Долзарб мавзу      Бош саҳифа

БИЗ ҲАМ ОДАМЛАРДЕК ЯШАШНИ ИСТАЙМИЗ...

Бу Қашқадарё вилояти Нишон тумани «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Боғишамол қишлоғи аҳолисининг фарёди
 

БИЗ ҲАМ ОДАМЛАРДЕК ЯШАШНИ ИСТАЙМИЗ...

Маҳалла ва қишлоқ номини эшитган киши ҳаммаёқ боғу бўстон бўлса керак, деб ўйлайди. Аммо 160 дан ортиқ хонадон яшайдиган ушбу қишлоқда гул тугул, ҳатто одамларнинг ичиши учун ичимлик сув етишмайди. Ичимлик сувни аҳоли Нуристон шаҳарчасидаги кўп қаватли уйлар олдидан минг машаққат билан ташиб ичади. Бунга ҳам имкони йўқлар каналдан оқиб келадиган лойқа сувни тинитиб ичишга мажбур.
Кўчалар чанг ва ўнқур-чўнқир. Қишлоқ аҳолисининг аламзадалик билан таъкидлашича, ҳудуд чўл ҳудуди бўлгани боис тез-тез кучли шамол эсиб туради ва ҳаммаёқ чанг-тўзонга айланади. Қишда эса ҳатто пиёда юришнинг имкони бўлмайдиган даражада лой ва ботқоқ бўлиб қолади.
– Кўчаларимиз жуда тартибсиз, ёзда чанг, қишда лой, – дейди шу қишлоқлик Дилфуза Қудратова. – Фарзандларимиз ёғингарчилик пайтларида мактабга қатнашга қийналади. Боиси мактаб қишлоқдан 1,5-2 километр узоқликда жойлашган. Энг ёмони, у ерга бориш учун қишлоқ четидан ўтган темир йўлни кесиб ўтиш керак. Темир йўл остидан ўтадиган йўл қишин-ёзин сувга тўла. Мен ҳам онаман ахир, фарзандимни эрталаб мактабга кузатиш учун темир йўлгача бораман. Кечга қайтгунча ҳам хавотир билан кутиб ўтираман. Ҳар куни аҳвол шу. Ушбу масала бўйича мурожаат қилмаган жойимиз қолмади.
Бу ҳам етмаганидек, қишлоққа ёндош ҳудудда жойлашган фермер хўжалиги аъзолари қишлоқнинг марказий йўл билан боғлайдиган йўлини мунтазам равишда сув бостириб юборар экан. Биз борганимизда ҳам худди шу манзаранинг гувоҳи бўлдик.
Қишлоқда энг катта муаммолардан яна бири электр таъминоти. Қишлоққа биринчи кўчиб келган аҳоли яшаётганига қарийб 20 йилдан ошган бўлса-да, деярли бирорта ҳам мавжуд талабларга жавоб берадиган бетон устунларни учратмайсиз. Ҳамма хонадонларга қўлбола симёғочлар ўрнатиш орқали электр олиб борилган. Баъзи жойларда тортилган симлар одам қўли етадиган даражада паст ва авария ҳолатида.
– Неча йилдирки, қишлоғимизнинг электр таъминотини яхшилаш бўйича ҳаракат қиламиз, – дейди Усмон Жўраев. – Аммо ҳеч натижа йўқ. Симёғочларимиз оддий ёғочдан бўлгани учун ҳар сафар кучли шамол эсганда кўпчилиги синиб кетади. Қишлоқни ярми электрсиз қолади. Янги хўжаликларнинг кўпайиши ҳисобига электр қуввати ҳам жуда пасайиб кетган. Салкам 200 га яқин хўжаликка битта трансформатор ва битта фидердан сим тортилган. Трансформаторга яқин жойлашган хонадонларда ҳаминқадар ток яхши. Қишлоқнинг чеккароғидаги хонадон эгалари ҳатто телевизор кўра олмайди. Бу масала бўйи­ча туман электр тармоқлари идорасига ҳам, туман ҳокимлигига ҳам бир неча марта қилган мурожаатларимиз жавобсиз қолмоқда. Ахир биз ҳам одамлардек яшашни истаймиз.
Қишлоқ аҳолиси бугун ростдан қи­йин аҳволда қолган. Деҳқончилик учун оқар сув умуман йўқ. Ёндош ҳудудда жойлашган фермер оқар сув қувуридан сув олишга рухсат бермайди. Натижада одамлар 30-35 метр чуқурликда ер ости қудуқлари қаздириб, минг машаққат билан сув чиқармоқда. Аммо сувни ер остидан чиқаришга мўлжалланган насослар ҳам электр токи билан ишлайди. Қўлбола симёғочлардан ўтган электр токининг қуввати эса ҳатто телевизор кўришга ҳам ярамайди.
– Биз ҳам томорқамизни гуллатиб, яшнатиб қўйишни истаймиз, – дейди шу қишлоқлик фахрий Қулмурод Ваисов. – Аммо бунинг иложи йўқ. Қудуқлардан чиқаётган сув жуда шўр ва тахир. Деҳқончилик учун етарли даражада яроқли эмас. Илгари каналдан қувур орқали сув келарди, лекин мана бир неча йилдирки фермер хўжаликлари ёнимиздан ўтган қувурдан сув бермайди. Қишлоқ орасидан ўтган қувурларни ҳатто кавлаб олишди. Дардингни кимга айтишни билмайсан. Томорқангни гуллатиб қўй, яшнатиб қўй деб ҳар куни айтишмоқда мутасаддилар, лекин бунинг учун сув керакку, наҳотки томорқага уни эк, буни эк, дея ваъзхонлик қилаётганлар сув таъминотини ҳам яхшилаб беришни ўйлашмайди. Қани бизни дардимизни тинглайдиган депутатлар?
Қишлоқ оқсоқоллари янги оилаларнинг кўчиб келиши ҳисобига ҳудуд кенгаяётгани боис мавжуд трансформаторнинг қуввати етмай, баъзи хонадонларда оддийгина чироқ ёқиб ўтириш ҳам қийинлашиб бораётганини билдиришди. Шунингдек, муаммони ҳал этишда ёрдам сўраб бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилишганини, аммо мутасаддилар қуруқ ваъдалар беришдан нарига ўтмаганини таъкидлашди.
Гуллаган шаҳарча ёнида жойлашганига қарамай эътибордан четда қолган бу қишлоқда газ таъминоти ҳам ниҳоятда ёмон. Табиий газ йўқлигига аллақачон кўникиб бўлган аҳолига суюлтирилган газ баллонлари ҳам вақтида етказиб берилмас экан.
– Аёл киши учун рўзғор ишларида газ жуда ҳам муҳим, – дейди Хушвақт Раҳимқулова. – Газ баллонларимиз кейинги пайтларда икки ой деганда бир марта келмоқда. Натижада ўчоқ ёқишга мажбурмиз. Майли қишлоқ аёли бундай ҳолатга ўрганиб қолган, аммо ўтин масаласи муаммо. Кунига икки марта қора қозон қайнагандан кейин ёқилғи кўп сарф бўладида, ахир.
Ҳудудни айланарканмиз, муаммоларнинг кеча ёки бугун пайдо бўлмаганини англадик. Кимдир нотекис йўллардан қочиб темир йўлни кесиб мактабга қатнаётган фарзандидан хавотирланиб ўтиришини айтса, яна кимдир бир ойда бир марта бўлса-да халқнинг дардига қулоқ тутмайдиган маҳалла раисидан норози. Ҳатто баъзи бирлари маҳалла раиси ким эканини умуман билмайди. Қишлоқдаги ушбу муаммоларга изоҳ сўраш мақсадида маҳалла раисига боғландик. Ниҳоят ҳудуддан кетаётган чоғимиз раис ҳам топилди.
– Қишлоғимизда йўл, ичимлик сув, электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг борлиги ҳақиқат, – дейди маҳалла раиси Норқобил Нурматов. – Насиб этса ҳаммаси бўлади. Қишлоғимиз «Обод қишлоқ» дастурига киритилган ва дастурда келтирилган муаммоларнинг барчаси кўзда тутилган. Секин-секин муаммоларни бартараф этамиз.
Ҳа, барча мутасаддилар каби маҳалла раисининг ҳам «навбатчи» жавобларидан бири, яъни «тез кунларда муаммоларни бартараф этамиз» қабилида бўлди. Лекин бу билан бирор ўзгариш бўлармикан? Туман мутасаддилари эса қандайдир муҳим тадбирда қатнашаётганини иддао қилиб, қишлоққа келолмаслигини таъкидлади.
Хўш, қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган мазкур муаммоларни бартараф этишга мутасаддилар нега панжа ортидан қараб келмоқда? Ахир ҳукуматимиз томонидан аҳоли муаммоларини вақтида ва тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида ҳудудлар секторларга бўлиб берилган. Депутатлар сайланган. Ушбу қишлоқ ҳам туман прокурори секторига қарар экан. Майли, қишлоқ кўчаларини асфальт қилиб беришнинг имкони йўқдир, аммо сектор раҳбарлари кўчаларга 4-5 машина қум-шағал тўктириб беришни, қишлоқ аҳолисига оқар сув бермай йўлларга ортиқча оқизиб қўйган фермернинг танобини тортиб қўйишни ёки икки ойда ҳам етиб келмайдиган газ баллонларни алмаштириш муддатини салгина тезлаштиришни эплай олмасмиди? Ёки маҳалла раиси ўзи бош-қош бўлиб туман ҳокимлиги билан биргаликда қишлоқ аҳолиси билан келишиб, хавфли кўриниш олган ва синиб кетиш ҳолатига келиб қолган симёғочларни босқичма-босқич бетон устунларга алмаштиришга имконияти етмасмиди?
Аслида арзимаган бу муаммоларни ҳал қилишни қайсидир ҳали амалга ошиши номаълум бўлган «Обод қиш­лоқ» дастурига йўйиш шарт эмас. Бунинг учун озгина эътибор, бироз фидойилик, ўз ишига бўлган масъулият керак, холос. Қишлоқдаги мавжуд ҳолатни кўриб на маҳалла раисида, на туман мутасаддиларида ва на сектор раҳбарларида бундай туйғу йўқлигига амин бўлдик.
Ўйлаймизки, мақоладан сўнг вилоят ва туман мутасаддилари имкониятлар кенг юртда имконсиз яшаётган ушбу қишлоқ аҳолиси ҳолидан хабар олишади. Ке­йинги гал қишлоқдаги ободлик ва бунёд­корлик ишларини ёритишга борамиз.
Мавзуга ҳали қайтамиз.
Ў.БАРОТОВ,
ЎзА




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар