«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилОрол инқирози ва унинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида матбуотда бонг урила бошлаганида бўзбола эдим... ...Мактабимиз директори Болтабой Худойназаров адабиёт муҳиби бўлгани учунми, мендек ҳаваскор ўқувчисини ўзига яқин дўст деб биларди. Хонасига чақириб олиб, катталардек гурунглашарди.
Оролни асраш халқаро қўмитасининг аъзоси бўлган бу олижаноб инсон баъзан мени дарахтзорлар ёнига бошлаб олиб бориб: «Бу оғочлар ҳам одамзотдек тирик мавжудот. Уларга дўстона муносабатда бўлсанггина сенга меҳрини очади», – дерди. Оролни асраш мавзусига оид кўплаб мақолалари матбуотда эълон қилинган бу одам ана шу ғояни кишилар шуурига сингдиришга интилиб яшади.
Мана ҳозир ярим асрлик умрни яшаб қўйибманки, Орол муаммоси долзарблигича қолаётганига гувоҳ бўлиб келаман. Орол ҳалокатининг олдини олиш мақсадида ҳар йили маҳалла-кўй, кўча ва хиёбонларда минглаб туп кўчатлар экилгани ҳақидаги ҳисобот-маълумотларини кўриб энсам қотади. Ахир, бу ҳисоботлардаги рақамлар ҳаққоний бўлганида ҳаммаёқ ўрмонзор бўлиб кетмасмиди?! Ёлғончилик, сохтакорлик билан айримлар яшаб турган ҳудудимизнинг экологик мувозанатини баттар ачинарли ҳолатга солиб, бир мўйи қилт этмаётганидан афсусланасан киши.
Худбинлик билан йўргакланган
Айрим минтақаларда табиатга, хусусан, дарахтларга муносабат худбинлик билан йўргаклангани сир эмас. Илгари йўллар, далалар, ариқ ва зовурлар четига экилган дарахтларга жамоа хўжалиги раисидан кейинги яна бир асосий фигура саналган бригадирлар хўжайин эди. Етилган тол-терак бўлса, тамом-вассалом, тракторда илдизи билан қўпортириб, невара-чеварасининг қурилмаган уйига ниятлаб, ҳовлисининг бир бурчига босиб қўярди. Бугун эса... фермер хўжалиги раҳбарлари ана шу шопмўйлов қўнғиздек дарахтларни қийратишга устаси фаранг бўлган бригадирларнинг вориси саналади. Улар ўзлари фаолият юритаётган ҳудуднинг мутлақ хўжайини саналгани учунми, хоҳлаган дарахтни хоҳлаган пайти кесиб, ҳовлисига обориб босиши мумкин. Биров унга «ғинг» деёлмайди. Экология ва атроф-муҳит назоратчиларининг эса гўёки кўзи кўр, қулоғи кар, ҳеч нарсадан хабари йўқ.
Исталган фермер хўжалиги майдонларини оҳиста одимласангиз, у ерларда яқиндагина кесилган дарахтлар тўнкасига кўзингиз тушиши мумкин. Биргина ҳудудда ҳар йили минг-минглаб дарахтлар ўзбошимчалик билан кесилиши табиатга нисбатан бешафқатликдан бошқа нарса эмаслигини уқтириб, тушунтириб қўядиган мард йўқлигидан кўнгил оғрийди.
Амударё жўғрофик минтақаси ўзига хос ноёб наботот оламига эга. Бу ерларда тўронғил, юлғун, қорамон, гужум каби бошқа вилоятларда камчил саналган бутасимон ўсимликларни учратиш мумкин. Бир йили Туркманистонда бўлганимда одамнинг қучоғи етмайдиган тўронғил ва юлғунларни кўриб ҳайратланган эдим. Хўш, бизда-чи? «Ўзбекистон қизил китоби»га кирган қучоқ етмас тўронғил ва юлғунларни учратиш мумкинми? Ҳаттоки, давлат қўриқхоналарида ҳам бундай баҳайбат кўп йиллик дарахтларни топиш амримаҳол. Чунки ўта пишиқ ва мустаҳкам дарахтлар кимларнингдир иморатига устун ва тўсин бўлиб турмаганига ҳеч ким кафолат беролмайди.
«Эскирган» раҳбарми
ёки дарахтлар?
Бу ҳолатлар эса экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармалари ва уларнинг жойлардаги бўлимлари масъуллари ўз вазифаларига виждонан ёндашмаётганидан дарак беради. Ҳар йили маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси билан ўнлаб гектар боғлар «эскирган» баҳонасида бузиб ташланяпти. Одамнинг кулгиси келади, ҳеч замонда ҳам боғ дегани эскирадими? Унинг бир дарахти қариса, ёнига ёш кўчат экилади ва шу усулда мевали боғ ҳосилдорлиги сақлаб қолинади. Гуржистонда икки юз-уч юз йиллик боғлар ҳалиям қўр тўкиб турганига гувоҳ бўлган киши уларга ҳавас қилмай нима қилсин?! Табиатга нисбатан тажовузкорлигимиз бўлмаганида эди, балки Самарқандга сайқал бағишлаб турган Темур бобонинг оламни ҳайратга солган боғлари ҳали-ҳануз гуллаб-яшнаб турган бўлармиди?!
Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим: чекка туманда яшовчи бир гуруҳ аҳолининг томорқаси тортиб олиниб, қурилиш учун ажратилибди. Ваҳоланки, томорқаларда ўттиз йилдан буён мевали дарахтлар парваришланган, улар мўл ҳосил бериб, хонадон аҳлини боқиб келаётган эди. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўлими нозири эса томорқадаги дарахтларни қўпориб, йўқ қилинишига бемалол қараб ўтирибди.
Ўзи бу соҳа бўлимлари, айниқса, Оролбўйи минтақасидаги бўлимларига нозирлар виждон ва диёнат тестларидан муваффақиятли ўтолсагина ишга тайинлаш чоралари кўрилмаса, аҳвол ўнгланиши қийин. Ахир, табиатни асраш борасида маҳаллий ҳокимлик билан муросага бориб, мустақил фаолият олиб боролмайдиган «эколог нозир» деган мардум жонли борлиққа душманлик қилишдан бошқасига ярамаслиги яққол кўриниб турган муаммо.
Яқинда бир туманнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси нозири қурилиш қилиниши мўлжалланаётган майдонда ҳеч қандай дарахт мавжуд эмаслигини тасдиқлаб имзо чеккан ҳужжат қўлимга тушиб қолди. Ваҳоланки, ўша жойда ярим асрлик дарахтлар барқ уриб, гуркираб ўсиб турибди. Чуқур ўйланиб қолдим, аслида бу одамнинг виждон ва диёнати муҳофазага муҳтож экан, дегим келди.
Дарвоқе, она табиатга бўлган бу каби салбий муносабатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги тегишли фармонига кўра давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан бундай дарахтларнинг 78 номдаги рўйхати тасдиқланган. Афсуски, айрим жойларда бу қарор ижросига ҳануз панжа орасидан қаралмоқда.
Қўй терисини ёпинган бўрилар
Табиат – тирик организм, у нафас олади, яшнайди, яйрайди. Унга нисбатан инсоният қанчалик меҳр билан муносабатда бўлсагина у ҳам бизга эзгулик улашади. Жаҳон миқёсида глобал исиш, иқлим ўзгариши, озон туйнугининг кенгайиши, атмосферанинг ифлосланиши каби хавфларни бартараф қилишнинг ягона йўли – фақат ва фақат дарахтларни ўзбошимчалик билан кесилишининг олдини олиш, табиатни ардоқлашдир. Дарахтлар қанчалик атрофимизни кўп ўраб турса, муҳит кислород билан тўйинади, мувозанат учун зарур бўлган намлик қуёш ҳароратида ортиқча буғланиб кетмайди.
Афсуски, бу яшил борлиқ бугун нафси ҳакалак отган айрим кимсаларнинг ҳавойи хоҳишлари қурбонига айланяпти. Дарахтларнинг атмосфера ва табиат мувозанатини сақлашга кўрсатаётган катта таъсиридан кўра, уй таъмирини бутлашга қурилиш ашёси сифатида хизмат қилаётгани ачинарлидир. Ундан ҳам даҳшатлироғи, қайсидир нозиктаъб бойваччанинг қозонини қайнатишга ишлатилаётганидир. Бундай кимсалар табиат бойликларидан фойдаланишда келажак авлоднинг ризқи-насибаси, ҳудуддаги экологик ҳолатнинг барқарорлиги, носоғлом экологик муҳит оқибатида юзага келадиган салбий ҳолатлар ҳақида ўйлаб кўрармикан? Мавжуд табиий ресурслардан ўзбошимчалик билан худбинларча фойдаланиш эрта бир кун бизни катта экологик хатарларга дучор қилмайдими?
Фақат ўз манфаати йўлида, узоқни кўзламасдан бундай ҳолатларга йўл қўяётган раҳбарлар, мутасаддилар ва фермерлар орамизда борлиги жуда ачинарли. Улар она табиатни муҳофаза қилиш, ғамхўрлик кўрсатиш ўрнига ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиб, табиат кушандасига айланаётгани даҳшатлидир. Бундай кимсаларнинг заррача виждонини (агар бўлса) муҳофазага олиш бутун борлиқни муҳофаза қилишдан минг чандон муҳимроқ бўлиб боряпти. Табиат узлуксиз ҳаракатда янгиланиб-ривожланиб бораверади. Атрофимиздаги яшил борлиққа нисбатан ўз қорин дардини устун қўядиганларнинг нафси эса, бир кун ҳамма нарсани ўз домига тортиб кетмаслиги учун бу масалага бугун жиддий эътибор қаратилмоғи зарур.
Баҳор келди дегунча оммавий ахборот воситаларида мутахассислар инсонда табиатга меҳрни болалар боғчасиданоқ бошлаш керак, деган фикрни айтиб, бонг уришади. Аслида, она табиатга меҳр уйғотишни, унга нисбатан оқилона муносабатда бўлишни маҳаллий ҳокимлар, фермерлар, эколог-нозирлардан бошламоқ зарур. Зеро, ўз-ўзимизни алдамасдан, вазиятга ҳаққоний муносабатда бўлиб, ҳар йили кўчат экиш ва мавжудларини асраб-авайлашга жиддий эътибор қаратганимизда ҳаммаёқ кўркам ва сўлим бир манзара касб этган бўлар эди.
Эрпўлат БАХТ
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил