Долзарб мавзу      Бош саҳифа

КАРАНТИН ТУГАШИ ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

Ҳар бир давр ва жамиятнинг ўзига хос қонун ва тартиб-қоидалари бор. Одамларнинг уларга нечоғлик риоя қилиши билан ўша жамиятнинг асл қиёфаси ҳақида фикр уйғонади. Кишилар қонун ва тартиб-қоидаларга қанчалик беписандлик билан муносабатда бўлса, жамиятда қатор муаммолар пайдо бўлади ва бу ҳолат одамларни қийин вазиятга солиб қўяди.
 

КАРАНТИН ТУГАШИ ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

Демократик тамойиллар устувор бўлган жамиятда фуқаролар ўзларини эркин ва озод шахс сифатида ҳис қилишади. Улар хоҳлаган юмушини ўзи истаган маҳалда бажараверишади. Ўзлари истаганча кийинишади, кўнгли тусаган тарзда ҳаёт кечиришади. Тили, миллати, ирқи бир хил бўлган одамларнинг эътиқоди турличалигини кузатиш мумкин.
Бироқ демократик эркинликнинг шарти битта: бу ҳам бўлса қонун устувор бўлиши ва қонунларга барча бирдек риоя қилишидир. Энг илғор демократия тамойиллари устувор мамлакатларда ҳам одамлар ўзларини қанчалик эркин ва озод ҳис қилмасин, улар хоҳлаган қилғилиқни истаганча қилаверишга ҳақлиман деган фикрдан мутлақо йироқ. Улар учун эркинлик ва демократиянинг бош омили қонун устуворлиги саналади. Шу боисдан ҳам қонунлар ва жамият осойишталигини таъминловчи бошқа тартиб-қоидаларга ҳамма бирдек оғишмасдан амал қилишга интилади.
Биз ҳам демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуряпмиз деймиз. Лекин бизнинг миллат сифатида ҳам, мамлакат сифатида ҳам ана шу илғор демократия­дан ўрганишимиз зарур бўлган ягона жиҳат – қонунга итоат этиш ва ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун устуворлигини ушлаш принципидир.

Суқрот нега ўлимдан қочмаган?

Суқрот ўлимга ҳукм қилинганида донишманднинг садоқатли шогирдлари устозини қочишга ундашибди. Суқрот эса уларнинг бу ишини қораларкан, қочишга асло рози бўлмабди. Сабабини сўраган шогирдларига файласуф: «Мен умр бўйи қонун, ҳуқуқ ва адолат ҳақида одамларга ваъз ўқидим. Энди эса сиз яратган имкониятдан фойдаланиб, қочадиган бўлсам, одамлар менга нисбатан ишончини буткул йўқотишади», деган экан...
Биздаги энг катта иллат шуки, ҳар доим ўзимизни кимдандир, нимадандир, ҳаттоки, қонундан ҳам устун қўйишга ҳаракат қиламиз. Бунга ундовчи такаббурлик, калондимоғлик, лоқайдлик туфайли жамиятда оқсоқлик келиб чиқиши хаёлимизга ҳам келмайди.
Мана ярим йилдан буён жаҳонни зир титратиб турган коронавирус пандемияси ғофил бандалар кўзини очармикан, деб ўйлагандик. Афсуски, янглишибмиз, шундай қалтис вазиятда ҳам инсоф, диёнатни бир четга суриб қўйиб, руҳияти мудраб юрган кимсаларни кўриб ачиниб кетасан. Юртимизда жорий қилинган карантин тартиби туфайли айрим соҳа ва ҳаёт тарзимизда бирмунча ўзгаришлар, чекловлар юзага келди. Аввалига тўй ва маъракалар ўтказилиши тўхтатилди, кейинчалик ўттиз кишидан иборат ҳолда оилавий маросимларни ўтказишга рухсат берилди. 
Саноқ комиссияси бормидики, тўйга келган одамларни санаб, ўттиз нафардан ошганини аниқлаб ўтирадиган. Бу эса айримларга қўл келиб, бутун маҳаллаю таниш-билишини кун бўйи — эрталаб, тушда ва кечки пайт зиёфатга таклиф қилди. Оқибатда коронавирус юқтирган бир киши туфайли юзлаб инсонлар хавфли касалликни ўзларига орттириб кетишга мажбур бўлишди.
Вирус юқтирган инсон таом еган идиш шунчаки сувда чайилган билан тозаланиб қолмаслиги кундай равшан. У овқат етган қошиқдан ундан кейин яна ўнлаб одамлар таом емаслигига кафолат йўқ. Аслида бу бизнинг тўйларимиздаги энг катта хавфли жиҳат. Пандемиядан ташқари бошқа маҳалларда ҳам тўйхона – хавф ўчоғи бўлиб келганини тан олишимиз керак. Чунки тўйхонада ҳаммани бирваракайига овқатлантириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам тўйга келган биринчи гуруҳга таом тортилгач, идиш-товоқ йиғиштириб олинади ва шунчаки илиқ сувда шоша-пиша чала-чулпа чайилганча иккинчи гуруҳ олдига овқат сузиб чиқарилади. Бундай тиғиз вазиятда вирусни ўлдирувчи махсус воситалар билан идиш­ларни тозалаб ўтиришга ҳафсала ҳам, имкон ҳам йўқ.
Ўйлайманки, пандемиядан ижобий хулоса чиқарган ҳолда кейинчалик ҳам тўй-маъракаларни ихчамгина қилишга одатланмоғимиз жоиз. Бу фақат ва фақат ўзимиз учун кони фойда. 
«Ёпиқ» ошхонамизга марҳамат!»
Замон ўзгаряпти, биз эса ҳануз худбинлигимизча қотиб қоляпмиз. Эндиликда дунёқарашимиз, қалбимиз, руҳиятимиз ўзгариши керак, ихчам ва тежамкорликни фазилатга айлантирмас эканмиз, ўзимизнинг зараримизга яшайверамиз...
Дарҳақиқат, карантин — ўзини ўзи чеклаш жуда қийин ва синовли жараён. Уни сабр-тоқат ва метин ирода, мулоҳазакорлик билан енгиш мумкин. Бироқ, афсус­ки, тартиб-қоидаларни менсимасдан иши бўлсин, бўлмасин, зерикканини баҳона қилиб бозорларни айланиб юришни хуш кўрувчи одамлар ҳам йўқ эмас. Бозорларнинг аксариятида эса аҳвол телевидениеда кўрсатилганидан мутлақо бошқача эканини очиқ айтиш керак. Дезинфекция тадбирлари ҳам номига ўтказилиши, зарур шароитдан келиб чиқиб очилган бозорга кўпчилик ёш боласигача етаклаб боргани ҳақида газетамизнинг олдинги сонларида ёзган эдик.
Умумий овқатланиш шохобчаларидаги аҳвол янада аянчли. «Тайёр таомни буюртмачига етказиб берамиз», деган ёзувни эшиги тепасига илиб қўйишади, аслида эса орқа эшикдан хўрандаларни қабул қилаверишади.
Куни кеча бир танишим билан гавжум расталар орасида учрашиб қолдик. Тишини ковлаганча, кекириб турибди. Оғзидан эса ароқ ҳиди анқийди.
– Бир мазза қилдим-эй, ўзиям балиқмисан балиқ экан, қарийб бир килони паққос туширибман. Бу ошхонага олдин нега келмаганимга ҳайронман, – деди у ширакайф оҳангда.
– Карантин сабаб ошхоналар ёпилган-ку?! – дейман унга саволомуз қараб.
– Оббо... шу соддалигинг қолмабди-да. Ошхоналар ишлаб турибди, фақат ўғринча эшик-тешигидан кириш керак. Текширувчилар дарвозага қараса, шапалоқдай қулф осиғлиқ, индамай кетишаверади. Орқа эшик эса... равон очиқ...
Иштаҳаси наҳангдай бу танишимнинг сўзларига ишонмай баъзи тамаддихоналарнинг ён-атрофида айланаман. Тушмагурнинг рост сўзлаганига ишонч ҳосил қилгач... юрагим «шув» этиб кетади. Бу ерга кириб овқатланишнинг ўзи ҳаётини хатарга қўйиш билан баравар эмасми?! Ахир тамаддихоналар рисоладагидай дезинфекция қилингани, коронавирусдан ҳимояланишнинг қатъий чоралари кўрилганига ҳеч ким кафолат беролмайди-ку.
Қанчалик оғир бўлмасин, қатъий карантин тартиби жорий қилинган вақтда тамаддихоналарнинг «етказиб бериш» хизматини ҳам жиддий эътиборга олиш зарур, деб ўйлайман. Ахир, одамлар кўчага, ишга чиқмасдан уйда ўтирган бир паллада овқатланиш шохобчалари уззу-кун кимга таом етказиб бераётгани қизиқ, албатта. Уларнинг ишини зимдан бирпас кузатсангиз, таксида таом ташиётган одамни мутлақо учратмайсиз. «Фақат етказиб бериш» иддаоси шунчаки ниқоб эканига гувоҳ бўласиз, тамом-вассалом.
Минг ўкинчлар билан шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коронавирус хасталигига чалиниш ҳолатлари кундан-кунга кўпаймоқда, касалликнинг кунлик аниқланишида янги-янги рекордлар қайд этиляпти. Беморларнинг аҳоли орасида ҳам кўп учраётгани оғриқли муаммо албатта. Кимдир қатъий чоралар кўрмаганликда маҳаллий мутасаддиларни айбламоқчи бўлади, кимдир эса четдан қайтиб келган элдошларимизни. Ер қаттиқ бўлса, ҳўкиз ҳўкизга мугузини ниқтайди, деганларидек, бир-биримизни айблашга устаси фаранг бўлиб қолганмиз. Аслида вазиятнинг жиддийлашувига ўзимиз сабабчи эканимиз тўғрисида ўйлаб кўриш фурсати етди.
Карантин тартиб-қоидалари, меъёр ва низомлар инсон омили учун ишлаб чиқилгани борасида жиддий мулоҳаза қилиб кўришимиз зарур. Қонунларга итоат, тартиб-қоидаларга риоя қилиш маданияти – онгли ва юксак тафаккурли кишиларнинг тамойили саналади. Чунки жамиятда амалда бўлган ҳар қандай ҳуқуқий талаб ва низомларга амал қилиш фозил одамларнинг фазилатидир. Қонунлар ва тартиб-қоидаларга итоат кишини комилликка етаклайди. Зеро, комиллик мавжуд жойда жамият гуллаб-яшнайверади.
Бундай жамиятда эса бахт-саодат ҳам комиллик тусини олиши шубҳасиз.
Эрпўлат БАХТ 




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар