«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
Батафсилёхуд Урганч шаҳар ҳокимлиги камбағалликни қандай қисқартирмоқчи?
Хоразм вилоятида ҳозир 58 минг оила камбағаллик бўсағасида яшамоқда, уларнинг 856 таси эса ўта ночор аҳволда экани ачинарлидир. Бу рақамларни мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг март ойида Хоразмга қилган ташрифи доирасида Урганч шаҳрида ўтказган фаоллар йиғилишида алоҳида таъкидлаган эди.
Ҳа, бугун ўзбек матбуотида «камбағаллик» ва «камбағалликдан чиқариш» каби истилоҳлар очиқ-ойдин айтилмоқда. Яқин-яқин кунларгача ҳам юртимиздаги ҳамма бахтли, фаровон ва тўқ яшаётгани ҳақида бонг уриб келингани бор гап. Аслида ҳаётга «адолат заррабини» билан қаралганда, ҳаммаси рисоладагидек эмаслиги аён бўлади. Юқори доирадаги раҳбарлар қанча ёниб-куйиб халқни рози қилишга ҳаракат қилаётган бўлсаларда, чекка-чекка ҳудудларда ҳамон бюрократия, қоғозбозлик ва сансалорлик иллатлари барҳам топмаяпти. Жамият тараққиётининг кушандаси бўлган бу иллатлар камбағаллик кўпайишининг бош омили экани ҳаммага аён ҳақиқат.
Урганчлик ёш оила соҳибаси Зулайҳо Кенжаева оммавий ахборот воситаларида довул қоқиб, бонг уриб такрорланаётган ёш тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар, шарт-шароитлар ҳақида эшитиб кўнгли суст кетди. Уйда бекор ўтиравермасдан ўзига ва одамларга фойдаси тегадиган юмуш билан шуғулланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шаҳарнинг қоқ марказидаги ўзи яшаётган кўпқаватли уйнинг олдида – пиёдалар ўтиш йўлаги чеккасида енгил турдаги бостирма шохобча ўрнатиб, савдо-сотиқ билан шуғулланишни режалаштира бошлади.
Зулайҳо Кенжаева 2019 йилнинг 10 октябрида Урганч шаҳар ҳокими Ш.Абдуллаев номига вақтинча енгил турдаги бостирма шохобча учун ижарага ер ажратиб беришини сўраб ариза билан мурожаат қилди. Мурожаатларга жавоб беришнинг қонунда белгиланган муддати шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларини мутлақо қизиқтирмаган кўринади. Йўқса аризага шаҳар ҳокими ўринбосари К.Шамуратов имзоси билан роппа-роса қирқ кун деганда жавоб хати юборилармиди?!
Жавоб хати Зулайҳонинг ҳафсаласини пир қилди. Чунки унда оддийгина шохобча учун ҳам ерни «E-IJRO AUKSION» орқали олиш мумкинлиги тушунтирилганди. Ачинарли жиҳати шу эдики, кимошди савдосига шохобча учун ер майдони ҳадеганда қўйилавермас экан.
Мутасадди К.Шамуратовнинг жавоби қонунга мувофиқ ёки номувофиқ эканини ўрганиш мақсадида келинчакнинг турмуш ўртоғи Хоразм вилоят адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари К.Машарипов имзоси билан йўлланган жавоб хатини ўқиб киши кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайди. Чунки унда аниқликнинг ўзини кундузи чироқ ёқиб бўлса-да топиш амримаҳол. К.Машарипов жавоб хатининг биринчи хатбошисида Президент қарорига кўра, бундай жой ўрни аукционсиз берилишини таъкидласа, иккинчи хатбошисида шаҳар ҳокими ўринбосари К.Шамуратовнинг жавобини такрорлаб, бутка учун ерни «E-IJRO AUKSION» орқали олиш мумкинлигини қайд этади.
Ана шундан кейин ёш оила соҳибларининг сарсон-саргардонлиги бошланади. Ёрдам сўраб учрашмаган депутати, мулозими қолмади. Охир-оқибат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Урганч шаҳридаги Халқ қабулхонасига арз қилишга мажбур бўлади. Бу ердаги масъул етакчи мутахассис Иброҳим Матёқубов мурожаатга холис ёндашиб, бутка учун ер ажратилишига оид ҳуқуқий асосларни ахтариб, қонунлар мажмуасининг авра-астарини титиб чиқади. Ниҳоят, Халқ қабулхонаси назорати остида З.Кенжаевага Хоразм вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, бош архитектор вазифасини бажарувчи Ф.Матчанов имзоси билан жавоб хати тақдим қилинади. Унда Ер кодексининг 62-моддасига асосан шаҳар ва посёлканинг қурилиш учун ажратилган, бироқ вақтинча шу мақсадда фойдаланилмаётган ерлар енгил турдаги объектлари (савдо чодирлари, дўкончалар, реклама иншоотлари ва шу кабилар) қуриш ва бошқа эҳтиёжлар учун вақтинча фойдаланишга шаҳар ва туман ҳокими қарори билан берилиши белгилаб қўйилгани тушунтирилади. Бундан аён бўладики, шаҳар ҳокими ўринбосари К.Шамуратов З.Кенжаеванинг талабини асоссиз равишда рад қилган. Бу ҳақда Ф.Матчанов юборган жавоб хатида ҳам айтиб ўтилган. Шунингдек, Урганч шаҳар адлия бўлими бошлиғи О.Юсупов ҳам ишга адолат билан ёндашиб, мурожаатчи аризаси кўриб чиқилганда Урганч шаҳар ҳокимлиги мутасадди ходимлари томонидан эътиборсизликка йўл қўйилган, деган хулосага келган.
Халқ қабулхонаси ўрганишга юборган мурожаатчининг аризасига Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари К.Шамуратов эса яна ўз билганича, қонунга зид равишда ёндашиб, ерни фақат «E-IJRO AUKSION» орқали олиш мумкинлигини такрор иддао қилади.
Ўзидан юқори турувчи бошқарма ва бошқа қонун устиворлигини таъминловчи масъул идоралар хулосаси Урганч шаҳар ҳокимлиги учун сариқ чақалик қадри йўқ эканки, улар отдан тушса ҳам эгардан тушгиси келмай ҳануз дастлабки хулосасига ўжарларча ёпишиб олаётганини қандай тушуниш мумкин? Аслида бундан кутилаётган мақсад нима ўзи? Қонунни яхши билмасликми ёки?.. Халқни овораи сарсон қилиш давом этаверса, бундай масъул вазифани эгаллаб ўтиришнинг нима ҳожати бор? Ахир жамият тараққиёти оқсашининг бош омили ҳам ҳуқуқий саводхон бўлмаган одамларнинг масъул лавозимларни эгаллаб олаётгани эмасми?
Хуллас, эшилган арқон ва чилвирлар нечоғлик бақувват – қонуний асосга эга бўлмасин, Урганч шаҳар ҳокимлигидаги «нуқта»га бориб тақалар экан. Бу ердагилар эса на Халқ қабулхонаси, на вилоят қурилиш бош бошқармаси, на Урганч шаҳар адлия бўлими хулосасини инобатга оляпти. Мазкур ҳокимликка Ўзбекистон Республикаси қонунларининг дахли йўқмикан дея ўйланиб қолади киши.
Аҳолини иш билан банд қилиш, камбағалликни бартараф қилиш борасида Президентдан тортиб вазирларгача кунда-кунора бонг уришяпти ва амалий ишлар қилишга интиляпти. Хўш, бундай халқчил мақсадларга бош қўшадиган, Президент ташаббусини қўллаб-қувватлайдиган мутасаддилар Урганчда борми? Бу саволга жавобни, албатта ишлар натижаси кўрсатади.
Эрпўлат БАХТ
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил