Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЎРТАДА ЎЗИМИЗ ИФЛОСЛАНТИРАЁТГАН ДАРЁ БОР...

ёхуд одам тақчиллиги синдроми

Бир куни ғамгин ҳолда ўтирган шайх Боязид Бастомийни кўрган шогирд устозидан бу қайғунинг сабабини сўрабди. «Ер юзида эл кўп, лекин одамдан холи. Ҳар кимга ўзи қилаётган иш хуш кўринади. Одам деб айтса бўладиган бирон кишини кўрмаяпман...» деб жавоб берибди шайх.
 

ЎРТАДА ЎЗИМИЗ ИФЛОСЛАНТИРАЁТГАН ДАРЁ БОР...

Бундан бир неча йиллар олдин жойларда халқнинг дардини эшитадиган  идоралар ташкил қилиниб, барча соҳаларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларга жавоб ва ечим топиш мақсад қилинди. Халқ «энди бизнинг ҳам кўксимизга шамол тегадиган бўлди», деб эрталабдан ўша жойларга бориб оладиган, у ерда узундан узоқ навбатлар пайдо бўладиган бўлди. Кимдир йиғлаб борган дардига даво топди. Кимгадир беш-ўн марта қатнаганидан кейин «даво топдим» деб ёздириб, имзолатиб олинди.
Шундан кейин муаммолар қанчалик камайганини аниқ ҳисоб-китобини билмадигу, лекин ҳозир у жойлардан халқнинг қадами анча қирқилиб қолгани бор гап. Балки одамларни қийнаб келаётган ҳамма муаммолар барҳам топгандир?
Балки...
Аммо, бизнингча, одамлар энди муаммолар ечимига бошқа йўллар билан борадиган бўлди. Ижтимоий тармоқларда ёзиш ёки ўз ҳоли баён қилинган видеомурожаатлар йўллаш кўпайгандан кўпайди. Бундай уринишлар ҳам буткул беиз кетмади. Жабрдийдаларга баъзан виждони уйғониб кетган мансабдорлар, баъзан эса имконияти бор саховатпешалар ёрдам қўлини чўзадиган бўлди. Кўпчиликка фойда берган бу усул ижтимоий тармоқларда ҳозир ҳам жуда урчияпти...
Масаланинг яна бир муҳим томони бор. Ижтимоий тармоқда бир киши дардини айтиб йиғлайди, «атрофи»да минглаб кишилар унинг ҳолатини муҳокама қилади. Тўғрироғи, унинг шундай ҳолатга тушиб қолгани учун айбдорни топиш билан «шуғулланади». «Айбдор» ҳам минг қиёфали афсунгарга ўхшайди. Кимдир қуёшни айбдор деб билса, кимдир бу ишда шамолни айблаб, етти пуштининг гўрига ўтин қалайди. Айб­лаш занжири жаҳлга, сўкиниш-ҳақоратлашга, норозиликка, ҳатто бир ҳовуч кимсаларнинг бош кўтариб майдонга чиқишигача бориб етади.
Бу гапларни ҳамма кўриб-билиб турган эмасми, гап эгасини дарров топиб, эртаси куниёқ масъул мутасаддилар тезкор йиғилиш ўтказишади. Унда соҳанинг барча каттаконларини тўплаб, маъруза қилдирилади. Маърузалар минг йиллик қадриятлар каби ўзгармас матнлардан иборат: мустақилликдан олдинги аянчли аҳвол, истиқлол берган имкониятлар ва сўнгги йилларда эришилаётган улкан ютуқлар кўрсаткичи. Тамом.
Агар уларга бирон шаккокроқ киши бошини кундага қўйиб (ҳа, шундай, улар савол беришни қарши чиқиш деб қабул қилишади): «Куни кеча бўлиб ўтган ҳаммага маълум воқеалар ҳақида нима дея оласиз?» қабилида савол бериб қолса, масъул мутасадди ҳозиргина ўқиб эшиттирган узундан-узоқ маърузасини яна қайта бошдан ўқиб бериши ҳеч ажабланарли эмас. Халқнинг юз-кўзидаги норозилик аломатларини пайқай оладиган ҳушёрроқ раҳбар бўлса, «у воқеани ҳозир ходимларимиз ўрганяпти. Иш охирига етса, албатта маълум қиламиз», дейиш билан чекланади.

Умид билан мажлисга кўз тикканлар фалон соат давом этган мажлисдан бирон жўяли нарса тополмай яна ўзларининг анъанавий йўлида ишни давом эттиришади. Ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифани очиб, «Зулм! Адолатсизлик! Қачонгача?!» деб бошланадиган одатий дийдиё нақоратини куйлашади.

Қарабсизки, бир иш шу йўл билан охирига етказилади.
«Аввало, одам бўл!»
Японияда ўқиб қайтган ўзбек йигитидан сўрадим: «Япон мўъжизасининг сири нимада экан? Япон нимаси билан япон? Шулар билан қизиқиб кўрдингизми?»
Унинг жавоби мени ҳайратлантирди:
«Улар бошланғич таълимда уч-тўрт йил фақат фарзандни одам қилиб тарбиялаш билан шуғулланишаркан... Ҳар бир фарзанд зўр мутахассис бўлишдан олдин албатта ўзининг кимлигини ҳис қилиб яшайдиган уйғоқ виждонли одам бўлиши шарт экан...»
Ҳа-а! Демак, жамиятда турли муаммолар авж олиб кетмаслиги учун унга биринчи навбатда ҳаётдаги ўз ўрнини биладиган, ишига ҳалол ва садоқат билан қарай оладиган виждонли одамлар зарур бўлар экан-да! Биз буни қачон англаб етар эканмиз?..
Биз энг муҳим соҳаларни ҳам турли иллатлардан буткул тозалашнинг уддасидан чиқмаётганимиз, балки у ерда ишлаётган мутахассисларга юқоридаги қатъий талабнинг қўйилмагани билан боғлиқдир?

Балки кутилган ислоҳотларнинг туб негизида жамият олдидаги масъулиятини жонидан ҳам кўпроқ қадрлайдиган софдил ва виждонли мутахассислар тақчиллиги тургандир?..

Эҳтимол, эл-юртнинг катта ишончига нишон бўлган бирон мутасадди ишни биринчи навбатда қўл остидагиларининг чинакам одам қилиб тарбиялашдан бошлаши зарурдир?.. Ўшанда ҳар қандай вазиятда ўзини ва ўзлигини йўқотмайдиган, энг муҳими, сўнгги нафасигача одамлигини сақлаб қола оладиган мутахассислар кўпаяр?
Шахсан мен ҳозирги жамиятда ўтда куймас, сувда чўкмас, «ўз аҳдига содиқ», «касб»ига садоқатлилардан ташкил топган иккита жуда бақувват тизим борлигини биламан. Тўғриси, буни билмайдиган ҳеч ким йўқ. Бири – коррупция, иккинчиси – проституция. Бу икки мустаҳкам тизимга ҳатто ҳар куни минглаб кишилар ҳаётига шиддатли таҳдид солиб турган пандемия ҳам ҳеч қандай қирғин келтира олмаяпти. Шулар бор экан, миллат ва жамиятнинг таназзули учун бошқа иллатларга ҳожат қолмайди. Булар — икки томон  (айрим бошқарувчилар ва бошқарилувчилар)нинг умумий манфаатлари жамланган тизим бўлгани сабабли уни енгиш амри маҳол. Пора билан қўлга тушган ҳоким, орган ходими, ўқитувчи, шифокор ё давлат хизматчиси ҳақидаги хабарларни кунора эшитиб-кўриб турган халқда норозилик ва нафрат ортиб бораверади. Лекин ўша мансабдорларга қинғир ишини ими-жимида битказиб беришини сўраб, порани қўшқўллаб тутқазувчилар ҳам ўзга сайёрадан келганлар эмас. Аммо барибир икки фронтга ажралиб олиб бир-бировни ёмонлаш эстафетаси негадир авж олаверади. Кимдир қайси бир давлат мулозимининг ўз ўрнини бўшатиб қўйиши зарурлигини иддао қилади. Бунга жавобан ўша соҳада олдин халқнинг юзига «шапалоқ» тортиб  юрганлар энди росмана «калтак»ка ўтади.
Ҳаётнинг бу бозорини ҳар куни оралаб шоир айтган «молим ёмон деган кимсани» чиндан ҳам учратолмайсиз…
Баъзан халқнинг дилида занг босиб ётган гаплар бир пайтлар газеталарда ёзила бошлади. Кейин эса «мажбурий обунага йўл қўйилмайди» деган ўта дипломатик йўл билан омманинг газета ўқиши энг охирги даражага тушириб қўйилди. Қизиғи шундаки, ҳамма биладиган бу ҳақиқатни ҳеч қайси йўл билан исбот қилиб бўлмайди.

Кўзгудаги ким?
«Уларга нима етмаяпти ўзи!» – дейди бир томон.
«Бир кишига ўттиз беш миллион» – деган гапга ким ишонади? Шунча пуллар қаерга кетяпти?» – дейди иккинчи томон.
«Нима қилишни ўзим биламан!» – дейди бошқа бир томон.
«Мендан рухсат ололсанг, истага­нинг­ни қилаверасан», – дейди унга жавоб берган томон...
Хуллас, дунёда бошқаларнинг қадами еттинчи осмонга етаётган янги асрда биз икки қутбга бўлиниб олиб, ҳали-ҳамон «ким айбдору ким гуноҳкор» деган мингинчи даражали саволлар билан бандмиз. Ўзимиз қилишимиз зарур бўлган ишнинг эса, нимадан иборатлигини ҳали ҳам илғаб етганимиз йўқ. Кундалик ишимиз бировларнинг хато-камчилигини топиш, бошқаларнинг ишига баҳо бериш, бўлса-бўлмаса, аралашиб муносабат билдириш, ўтганнинг ўроғига, кетганнинг кетмонига тош отиш, шунинг орқасидан ўзимизни қаҳрамон қилиб кўрсатиш бўлди ва бўляпти ҳам.
Шов-шувнинг ортидан қувиш, бирон жойдан шов-шувли гап чиқиб қолса, уни бўяб-бежаб бошқаларга тез етказишни кўпчилик легал ва нолегал касб қилиб олди.
Гўё бу икки тараф ўртасида катта ва ўтиб бўлмас дарё бор. Сувнинг у юзида турганлар бу томонга аямасдан тош, кесак, қўлига илинган ҳар хил ифлослик­ларни тинимсиз улоқтиради. Бу томонда турганлар қоғозга ўраб, қаловини топиб, нариги томонга махсус мосламалар билан «нажосатли шамол» эсдиришади. Юзага келган бундай вазиятдан ҳеч ким фойда кўрмайди. Икки ўртада дарёнинг суви кундан-кунга ифлосланиб, айниб бораверади. Энг қизиғи, ҳар икки томон ҳам ўзлари ифлослантирган шу сувдан ичиб тирикчилик қилишади.
Бундай пайтда лоақал жим туриш ҳам фойдали. Шундай қилган киши ҳеч йўқ ўзига ва дарёга раҳм қилган бўлади.
Шундай кезда «Ҳой, одамлар! Нималар қиляпмиз ўзи? Кўзимизни очайлик! Уйғонайлик! Қилаётган ишларимизга бир назар солайлик!» деб айта оладиган, шундай гаплари билан амалий таъсир ўтказишга қодир бир одамга эҳтиёж туғилади. 
Боязид Бастомий излаб тополмаган, дунёнинг ҳувиллаб қолишига боис бўлган ОДАМ балки ўшадир...

Озод НАЗАР




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар