халқ билан мулоқот» гуруҳига жойлаштирилгач, кўпгина янгидан-янги фикрлар қалқиб чиқди. Юзлаб одамлар ўзларининг изоҳларини ёзиб қолдиришди. Изоҳ қолдирганларнинг ярми 30 кишилик тўйларни маъқуллаган бўлса, тахминан 40 фоизига яқини қавми-қариндоши кўп ҳисобланадиган халқимиз учун 30 киши камлик қилиши, шу боис камида 70, кўпи билан 100 киши қилиб белгиланишини ёқлаб чиқишган.
Ушбу фикрларнинг эътиборга моликларини ҳавола қиламиз:

Маҳмуджон Абдухоликов:
– Менимча, одамлар 30 кишилик тўй ўтказишга ўрганиб қолади. Энди катта тўйни жуда катта тўёна кутадиганлар қилади. Асосан амалдорлар.
Феруза Бону:
– 30 кишилик яхши тўй бўлар экан. Ихчамгина, исрофсиз...
Шаҳло Хон:
– Менимча, 30 киши оз. Сал кўпайтириш керак. Умрида бир марта бўлади тўй. Кадимдан эл-юртга ош берилиб келган тўйларда. Ўзбекчиликка 30 та одам билан тўй ўтказиш тўғри келмайди.
Бек Содиқ:
– Қачонки одамлар ўзларини танишса, бировлар билан иши бўлмаса, ортиқча дабдабаю асъасаларнинг бефойда эканини тушуниб етишса ҳеч қандай қарор, ҳам ҳеч қанақа чеклов, ҳам назоратниям кераги бўлмайди. Ўша дабдабаларга кетадиган маблағга ҳаёт давомида керак бўладиган турмуш ва кундалик ҳаётда зарур маиший техникалар олинса, менимча маъқул бўлади. Энди тўй иштирокчиларига келадиган бўлсак, қариндош-уруғ ака-ука, опа-сингилларнинг ўзи элликтадан ошади. Шунинг учун, менимча, 100 дан 120 кишигача бўладиган тўй ихчам чиройли ва файзли бўлса керак. Шу гапимни 20 йилдан бери айтиб келаман одамларга. Айримлари устимдан кулишарди, айримлари эса тўғри тушунарди.
Донохон Қодирова:
– 30 кишилик тўй менга ёқди, кам харж ва файзли бўларкан, қанча одам бўлсаям энг кераклиси ёшлар бахтли бўлсин.
Искандар Кенжаев:
– 30 кишилик тўй бу вақтинчалик тўй. Барчада қариндош-уруғ, жамоа, дўст-биродар, маҳалла, қўни-қўшни ва қуда томон бор. Энди ҳисоб-китобни ўзингиз қилиб олинг.
Шуҳрат Аҳмедов:
– Бизнинг менталитетимизга 30 кишилик тўғри келмайди. 100 кишилик ҳам тўғри келмайди. Биз серуруғ халқмиз.
Дилмурод Қодиров:
– Топганига тўй қиламан деб шўрлик ўзбек ўзини ўтдан чўққа уриб, пуч орзу-ҳавасни деб хаста боласига дори-дармон олиб беролмаса, йиллаб кўксида дард босиб юрган аёлини операция қилдиролмаса, ўқийман деган боласига контракт тўлолмаса, натижада битта дардига мингта қўшилиб узоқ-узоқларга ишлагани кетиб, оиласидан узоқда таваккалчиликда юради-да. Бидъат, иллат ва кўр-кўрона урф-­одатлар охир-оқибат бизни халқ сифатида тикка бўлишимизга йўл қўймайди. Шунисига ачинасан одам. Саломат бўлинг.

Шерали ОТАБОЕВ
 




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар