Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЎЗбекистондаги start up лар

Нега мамлакат бу соҳадаги бор имкониятларини ишга сололмаяпти?

ЎЗбекистондаги   start up лар

Инновациялар замонавий иқтисодиётнинг драйвери ҳисобланади. Ҳаётимизни ўзгартириб юбораётган ҳам шулар. Бежиз эмаски, бугун дунёда конвейрдан чиқаётган маҳсулотдан кўра, креатив ғоя ва ностандарт ечимлар кўпроқ қадрланмоқда. Инновацион тараққиёт сари илдамлаётган мамлакатлар сони эса муттасил равишда ортиб боряпти.

Улар ягона мақсадга интилгани билан, ҳар бирининг ўз йўли ва йўриғи борлигини эслатиб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Масалан, Корея Респуб­ликаси, Исроил, Сингапур, Малайзия инновацион келажак сари илк қадамни стартап экотизимини ривожлантиришдан бошлаган. Стартаперликни ривожлантириш ҳисобига ҳатто Эстония ва Чилига ўхшаш кичкина давлатлар ҳам иқтисодий жиҳатдан юксала олди.
Ўтган йилнинг ўзида Исроилда умумий қиймати 21 миллиард АҚШ долларига тенг 138 та стартап лойиҳаси ғоят даромадли бизнес сифатида инвесторларга сотилган. Жанубий Кореяда эса 30 мингдан ортиқ (!) юқори технологик компания мавжуд. Улардан камида ўнтаси 1 миллиард АҚШ долларига баҳоланган. Ушбу «гигант»лар ўз вақтида стартап сифатида иш бошлагани кишини ҳайратга солади.
Ўзбекистоннинг ҳам омадли стартаплар яратишга қурби етади. Ахир, иқтидорли ёшларимиз талайгина. Бу эса улкан салоҳият демакдир. Аслида-ку аҳоли сони бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик мамлакат стартапларга маблағ тикадиган инвестиция компаниялари, венчур жамғармалари, бизнес-фаришталарни ўзига оҳанрабодек тортиши керак. Амалда ҳам шундай бўлса қани эди. Афсуски, ҳозирча натижалар билан мақтана олмаймиз.
Ўзбекистонда ўзини оқлай олган стартаплар жуда кам. Бори ҳам асосан маҳаллий истеъмол бозорига мўлжалланган. БМТ Тараққиёт дастури мутахассислари олиб борган таҳлилларга кўра, республикада йилига атиги бир неча юзта стартап яратишга ҳаракат қилинмоқда. Таққослаш учун: Жанубий Кореяда тўлақонли бизнес субъектига айланган стартаплар сони 30 мингдан ортиқ, Россияда 20 минг атрофида. Узоқ ўлкаларни қўятурайлик, стартап компаниялар салмоғи ва уларни эрта босқичда молиялаштиришда давлатнинг улуши бўйича ҳатто қўшнилардан ҳам ортда қоляпмиз.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: неча-неча миллион билимдон ёшлари бор Ўзбекистон нега бу бебаҳо ресурсдан ўз равнақи йўлида фойдалана олмаяпти? Стартаплар мамлакатига айланиш учун бизга нима халақит бермоқда? Сабаблар турлича. Бир бошдан таҳлил қилсак.

Катта йўлдаги майда тўсиқлар

Ўзбекистонда узоқ вақтгача яхлит ҳолдаги инновацион экотизим мавжуд эмас эди. Ҳозир ҳам у узуқ-юлуқ аҳволда. Ҳарқалай, охирги йилларда вазият ижобий томонга ўзгараётганини кўриш мумкин. Хусусан, мамлакатда бир қанча янги бизнес-инкубаторлар, акселераторлар, технологик парклар, ҳатто венчур фонди ташкил этилди.

Инновацион ишланмаларни молиялаштириш учун илк бор давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилди. Бироқ стартапларни қўллаб-қувватлашга ушбу маблағнинг фақат бир қисми сарфланмоқда.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги 31 та стартаперга умумий ҳисобда 28,2 миллиард сўм тақдим этди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган Стартап ташаббуслари дастурининг учинчи даври доирасида яна бешта лойиҳага 200 миллион сўм йўналтирилган (жорий йилда мукофот жамғармасини 250 миллион сўмга етказиш кутилмоқда). Қолаверса, Ўзбекистонда биринчи маротаба илм-фан йўналишида «C.A.T. Science Accelerator» акселерация дастури эълон қилиниб, унинг натижаси ўлароқ 20 та стартап компанияга асос солинди. Бу компаниялар жами 20 миллиард сўмдан ортиқ технологик маҳсулот ишлаб чиқарган.
Ўрни келганда бошқа бир муаммоли жиҳатга эътиборингизни қаратсак. Ўзбекистонда ихтисослашган стартап-инкубатор ва акселераторлар йўқ ҳисоби. Айтайлик, «C.A.T. Science Accelerator» фаннинг муайян бир тармоғи эмас, балки бир қанча соҳалари бўйича ишлайди. Ваҳоланки, инновацион тараққиётнинг чўққисига етган Жанубий Корея тажрибаси бундай муассасаларни технопарк, олий ўқув юртлари ёки илмий марказларда очиш айни муддао эканини исботлаган. Шундагина инновацион маҳсулот ва хизматларни реал эҳтиёждан келиб чиқиб яратишга имкон туғилади.

Яхшилари осмондан ёғилмайди

Ўзбекистондаги дастлабки стартаплар ахборот технологиялари билан боғлиқ эди. Баъзилари кейинчалик мустақил компанияларга айланди. Аввалроқ ишга туширилган «UzReport», «UzJobs» сингари веб-сервислар, «MyTaxi»га ўхшаш инновацион хизмат тури фикримизга яққол мисолдир. Ўзбекистонда молиявий технологиялар (финтех) йўналиши ҳам яхши ривожланиб, Paynet, Payme, Click каби миллий тўлов тизимлари тезда оммалашди. Аммо бундай стартаплар аввал-бошданоқ ички бозорга мўлжаллангани боис, мамлакат доирасидан чиқа олгани йўқ. Улар мана энди-энди Марказий Осиё, Болтиқбўйи мамлакатлари, Миср, Эрон бозорини ўрганиб, кенгайишга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистонлик дастурчилар томонидан ишлаб чиқилиб, жаҳонга машҳур «Amazon» компаниясига 580 миллион АҚШ долларига сотилган логистика йўналишидаги сайт глобал миқёсда эътироф этилган энг омадли стартапларимиздан бири ҳисобланади. Афсуски, охирги пайтларда бундай феноменал ҳолатлар ҳақида эшитмай қўйдик.
Омадли стартаплар мамлакатнинг инновацион салоҳиятини ошириш баробарида тараққиётини ҳам тезлаштиради. Исроил тажрибасини олайлик. Бир вақтлар бу мамлакатнинг ёш дастурчилари ISQ мессенжери орқали бутун дунёга машҳур бўлиб кетганди. Лойиҳа ташқи сармоядорларга 1 миллиард АҚШ долларига сотилган. Шундан сўнг исроилликлар ёппасига IT соҳасига қизиқа бош­лади. Ҳозир Исроилдаги барча таълим муассасаларида стартап лойиҳалар яратиш бўйича махсус курслар ўтилмоқда.

Ўзбекистон ёшларига ҳам инновацион фикрлаш, тадбиркорлик ва маркетинг асосларини мактабдан ўргатиш лозим. Бу, авваламбор, таълим тизимини жиддий ислоҳ қилишни тақозо этади.

Ахир, яхши стартаплар осмондан ёғилмайди-ку. Юртимизда креатив ғоялар билан жўшиб турган ўғил-қизлар талайгина. Лекин ғоянинг ўзи ҳали тайёр маҳсулот дегани эмас. У аниқ шакл-шамойилга келмагунича харидоргир бўлолмайди. Шу нуқтаи назардан стартапчиларимизга услубий кўмак — малакали мутахассисларнинг маҳорат сабоқлари, хорижий экспертлар билан мулоқот эркинлиги, содда ҳамда тушунарли тилда ёзилган қўлланмалар сув ва ҳаводек зарур.
Юртимизда стартаперларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бизнес инкубаторлар, акселераторлар, коворкинг марказлари, технопаркларнинг сони тобора ортмоқда. Бундай муассасалар, табиийки, асосан пойтахтда жойлашган. Туманлардаги инфратузилма эса анчайин абгор аҳволда эканидан кўз юма олмаймиз. Шу боис қишлоқ ёшларини инновацион фаолиятга жалб этиш борасида оқсоқликлар юзага келяпти.
Ҳарқалай, муаммони бартараф этиш юзасидан амалий ҳаракатлар бошланган. Хусусан, яқин йиллар ичида республиканинг ҳар бир ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида Ёшлар инновация марказлари ва технопарклари барпо этилади. Жорий йилнинг май ойида Андижонда ахборот технологияларига доир стартаплар ва инновацион маҳсулотларни яратишга ихтисослашган «Рақамли шаҳар» технопарки, шунингдек, Бухоро ва Гулистон шаҳарларида IT-парклар ишга туширилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар давомли экани, бир манзилда тўхтаб қолмаётгани кишини қувонтиради. 

Бизнес ҳали тайёр эмас...ми?

Давлат миқёсида кўрилаётган чора-тадбирга қарамай, Ўзбекистон шароитида стартаперлик фаолиятини молиялаштириш ҳамон муаммолигича қолмоқда. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Статистика бўйича ҳар ўнта стартапдан фақат биттаси «яшаб қолади». Салкам 70 фоиз ҳолатда лойиҳага тикилган маблағ сармоядорга қайтмаслиги ҳам тажрибада исботланган. Риск даражаси юқори бўлгани туфайли стартап учун инвестор топиш, масалан, бизнес-фаришта (стартап­ларни дастлабки босқичда молиялаштирадиган тадбиркор) ёки венчур жамғармаларининг маблағларини жалб қилиш ниҳоятда мушкул. Натижада стартапчиларимиз энди тетапоя қадам ташлаётганида — ташқаридан ёрдамга муҳтож бўлиб турган энг оғир дамда ёлғизланиб қолмоқда.
Яна бир гап. Стартап «яшаб қолиши» учун бир марталик молиявий кўмак етарли эмас. Лойиҳани кейинги босқичларда ҳам қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Бир миллиард доллар даромад топадиган стартап компаниялар бундай натижага осон эришган дейсизми?! Йўқ, албатта. Улар ҳам ўз вақтида қўшимча сармояга эҳтиёж сезган, изланишдан тўхтамаган, бизнесини ривожлантириш учун бошқа манбалардан маблағ жалб қилган. Бу жиҳатдан ўзбекистонлик стартапчиларга анча қийин. Сабаби риск даражаси юқорилиги боис, юртимиздаги тадбиркорлар инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашдан ҳайиқади. Йирик давлат корхоналари-ку бундан умуман манфаатдор эмас. 
АҚШнинг нуфузли тадқиқот компанияси — «CB Insights» таҳлилларига кўра, стартапларнинг салкам ярми бозорни яхши ўрганмагани учун касодга учрамоқда. Иккинчи муаммо маб­лағ топиш билан боғлиқ. Шундай экан, стартап дастлабки босқичдан муваффақиятли ўтган тақдирда ҳам, кейинги яшаш фазаларида айнан молиявий қийинчиликлар туфайли омадсизликка учрамаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Ўзбекистонда инновацияларни жорий этиш учун масъул идора ва ташкилотлар масаланинг мана шу томонига ҳам эътибор қаратишини хоҳлардик.
Мамлакатимизда стартапларни қўллаб-қувватлашга тайёр сармоядорлар кўп эмас. Аксарияти «куйиб қолиш»дан қўрқади. Лекин бундай эҳтиёткорлик ортида бошқа мотивация ҳам яширинган. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра, форс-мажор ҳолатда тадбиркор йўқотилган маблағни ўз ҳисобидан шунчаки чиқаролмайди. У ҳар бир сўм қаерга кетганини асослаб бериши керак. Энди тасаввур қилинг, стартап лойиҳаси барбод бўлди. Натижа — ноль. Шунча ҳаракат ва сармоя кулга айланган. Лекин тадбиркор буни мутасадди органларга қандай тушунтириб беради?! Ҳеч қандай. Чунки у тиккан маблағ эвазига ҳеч нарсага эришилмаган. Бундай вазиятда қонун тадбиркорни ҳимоя қилиши керак. Акс ҳолда, бизнес доираларда стартапларга хайрихоҳликни уйғотолмаймиз.

«Йўқ жойдан натижа чиқаришга уриняпмиз...»

— Ҳукумат тадбиркорларнинг таваккал қилиши учун қонуний асос ҳамда дастлабки молиявий кўмак манбаларини яратиб бериши зарур, — дейди инновациялар соҳасида малакали эксперт, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси ёшлар тадбиркорлигига кўмаклашиш йўналиши менежери Усмон РАҲИМЖОНОВ. — Шунда ёшларда иштиёқ сўнмайди, стартаплар кўпаяди ва энг яхшилари юзага чиқади. Дунё тажрибасидан маълумки, инновацион экотизимни яратишда административ ресурс бирламчи роль ўйнайди. Шундай пайтда давлат новаторларимизга елка тутиб бермаса, экотизимнинг барча ҳалқалари бир занжирга уланиши учун ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан кўмаклашмаса, ўсиш ва ўзгариш ҳақида гапириш бефойда. Бизда корпоратив акселераторлар, корпоратив венчур фондлари ҳали-бери пайдо бўлмайди. Чунки бизнес бунга тайёр эмас! Умумий ёндашув билан эса натижага эришиб бўлмайди.
Жанубий Корея, Исроил, Финляндия, Болтиқбўйи мамлакатлари ҳам ўз вақтида инновацион тараққиёт йўлида кўп тўсиқларни енгиб ўтган. Ҳозир улар халқаро рейтингда етакчи позицияларни эгалламоқда. Ёш авлод вакиллари эса олийгоҳни тамомламай турибоқ миллиардга баҳоланадиган стартаплар яратиб, йирик компанияларга асос солмоқда. Нима, Ўзбекис­тон ёшларининг қўлидан келмайди дейсизми? Келганда қандоқ! Фақат бошланғич даврда уларни қўллаб-қувватлаш керак.
— Бунга давлат масъулми?
— Кўп жиҳатдан ҳа. Биласизми, стартапер шахсий ҳаёти, оиласи, бўш вақти, ҳаловати ва соғлиғидан кечиб, эртаю кеч тиним билмай ишлайди. Лекин натижаси нима билан якунланиши ўзига ҳам номаълум. Бундай рискка ё ўта иштиёқманд инсонлар, ёки таваккал қилишдан қўрқмайдиган ёшлар бориши мумкин. Афсуски, дастлабки босқичда уларга деярли ҳеч ким ёрдам бермайди. Мана шундай пайт­да давлатнинг молиявий қўллови ниҳоятда зарур.
— Ҳадеб юқоридан мадад кутавериш бизнеснинг ялқовланиб қолишига олиб келмайдими?
— Таъкидингиз ўринли. Аслида стартапларга буюртмани ишбилармон доиралар шакллантиради. Хорижда ўнлаб инвестиция компаниялари, бизнес-фаришталар фаолият юритмоқда. Аммо Ўзбекистон шароитида бу ҳақда гапириш ҳали эрта. Сабаби тадбиркорларимиз келажаги мавҳум лойиҳаларга сармоя киритишни хоҳламайди. Шу боис асосий юк давлатнинг елкасига тушган. Юртимизда хорижий ҳамкорлар иштирокида венчур фондлари, бир қанча миллий инвестиция компаниялари тузилди. Бироқ инновацион бизнесда ҳукумат ташаббусни ҳадеб ўз қўлига олиши нотўғри. Бу билан у четда томошабин бўлиб турсин демоқчи эмасман. Аксинча, дастлабки босқичда стартапер айнан давлатнинг кўмаги ва ишончига эҳтиёж сезади. Зарурат туғилганда унга елка тутиб бериш, услубий ва молиявий ёрдам кўрсатиш, ғайратини сўндирмаслик керак.
АҚШ, Европа, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ҳозирги даражага осонликча эришди, деб ўйлайсизми? Йўқ. Улар ҳам не-не машаққатларни бошдан кечирган. Қаердаки юксалиш, ривожланиш бўлса, билингки, ўша жойда кимдир тинимсиз меҳнат қилиб, ўзини қурбон қиляпти. Хитойликларни қаранг, роботдан ҳам қаттиқ ишлайди. Биз табиатимизга мана шу сифатни сингдиришимиз зарур. Бугун тараққиёт йўлида жонни жабборга бериб ҳаракат қилмасак, эртага панд еб қоламиз.
— Ҳал қилувчи паллада ёшлар ҳам ўз сўзини айтиши керакдир, эҳтимол.
— Албатта! Ҳозир кўп нарса ёшларга боғлиқ. Юртимизда «Digital generation», «IT-nation», «Digital girls», «IT-generation» каби лойиҳалар амалга оширилаётганидан хурсандман. Чунки улар ёш авлодни ахборот технологияларига ошно этади. Йигит-қизларда дастурий таъминот, компьютер инжиниринги каби соҳаларга қизиқиш юз, минг чандон ортиши зарур. Давлатимиз раҳбари яқин истиқболда Ўзбекистонда 1 миллионта дастурчини тайёрлаш вазифасини кўндаланг қўйгани ҳам бежиз эмас.
Афсуски, мазкур йўналишда таълим берадиган олий ўқув юртларимиз кам. Борлари ҳам асосан пойтахтда жойлашган. Натижада вилоятлардаги аксарият ёшлар ўзини қаерга уришни билмайди. Ишончим комил, уларга замонавий таълим олиб, иқтидорини намоён этиши учун кенгроқ имконият яратилса, Ўзбекистондан ҳам Билл Гейтслар етишиб чиқади.
Ҳарқалай, Президент парламентга қилган мурожаатномасида таълим ва фанни ижобий ўзгаришлар кутаётганини таъкидлади. Хусусан, нав­батдаги ўқув йилида олий таълимга қамровни 25 фоизга етказиш, давлат грантларини эса икки бараварга ошириш кўзда тутилган. Қолаверса, ҳудудларда Тошкентдаги каби барча қулайликларга эга IT-парклар қурилади. Бу жуда тўғри сиёсат, менимча. Чунки ахборот технологиялари бўйича салоҳиятимиз анча юқори. Ўзбекистонда нафақат дастурчилар ва маҳаллий IT-компанияларини кўпайтириш, балки соҳага доир аутсорсинг хизматлар ҳажмини ошириш ҳам зарур. Айни дамда 70 фоиз кучни аутсорсингга ташлаган маъқул. Киши бошига 10 доллар эмас, 50, 100 долларлик дастурий маҳсулотни четга сотайлик. Дастурчиларимиз жаҳондаги «ўйин қоидалари»ни ўрганиб, етарли тажриба орттирганидан кейин халқаро рақобатга дош берадиган янги стартаплар ярата бошлайди. Стартапларимиз кўпайиб, дунё бозорига чиқишимиз осонлашади. Ҳозир эса ҳар қанча уринмайлик, йўқ жойдан натижа чиқариш жуда қийин.
— Инновацияни фақат ўзимиз қилишимиз шарт эмас-ку. Баъзи ишланмаларни четдан сотиб олса ҳам бўлади. Сиз бунга нима дейсиз?
— Жуда тўғри фикр. Хитойни олинг. У кўплаб муваффақиятли стартапларни ўзлаштириш ҳисобига иқтисодиётини юксалтириб, жаҳоннинг технологик хабига айланяпти. «Huawеi» ҳам таг-туги билан четдан сотиб олинган бизнес аслида. Тўғри, бизда бутун бошли корпорацияларга етадиган маблағ йўқ. Шунга қарамай, тажрибали инвесторларни жалб қилиш орқали Ўзбекистонда стартап маданиятини шакллантириш мумкин. Очиғи, нега шу пайтгача мамлакатимизга стартаплардан ўсиб чиққан жаҳонга машҳур «Uber», « AliExpress» каби компаниялар кириб келмаганига ҳайронман.
Менимча, айни дамда манаман деган катта технологик компанияларга кадрлар етказиб бериш, уларнинг ишланмалари ҳамда тадқиқот марказларини юртимизга жалб қилиш ва шу аснода жаҳондаги молиявий гигантлар яратаётган киймат занжирида иштирок этишга ҳаракат қилишимиз зарур.
— 2020 йилда «инновациялар фронти»да сезиларли ўзгаришлар рўй беришига ишонасизми?
— Ҳа. Сабаби бу соҳадаги ислоҳотлар ортга қайтмас динамикага кириб бўлди. Энди Президент ҳукуматдан натижани талаб қила бошлайди. Афсуски, ҳозир вазирлик ва идораларда инновациялар бўйича умумий қараш ва ёндашув шаклланмаган. Бир ёқадан бош чиқарилмаяпти.
Юртимизда «Рақамли Ўзбекистон — 2030» дастурини қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Лекин унинг доирасида ўз истиқболли режа-мақсадларини белгилаб олиб, реал натижага интилаётган давлат ташкилотлари қанча? Масалан, илм-фан ёки соғлиқни сақлаш тизими олдига қандай стратегик вазифа қўйилган? Бундай фаолиятни ким назорат қилади, самарадорлигини ким баҳолайди? Ваколатли органнинг ўзи йўқ-ку!
Аввалги парламент мазкур йўналишда жуда суст ишлади. Бугун Президент ушбу масалани қайта кўтариб, «рақамли иқтисодиёт»га фаол ўтиш келгуси беш йилда давлат олдидаги энг устувор вазифалардан бири бўлишини таъкидламоқда.
Юртимизда инновацион экотизим эртами-кечми барибир шаклланади. Бироқ уни йўналишларга бўлиб олиш, соҳавий акселерация дастурларини йўлга қўйиш, уларни мустақил равишда ривожлантириш жуда муҳим. Умумий ёндашув билан натижага эришиб бўлмайди.

Наргиза УМАРОВА




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар