«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилКоронавирус офатидан инсоният қандай хулосалар чиқармоқда?
Бир лаҳза, бир оний вақт бутун умрга татигулик бўлиши мумкин. Кўзга кўринмас зарра оламни қалқита олади баъзида. Мана, сўнгги ойларда бутун башарият биргина лаҳзанинг ҳам қанчалар қадрли бўлишини, куч-қудратда тенгсиз кўриладиган инсон зарра олдида нақадар ожиз эканини тобора англамоқда.
Коронавирус деган балойи офат дунёни, одамларни ўзгартирди. Тафаккур қилишга, ҳаётнинг қадрини, аслида умр пойдеворини нималар устига қуриш кераклигини теранроқ англашга ундади. Дунё мана шу офатга қарши курашар экан, ҳар бир инсон ўзининг эндиги ҳаёти қандай бўлиши зарурлиги ҳақида чуқур ўйлагани, хулосалар чиқаргани, кенгроқ мақсадларни ўз олдига қўйгани, шубҳасиз.
Хитойнинг Ухан шаҳрида янги турдаги вирус тарқалибди, деган гапларга аввалига, тўғриси, жуда кўпчилик деярли эътибор ҳам бермади. Кўп мамлакатлар уни бир ҳамлада йўқотиб юборишига ишонарди гўё. Aммо бу тождор вирус дунёга шунчалик шиддат билан тарқалдики, энг замонавий техника ва технологиялар ҳам, минг дардга даво бўлувчи эмдорилар ҳам уни бартараф этишга ожиз қолди. Кутилмаган бу офатни енгишнинг ягона йўли уйда ўтириш, вирус занжирини давом эттирмаслик эканини одамзод кечроқ бўлса-да англаб етди. Қайсидир маънода, дунё бироз тин олди, алалоқибат оила – бутун башарият учун энг мустаҳкам қўрғон, ҳаловат маскани эканини, шу вақтгача умримизнинг қанчалик қимматли лаҳзаларини беҳуда ҳой-у ҳавасларга сарфлаб юбораётганимизни англатгандек бўлди бу офат.
Тан олишимиз керак, одамлар тобора ҳаловатсиз, қандайдир жонсарак бўлиб қолаётгандек эди. Ҳаммамиз ҳам ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб, ҳаёт фурсатларини фақат пул топиш-у тўкин яшаш, кундалик турмушимизда рўзғор аталмиш ғор нафсини моддий эҳтиёжлар билан кўпроқ ва яна кўпроқ тўлдиришгагина сарфлаб юбораётганимизни англаяпмиз. Меҳр-мурувват ва саховат, соғинч каби туйғулар бебаҳо экани тобора аён бўлиб бормоқда.
Пандемиянинг ваҳимаси, оғир ва аччиқ зарбалари кириб бормаган мамлакат деярли қолмади. Миллионлаб одам унга чалинди, минглаб кишиларни ҳаётдан олиб кетди. Aввалига Европанинг энг ривожланган давлатлари катта йўқотишларга учраган бўлса, кейинчалик AҚШ, Россия каби дунё гигемонлигига даъвогар давлатлар бу глобал офатнинг ўчоғига айланди. Aфсуски, дунё олимларининг кеча-ю кундуз изланишларидан ҳалигача тайинли натижа кўрингани йўқ. Фақат касаллик кўпроқ тарқалмаслиги учун ягона чора – одамларнинг уйда қолиши, уларга зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик уқтирилмоқда, холос.
Мана шундай бир таҳликали шароитда Ўзбекистон коронавирусга қарши самарали кураш олиб бораётган давлатлар қаторида экани дунё миқёсида эътироф этилди. Хўш, бу ниманинг ҳисобига, бунга қандай омиллар сабаб бўлди? Aйтиш жоизки, энг оғир дамларда халқимизнинг бирикиши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши доим юқори ўринга чиқади. Ҳар қандай дард, ҳар қандай офатни енгиб ўтишда сабрнинг нақадар аҳамиятли эканини чуқур англайди.
Юртимизга бу офатнинг дастлабки шамоллари кириб келиши билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир неча бор халқимизга мурожаат билан чиқди. Пандемияни енгиб ўтишнинг оқилона чораларини белгилаб берди. «Шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъулмиз» деган гаплар шунчаки эмас эди. Катта масъулият ва ғамхўрлик билан айтилган мана шу гапларга бирдамлик билан амал қилганимиз учун ҳам коронавирус балосига муносиб қарши турдик. Ўзбекистон коронавирус касаллигидан соғайганлар кўрсаткичида олдинги ўринларга чиқиб олди.
Коронавирус таҳдиди қанчалик қўрқинчли бўлса, унинг келтириб чиқарган оқибатлари унданда аянчлироқдир. БМТ маълумотларига кўра, пандемия туфайли дунё миқёсида 195 миллион киши иш ўрнини йўқотиши мумкин. Яна миллионлаб одамлар ҳаётига қашшоқлик таҳдид солмоқда. Шу боис ҳам турли мамлакатлар касалликка қарши курашиш баробарида иш жойларини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни кескин таназзулга учрамаслиги учун бор имкониятларни ишга солишга киришди. Глобал офат, юқорида таъкидлаганимиздек, башариятни бутунлай ўзгартиришга, ҳаётни яхшироқ ўзанга солишга ундай бошлади.
Халқимизнинг оғир синовли кунларда бир-бирига кўмак бериш, ҳеч кимни ёлғизлатиб қўймаслик каби олижаноб фазилатлари бундай вақтларда кенг қулоч ёзади. Президентимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилгани ҳамманинг дилидаги иш бўлди. Вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўлами кенгайди.
Саховат ва кўмак тадбирлари юртимизнинг энг чекка ҳудудлари, узоқ қишлоқларигача кириб борди. Имконияти бор, ўзини бурчли санаган инсон борки бу хайрли ҳаракатга ҳисса қўшди. Бир томондан бу муҳтож инсонлар рўзғорини баҳолиқудрат бутлаган бўлса, иккинчидан, улар катта руҳий мададни, маънавий қўллаб-қувватлашни қалбан ҳис этди.
Aслида ҳеч бир синов сабабсиз келмайди. Коронавирус офатининг қора кўланкалари аксарият ривожланган мамлакатлар бошида кўпроқ айлангани ҳам шукроналикнинг йўқолиб бораётгани, исрофгарчилик, ўткинчи ҳавасларга муккасидан кетишнинг аччиқ оқибатидек бўлиб туюлаверади. Ҳа, башарият бугун ўзига хулосалар қилмоқда: биз бизнесни гуркиратишни ўйладик, лекин ҳақиқий илм ривожи эътибордан четда қолди. Биз футболга миллионлаб пул тикдик, аммо шифокорликдек стратегик касб ҳурматини зарур даражага кўтара олмадик. Биз дори-дармон савдосидан миллиардлаб пул орттирдик, аммо одамларга ҳақиқий даво улашишни эсдан чиқардик...
Бир қизалоқнинг шифокор онасига ёзган мактубини ўқиб кўпчиликнинг кўзига ёш келди: «...Сиз бизнинг ҳаётимизни қутқариш учун ишда қолдингиз. Шифокор фарзанди эканимдан фахрланаман. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ниқоб қизартириб юборган юзингиздан ўпиб қолувчи қизингиз...» Мана шундай руҳий далда туфайли ҳам шифокорлар бутун инсониятнинг бугунги қаҳрамонларига айланишди. Тождор вирус ҳамласига улар ўз кўкрагини қалқон қилди ва сиз-у бизга «Уйда қолинг!», деди.
Қирқ кундан зиёд вақт давомида ҳаммамиз уйда ўтирдик, оиламиз, фарзандларимиз даврасида бўлдик, ҳамон ўтирибмиз. Шуни англадикки, меҳрибон оналаримиз, уйимизнинг фаришта аёллари бир дам ҳам тинмас экан. Шу кичкина рўзғор ичида уларнинг юмушлари шунчалар кўп эканки, уларнинг худди программалаштириб қўйган роботдек адашмасдан, бир бошдан ҳаммасига улгуришини кўриб кўпчилик эркаклар ўзидан уялган бўлса, ажаб эмас. Масофадан дарс олаётган фарзандларимиз билан шуғулланиб, ўқитувчининг бир кунлик ҳаётини ҳис этмаган ота-она қолмади. Битта болага таълим бериш ҳақиқатда игна билан қудуқ қазиш эканига беихтиёр имон келтирдик. Эндигина тили чиққан гўдакнинг бир кун давомида берадиган саволларининг ўзи ҳаётини ишга бағишлаган ҳар қандай профессор ота-онани шошириб қўйгани аниқ.
Демак, хулоса қилишимиз керакки, биз, аввало, умримиз пойдеворини ана шу кичик қўрғон – оиламиздаги ҳаёт барқарорлиги ва батартиблигидан бошлашимиз керак экан. Тан олайлик, шу вақтгача фарзандимиз қорнини тўйдирибмиз-у, аммо у билан дилдан суҳбат қуришни ёдимиздан кўтарибмиз. Унинг юриш-туриши, тафаккури, энг муҳими, мақсад ва орзулари билан бирор марта бўлсин қизиқмабмиз. Ота ўғлига эр кишининг ҳаётдаги ўрни, она қизига аёлнинг ибо-ҳаёси ҳақида нималарни ўргатиши, умуман, фарзанд тарбияси – яшаш мақсадимизнинг энг асосий қисмидан жой олиши шарт эканини жуда кўпчилик энди англаб етган бўлса ажаб эмас. Болаларимиз бир сўмни икки сўмга кўпайтирадиган катта бизнесменлар эмас, қаҳрамон шифокор-у фидойи ўқитувчи бўлишга кўпроқ интилиши керак экан.
Шуни тафаккур қилдикки – аслида биз кеча-ю кундуз ухламай тер тўкиб пул топадиган ҳаётимизда муаммолар унчалик кўп ёки ечимсиз эмас. Кунда-кунора ресторан-у чойхоналарда ўтирмасдан ҳам яшаш мумкин экан. Белгиланган вақтда ишга бориб, яна ўз вақтида уйга қайтиш, фарзандлар даврасида бўлиш ҳаётнинг энг ҳузурбахш лаҳзалари экан, аслида. Буларни биргина сиз-у биз эмас, бутун дунё эътироф этяпти. Мана шунинг учун ҳам коронавирус дунёни ўзгартирмоқда, дея бемалол айта оламиз.
Коронавирусга қарши кураш олиб борган мамлакатлар орасида Японияни кўпчилик эътироф этди. Нима учун? Сабаби, япон халқи неча асрлардан буён ўзлигини, ўз қадриятини кўз қорачиғидек асраб келади. Мамлакат қанчалик тараққий этмасин, замонавий технологиялар қанчалик кўпроқ кириб бормасин, япон халқи биз юқорида айтиб ўтган ҳаётий мақсадлар – фарзанд тарбияси, илм олиш ва инсон ҳаётига енгиллик олиб кирадиган янгилик яратиш каби стратегиялардан ҳеч қачон оғишмайди. Мисол учун, «япон феномени»да ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф-одатлар асрлар давомида сақлаб келинади. Буни қарангки, мана шу қоидалар коронавирусни енгишнинг асосий омиллари экани дунё мутахассислари томонидан бот-бот айтилди.
Фикримиз аввалида лаҳзанинг ҳал қилувчи кучи ҳақида айтдик. Дарҳақиқат, коронавирус балоси вақти келиб дунёдан арийди, лекин бизга умримизнинг ана шу такрорланмас лаҳзалари қадри ҳақида катта сабоқ бериб кетади. Буни англаш ва хулосалар чиқариш эса ҳар биримизнинг ўзимизга ҳавола.
Ҳусниддин БЕРДИЕВ
(«Ёшлик» журнали, 2020 йил 3-4-сон)
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил