«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилРастага «39 000 сўм» деб ёзиб қўйиш муаммони ҳал этмайди
Кимдир эътибор берди, кимдир бермади шу кунларда пойтахтда ва айрим вилоятларда гўштнинг нархи сезиларли ошди. Тошкентдаги бозорларнинг гўшт расталарида охирги бир ой билан солиштирганда, бир килограмм мол гўшти камида 3-4 минг сўмга, супермаркету бошқа озиқ-овқат дўконларида эса беш минг сўмгача қимматлаганини сезган бўлсангиз керак.
Аслида гўштнинг нархи озиқ-овқатлару бошқа жуда кўп нарсаларнинг баҳосига таъсир қилади. Бирор нарсанинг нархи ҳақида гап кетса, «Ҳозир бир килограмм гўшт қанча эканини биласизми ўзи?» деган эътирозларни эшитиб қоламиз баъзида. Дарҳақиқат, гўшт аҳолининг энг зарур озиқ-овқатлари рўйхатида туради. Унинг нархидаги озгина ўзгариш ҳам одамларнинг турмуш тарзига таъсир ўтказмай қолмайди.
Хўш, халқимиз шундоқ ҳам карантин қамалидан чўнтаги юпқариб чиққан бир вақтда гўшт нархининг ошишига нима сабаб бўлмоқда? Мол қимматладими ёки молнинг озуқаси нархи кўтарилдими? Балки қассоблар нархни юқорилатиб олишаётгандир?.. Хуллас, тахминларни санасак минг битта чиқар. Ундан кўра, келинг бир бошдан, ақлимиз етганича таҳлил қилиб кўрайлик.
Илгарилари ҳам гўшт нархининг ваҳимаси кўтарилганида мутасаддилар томонидан «ўзига хос» чоралар жорий этилган эди. Комиссия ва назоратчилар сони кўпайтирилган, ҳар бир гўшт растаси тепасига биттадан назоратчи қўйилиб, «фалон сўмдан зиёд сотмайсан» деб туришган пайтлар бўлди. Ҳар растага «39 000 сўм» деган қоғоз ёпиштириб қўйилиб, ҳокимлар қўққисдан гўшт расталарига «бостириб» бориши ҳам бир урфга кирди. Хўш, шу билан муаммо ечилдими? Асло йўқ! Аксинча, мол семиртириб сотадиган чорвадор бозорга бормай турди, айрим қассоблар вақтинчалик фаолиятини тўхтатди. Фақат айрим фермерлар «бошқа жойдан чиқариб оларман», деган умидда, ҳокимлар ҳаққи-ҳурмати 5-6 тадан молини яхшигина зарарига сотди.
Аслида ҳам гўшт нархини бу тарзда «мажбурий ушлаб туриш»нинг умуман иложи ҳам, имкони ҳам йўқлигини, муаммо илдизини эмас, «хўжакўрсин» учун ҳал этишга уринишаётганини ўша мутасаддиларнинг ўзлари ҳам яхши билашарди. Лекин бу иш шунчаки кўзбўямачилик эканини ҳеч ким тан олгиси келмас эди.
Хуллас, бу вариант ўзини оқламади.
Жаноб мутасаддилар, бугун гўшт нархи ошаётган экан, мабодо яна ўша эскича усул билан муаммони ҳал этишга уринманг. Ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам қийнаманг.
Гўшт нархининг қимматлашиши, аввало, ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг ошиши, яъни аҳоли сони кўпайиб бориши, маҳсулот етиштиришда эса тобора пасайиш кузатилаётгани билан бевосита боғлиқ. Тўғри, аксарият ҳолларда гўшт нархи ошиши чорва учун озуқа маҳсулотлари – ем-хашак баҳосининг қимматлиги билан боғланади. Бироқ сўнгги вақтларда ем-хашак нархида «катта сакраш» кузатилгани йўқ. Демак, нархнинг сўнгги кўтарилиши сабабини бошқа омиллардан излаш керак.
– Сўнгги ойларда бир килограмм гўшт қарийб беш минг сўмгача ошгани рост, – дейди ургутлик тажрибали қассоб Ҳасан ака. – Ем-хашак нархи майлику-я, бироқ сўйиладиган молни топишнинг ўзи муаммо бўлиб қолди ҳозир. Хонадонига бир-икки бош қорамол бойлаган рўзғорлар тобора камайиб кетяпти. Катта қишлоқда саноқли ҳовлидагина қорамол бор холос, илгари аксинча, моли йўқ рўзғор саноқли эди. Мол боқиш нега камайган дейсизми? Эҳ-ҳе... бунинг ғалваси кўп. Биринчидан молини далага чиқара олмайди, бир қарич уватни ҳам фермер эгаллаган. Ётиб еганга тоғ чидармиди. Битта ҳўкиз сўқимга боқилса, тайёр бўлишига қарийб икки йил керак, бунинг ўзи бўлмайди...
Пойтахтдаги гўшт дўконларидан нарх ҳақида суриштирганимизда ҳам маҳсулотнинг камлиги, айниқса сўқимга боқилган, семиз молни топиш қийин кечаётганини айтишди.
Ҳа, бизнингча муаммонинг илдизи мана шу ерда. Йилдан йилга аҳоли қанчага ошиб бораётгани ҳаммамизга маълум. Бир вақтлардаги катта-катта чорва фермалари эса фермерлик ҳаракати бошланган вақтдаёқ ўзлаштирилиб, кимларнингдир ҳалқумида аллақачон ҳал бўлиб кетган. Хонадонларда мол боқишга қизиқиш ҳам, эътибор ҳам тобора пасаймоқда. Сабаби – мол боқиш учун рағбатнинг ўзи йўқ. «Фалонча эътибору рағбат бериляпти-ку» дейишга шошилмайлик. Натижа бермаяптими, демак бундан кўпчилик ё бутунлай бехабар, ё бу етарли эмас.
Чорва боқиш учун қанча-қанча имтиёзли кредитлар ажратилди, дейишингиз мумкин. Шу ўринда юқорида бизга интервью берган қассоб Ҳасан ака айтиб берган бир воқеани келтирсак: «Йилига сўйиш учун 3-4 та ёш буқача олиб боқаман. Мол боқиш учун имтиёзли кредит бериляпти экан, деган гаплар чиққан пайт эди. Узоқроқ бир танишим икки кишини етаклаб келиб қолди. Шу тўртта буқачани «аренда»га бериб турсангиз. Эвазига бир ойлик емини берамиз дейишди. Ем учун эмас, ўша танишнинг юз-кўзи учун бервордим. Айтилган вақтда қайтариб бериб кетишди. Очиғи ҳайрон қолдим. Кейинроқ ўша танишимдан сўрасам, ўша одамлар банкда ишлашини, буқачаларни боқиш учун, деб кредит расмийлаштириб олишганини айтди...»
Мана, сизга ҳақиқий аҳвол. Бу ёқда ҳатто Президентнинг ўзи одамлар чорва боқсин, уларга имконият яратайлик, деб жон куйдиради, бу ёқда эса «уддабурон»лар чорва учун имтиёзли кредитларни осонгина жиғилдонига уради. Ҳисоботларда эса ҳаммаси жойида – фалон триллион кредит чорва учун мақсадли ажратилган. Керак бўлса текшириб кўринг, чорванинг расмларигача турибди...
Мана шунақа кўзбўямачиликлар давом этаверар экан, чорва боқиш учун одамларда рағбат ва эътибор ортишидан умид қилиш булутсиз осмондан ёмғир кутишдан бошқа нарса эмас. Гўшт нархи тушиши учун аввало чорва кўпайиши керак. Чорва кўпайиши эса чорва боқишга бўлган рағбатга, шарт-шароитга боғлиқ.
Бир сўз билан айтганда, чорвачиликни ривожлантиришга масъул бўлган мутасадди ташкилотлар бу борада амалий чораларни кўрган ҳолда, муаммонинг асл сабабини аниқлаб, уни ҳал этиш учун ҳаракат қилмас экан расталарда гўштнинг нархи кундан-кунга ошиб бориши кузатилаверади. Гўшт истеъмоли эса халқнинг турмуш тарзи, саломатлиги, генофонди яхшиланиши билан бевосита боғлиқ масала эканини унутмасак бас.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил