Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«КОММУНИЗМ ИЗЛАЁТГАН»ЛАР

ёхуд нонингизни ҳалоллаб енг, ҳамкасб!

Яқинда марказий телеканаллардан бирида «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросига бағишланган кўрсатув намойиш қилинди. Тошкентдаги Халқаро пресс-клубдан тўғридан-тўғри эфирга узатилган ушбу кўрсатув баҳс-мунозараларга жуда бой тарзда кечди. Унда мазкур қонун ижросига масъул бўлган мутасаддилар, тилшунос олимлар, ижодкорлар, журналист ва блогерлар қатнашгани билан эътиборни ўзига жалб қилди.
 

«КОММУНИЗМ ИЗЛАЁТГАН»ЛАР

Икки соатлик «Live»

Афсуски, кўрсатув тугагунга қадар жонли эфирни англатиш мақсадида «Live» ёзуви экранда тиркалиб турди. Одамлар куйиб-пишиб она тилимиз ривожи ҳақида фикр билдиряпти, экранда эса хорижий матн, ажабланарли-да, албатта!
Икки соатдан ортиқ вақтни қамраб олган кўрсатув давомида мамлакатимизда «Давлат тили ҳақида»ги қонун ижроси сустлиги, унга нисбатан раҳбарларнинг эътиборсизлиги анча кенг муҳокама қилиниб, кескин танқидий фикрлар ўртага ташланди. Ҳатто, таниқли олимлардан бири айрим ташкилот ва муассасаларда ўзбек тилига беписандлик билан муносабатда бўлинаётганини куюниб гапираркан, бунга асосан ҳукумат сабабчи эканини иддао қилди. Унинг фикрига кўра, ҳукумат агар ўзи истаса, «Давлат тили ҳақида»ги қонун талабларини бузган шахсларга тегишли жазо белгилашнинг ҳуқуқий асос­ларини ишлаб чиққан бўлар эди. Аслида, бу борада ҳафсаласизлик қилинаётгани учун ҳам айрим раҳбарлар давлат тилига нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни ҳис қилмайди, идора ва ташкилотларда рус тилида иш юритаверади, деган фикрлар ҳам айтилди.
Кўзга кўринган адабиётшунослардан бири эса Ўзбекистонда қонунлар аввал рус тилида ёзилиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинишини ҳам таъкидлаб ўтди. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғри экани бизга қоронғу. Бироқ Ўзбекистонда давлат тилига эътибор ҳали-ҳануз кўнгилдагидай эмаслиги барчага бирдек аён. 

Қишлоқдаги хитойча эълон

Кўча-кўйда одимлар экансиз, беихтиёр ҳамма ёқ русча, инглизча ёзувлар билан тўлиб кетганига гувоҳ бўласиз. Ҳаттоки, баъзи жойларда корейсча ва хитойча иероглифлар ҳам учрайди. Бундай манзараларни кўриб киши ўзини бегона мамлакат кўчаларига тушиб қолгандек ҳис қилиши, шубҳасиз.
Афсуски, нафақат шаҳарларда, балки олис қишлоқ ва овулларда ҳам реклама, эълон ва бошқа қайдномалар рус ва инглиз тилида ёзилмоқда. Бу нима, билағонлигини кўз-кўз қилишми ёхуд ўзини дунё кўрган одамлар сирасида танитишми? Ўзбек тилида ёзилганлари эса имло хатолари билан тўлиб-тошганидан хафа бўлиб кетасиз. Саводхонлигинг бир нави экан, нима қиласан ҳайҳотдай кўчага ёзув илиб, деб хитоб қилгинг келади.
Марказий кўчалару биноларни айтмаса ҳам бўлади. Фақат рус ва инглиз тилидаги ёзувларга кўзингиз тушади. Кўчалардаги бинолар тепасида катта қилиб осиб қўйилган «Hotel», «Wellcome», «Мы открилсь», «Аптека» каби ёзувларга аллақачон кўпларнинг кўзи ўрганиб бўлди. Энди савод чиқараётган болалар бу сўзларни ўзбекча деб ўйласа ҳам ажаб эмас.
Баъзан бозорлардаги бекатларга борсангиз, қайси замонда яшаётганингизни ҳам унутиб қўйишингиз мумкин. Шаҳар ичидаги ва шаҳарлараро автобусларнинг йўналишларини кўрсатиб турувчи ёзувларда собиқ иттифоқ давридаги ҳудудлар номи акс этиб турибди. «Коммуна», «1 май», «Охунбобоев», «Спутник», «Райцентр», «Водник» каби номлар янгисига алмаштирилганига салкам ўттиз йил бўляпти. Бироқ автобусларда ҳанузгача ўша эски номларга «садоқат» сақланиб қолаётгани негадир ҳеч кимни безовта қилмайди.
Коммунистлар «даҳоси» Ленин ҳайкаллари 70 йил мобайнида майдонларда қўр тўкиб, «Коммунизм ўша ёқда!» дегандек қўлини чўзиб турди. Бекатлардаги айрим автобуслар ўша мавҳум ва сароб коммуна ва коммунизмни излаётганмикан, деган хаёлга борасан киши.
– Кўча-кўйдаги ёзувлар тўғрилигини назорат қиладиган идора ва ташкилотлар борми ўзи? – дейди ўқитувчи С.Полвонбоева. – Болалар шу ёзувдан андоза олмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Ўқиш-­ёзишни ўрганаётган бола борки кўчадаги ёзувларни ҳижжалаб ўқишга қанчалик қизиқиши ҳаммага маълум. Иншо ва диктантларда ўша кўзига сингиб қолган ёзувдаги сўзларни ишлатишади. «Хато ёзибсан», десанг, «Устоз, сиз янглишяпсиз. Ахир бу ёзув кўчадаги фалон жойда шундай битилган», дейди.
Баъзи-баъзида деҳқон бозорлари, савдо марказларини айланиш одатим бор. Бу ерларда савдо шохобчалари ўз маҳсулотлари номини ҳар доим русча ва инглизча ёзиб қўйганига гувоҳ бўламан. Олис туман бозорларида чет тилида реклама ва эълон­лар ёзишнинг нима ҳожати бор экан, ҳайронман?!

Креслода «ухлаётган»лар

Хўш, бу ёзувлар тўғрилигига ким масъул? «Тасвирий ойна» ижодий уюшмасими? Ёхуд Маънавият ва маърифат маркази? Балки тегишли ҳокимликлардир?.. Хуллас, бу ёзувларнинг «эгаси» йўқлиги аниқ.
Аслида қайси идора ёки ташкилот масъул бўлган тақдирда ҳам биринчи нав­батда бу ёзувларни битиб, халқнинг кўз ўнгида осиб қўяётганлар, шунингдек, ўша идора ва ташкилотларда фаолият юритаётган ахборот хизмати масъуллари ўзларини мана шунга асосий айбдор ҳис этишлари керак эмасми? Аксарият ташкилотларда ахборот хизматлари масъуллари ўзи фаолият юритаётган идора ва ташкилот раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўрибосари мақомига ҳам эга. Агар кўнглида миллатимиз ва она тилимизга, қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунига нисбатан заррача ҳурмат ва эҳтироми бўлса, ахборот хизмати мутахассиси бўлиб ишлаётган журналист ўзи ишлаётган ҳудуддаги нуқсонларни кимдир оммавий ахборот воситаларида кўтариб чиқишини кутмасдан аввал бартараф қилишга ҳаракат қилиши шарт. Ахир она тилимиз бузилишига қарши энг кўп жон куйдирувчи шахс бу – журналист эмасми? У шу тилда ёзади, шу тилда халқимизга ахборот ташийди. Қозонини қайнатаётган тилга нисбатан эътиборсизлик ва беписандлик билан муносабатда бўлган ҳолатларга лоқайд бўлишга ҳеч бир журналистнинг ҳаққи йўқ. Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимининг ахборот хизматида фаолият юритиб, юмшоқ креслода уззу-кун интернет «титиб» ўтиргандан кўра, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жиллақурса, ҳафтада бир мартагина «Давлат тили ҳақида»ги қонун ижросига бағишланган амалий ишларга қўл урса, нур устига нур бўлармиди.
Айрим туманларда шундоқ ҳокимлик биноси рўпараси ёки унга ёндош бинолар тепасига чет тилларда катта-катта ёзувлар осиғлиқ тургани сир эмас. Ахборот хизмати ходимлари бундай ёзувларни ҳар куни кўришади. Наҳотки, шу ёзувни осиб қўйган одам билан учрашиб, ҳамиятини, ғурурини уйғотиб қўйиш шунчалик қийин бўлса?!

Эҳ... нималар деяпман, ахир бундай фидойи бўлиш учун инсон, аввало, ўз миллатини севиши, унинг қалби ғурурга тўла бўлиши керак-ку...

Дарвоқе, бугунги кунда Ўзбекистонда ахборот хизмати ходимларига кам ойлик маоши белгиланганидан шикоят қилувчилар кўпайиб боряпти. Мени маъзур тутишсин, «фалон тадбир бўлиб ўтди, пистончи у деди, пистончи бу деди», қабилидаги бир хил қолипдаги хабарларни ижтимоий тармоқларга жойлашдан бошқа юмуши бўлмаган айрим ахборот хизмати ходимлари учун отнинг калласидай маош тўлашнинг ўзи ҳам ачинарли, ҳам кулгили эмасми? Сиз ўзи арзимаган, керак бўлса, қўл учида бажараётган ишларингиз учун катта ҳақ талаб қилишдан озгина бўлса-да ийманмайсизми? Агар ташаббускор ва фидойилик билан ишлаёт­ганингизда, мен сиздан таъзим қилиб кечирим сўрайман. Ҳозирча... ҳамма жойда давлат тилига оид қонун талаблари қўпол тарзда бузиляпти. Бунга эса сиз ҳамон лоқайд қараб ўтирибсиз. Нонингизни ҳалоллаб енг, қадрли ҳамкасб!
Биз келажак ёшларники экани ҳақида кўп гапирамиз. Аммо эртанги кунимиз эгаларининг саводли, ўз она тилимизга ҳурмат ва муҳаббати баланд инсонлар бўлиб камолга етиши ўзимизга боғлиқ эканини унутмаслигимиз зарур.
Эрпўлат БАХТ
 




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар