«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилНоқулай шароит уларга монелик қилмайдими?
Бу йил халқимиз Қурбон ҳайитини илк бор олдингилардан бошқача тарзда, бироз ноқулай вазиятда қарши оляпти. Пандемия оқибатида бутун дунёда ўрнатилган карантин туфайли ҳаж ибодатини адо этиш имкони ҳам чекланди. Энди олдимизда Қурбон ҳайитини нишонлаш ҳамда бу кунларда қилинадиган қурбонлик ибодати турибди. Хўш, ҳозирги вазиятда бундай ибодатлар қандай амалга оширилади? Кўпчиликни ўйлантираётган бу каби масалалар юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси Маъмуржон ЭРКАЕВга мурожаат қилдик.
– Пандемия шароитида Қурбон ҳайитини карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказиш юзасидан Президент қарори эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб, бу йил Қурбон ҳайити муносабати билан адо этиладиган ибодатлар қай тарзда амалга оширилади?
– Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан одатдагидек, Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида фатво эълон қилинди. Аммо бу йилги Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида фатво олдингиларидан тубдан фарқ қилди. Чунки нафақат юртимизда, балки бутун дунё мамлакатларида давом этаётган пандемия шундай қарор қабул қилишни тақозо этмоқда.
Албатта, Қурбон ҳайити – Ийдул азҳо намозини ўқиш шариатимизда вожиб амал ҳисобланиб, ёлғиз адо этилмайди. Балки жамоат бўлиб ўқиш шарт. Инсонларнинг саломатлигини сақлаш ҳамма нарсадан муҳимлигини назарда тутган ҳолда юртимиздаги мўмин-мусулмонлар жамоат бўлиб эмас, уйларида ёлғиз нафл намоз ўқишлари тавсия қилинган.
«Нафл намоз» деб киши ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда ўқийдиган намозга айтилади. Бу намозни Аллоҳ таоло мўминлар зиммасига фарз каби мажбурий қилмаган, балки ихтиёрий суратда адо этилса, савоб бўлади.
Нафл намозларининг тури кўп. Шулардан бири зуҳо намозидир. У чошгоҳ вақтида ўқиладиган намоздир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг фатвосида мўмин-мусулмонларга айнан мана шу намозни адо этиш тавсия қилинган.
Зуҳо намозининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки ўн икки ракат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда олтиндан бир қаср бино қилгайдир» (Термизий, Ибн Можа, Байҳақий, Табароний, Баззор ва Ибн Абу Осим ривоят қилишган).
Зуҳо намозининг ракатлари хусусида маълум бир чегара қўйилмайди. Чунки бу намоз ихтиёрий бажарилишини назарда тутсак, энг ками икки ракат бўлиб, ҳар ким тоқатига қараб хоҳлаганича ўқиши мумкин.
– Қурбон ҳайитида бажариладиган энг муҳим амаллардан бири қурбонлик қилишдир. Бу амалнинг аҳамияти нималардан иборат?
– Қурбонлик Ислом динида молиявий ибодатлардан бири бўлиб, луғатда «яқинлашмоқ» маъносини билдирса, шариатда Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳга маънавий яқинлашиш мақсадида ҳайвон (жонлиқ) сўйиш тушунилади.
Қурбонлик айнан бир жонлиқни сўйиш билан бажарилади. Унинг ўрнига пулини садақа қилиб юбориш ёки шу миқдордаги бошқа моддий нарсаларни бериш билан бажариб бўлмайди.
Қурбонлик қилишнинг савоби жуда катта бўлиб, улардан бири сўйилган ҳайвоннинг қони ерга боришидан олдин қурбонлик қилувчининг гуноҳларининг кечирилиши ҳамда қурбонлик қилинган ҳайвоннинг жунлари миқдорича эгаси савобланиши башорат қилинган.
– Динимизда қурбонликка қандай ҳайвонларни сўйиш тавсия қилинган?
– Қурбонлик учун эчки, қўй, қорамол ва туя сўйиш жоиздир. Мўмин-мусулмонлар моддий имкониятидан келиб чиқиб хоҳлаганини сўйиб, мазкур ибодатни адо этишлари мумкин. Аммо мазкур ҳайвонларнинг ёшига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Эчки ва қўй бир ёшга, қорамол икки ёшга ва туя эса беш ёшга тўлмаган бўлса, қурбонлик учун сўйиб бўлмайди.
Шунингдек, хўроз, товуқ, курка ва ғоз каби уй паррандалари ҳамда гўшти ейиладиган ёввойи ҳайвонлар қурбонлик учун сўйилмайди.
Қўй ва эчки фақат бир киши номидан қурбонлик қилинади. Мол билан туяга эса етти нафаргача шахс шерик бўлиши мумкин. Аммо бундай шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши керак. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ҳисобга ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Қурбонлик учун танланган жонлиқ ўта озғин, сўйиш жойигача юриб бора олмайдиган ҳолдаги чўлоқ, кўзи кўр, қулоғи, шохи ёки думининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесиб ташланган бўлса қурбонликка ярамайди.
– Қурбонлик молиявий ибодат дедингиз, у кимларнинг зиммасига вожиб бўлади?
– Қурбонлик молиявий ибодати мусулмон, муқим ҳамда моли нисобга етган кишига вожиб бўлади. Таъкидлаш ўринлики, нисоб миқдори Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати томонидан ҳар йили Рамазон ойида белгиланади.
2020 йил учун закот нисобининг миқдори 21 миллион 250 минг сўм сифатида белгиланган. Демак, мана шу миқдордаги маблағга эга бўлган шахсга қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
– Юртдошларимиз қурбонликни қайси пайтгача бажаришлари мумкин?
– Маълум сабабларга кўра, Қурбон ҳайити умуман ўқилмайдиган шаҳарлар гўё қишлоқ ва саҳролар ҳукмида бўлиб, бундай жойларда ҳайит куни тонг отгандан кейин қурбонлик қилиш жоиз. Лекин қуёш чиққандан кейин қурбонлик қилиш мустаҳабдир.
Аслида қурбонликнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан бошланади. Фақат шаҳар (яъни, Қурбон ҳайити адо қилинадиган жойлар) аҳли қурбонликларини ҳайит намозидан кейин қилишлари шарт. Шу боис, қурбонликни қуёш чиққанидан сўнг, зуҳо намозини ўқиб бўлгач бажариш мақсадга мувофиқдир.
Энди охирги вақтига келсак, зулҳижжа ойининг ўн иккинчи куни аср намозининг вақтигача, яъни 2020 йил 2 август куни аср намозигача бўлади. Агар айрим сабабларга кўра кечикиб қолса, шу куни қуёш ботгунича жонлиқни сўйиш жоиз. Аммо ундан ҳам кечикиб кетса, ҳайвон сўйилмайди. Балки тириклигича садақа қилиб юборилади.
– Маълумки, Республика махсус комиссиясининг қарори билан Қурбон ҳайити, яъни 31 июль жума, шанба ва якшанба кунлари республика бўйлаб автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига чеклов ўрнатилган, бундай шароит қурбонлик амалини тўла-тўкис адо этишга монелик қилмайдими?
– Албатта, автотранспорт воситалари ҳаракатланишига чекловларнинг ўрнатилиши қурбонлик қилувчиларга қийинчилик туғдиради. Айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчилар учун иложи йўқдек кўринади. Аслида, динимизда вакил тайинлаш деган нарса бор. Айрим ибодатларда, хусусан молиявий ибодатларни бажаришда вакил тайинлаш жоиз. Қассобга жонлиқ олиб бериб, унинг ўзини ёки бирор кишини вакил қилиб тайинланади. Белгиланган вақтда вакил жонлиқни қурбонликнинг эгаси номидан сўйдиради. Мана шу тарзда қурбонлик амали бажарилади.
– Қурбонлик қилинган ҳайвон гўшти қандай тақсимланса шариатга мувофиқ бўлади?
– Аслида, қурбонлик қилинган ҳайвон гўштини уч қисмга бўлиш, бир қисмини садақа қилиб юбориш, яна бир қисмини меҳмонларни чақириб едириш ва қолган қисмини ўзида олиб қолиш тавсия қилинган. Агар қурбонлик қилувчининг ўзи серфарзанд бўлса, гўштнинг ҳаммасини ўзида олиб қолиши ҳам жоиз.
Лекин бугунги пандемия шароитида қийналган оилалар кўпчиликни ташкил қилади, десак муболаға бўлмайди. Аввало, қариндошларимиз, қўни-қўшниларимиз, маҳалладошларимиз орасида муҳтожлар бўлса, уларга тарқатиш, турмуш шароитининг яхшиланишига сабабчи бўлиш жуда катта савоб, хайрли амаллардан ҳисобланади.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил